Насроний атиргули (5-қисм)

  • 15 сентябрь 2019, 16:32
  • 779
  • Жамият
  • Насроний атиргули (5-қисм)
    Ислом динидан бехабар ота-онамнинг бу ҳолатимни нега қабул қилолмаётганини тушунолмасдим. Улар беш-ўн дақиқа турган жойларида музлаб қолишди. Кейин онам тилга кирди:
    – Яъни насроний бўлдингми?
    – Сиз билган маънода насроний эмасман. Насронийлар Исони маъбудга айлантиришди. Биз бироз замонавийроқмиз. Бироз ҳаққонийроқ. Иегова истаган шаклда, яъни ҳақиқий насроний бизмиз...
    – Яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалламни инкор этасанми?

    Ҳар томоним гўёки нафрат ва алам девори билан ўралгандай эди. Шундай руҳиятда тағин қандай қилиб қуруққина, бемалол жавоб берган эканман:
    – Ҳа. Мен уни инкор этаман.

    Онам кутилмаганда устимга бостириб келди:
    – Сени ўлдираман!

    Онамнинг бу муносабатидан ҳайратга тушдим. Кўзларига тик қараб сўрадим:
    – Ҳа, она, тинчликми? Сиз ҳам Муҳаммадни яхши кўрасизми? Нега буни аввал билмасдим?

    Илк бор онам менга эътибор бераётганди. У ҳам асабийликдан юзага келган эътибор эди. Қанча давом этиши мумкин?!
    Улар менинг ўзгарганимга, мен эса уларнинг ўзгаришимга муносабатига ҳайрон қолдим. Отам машинага ўтираётиб шундай деди:
    – Шундай бўлиши аниқ эди. Қизнинг ёлғиз ўзини икки қариянинг ёнига ташлаб қўйдик, шундай бўлди. Мусулмон ҳолатда қўйиб келган қизимиз насроний бўлиб қайтди.

    Ҳайратимга ҳайрат қўшилаётганди.
    – Тавба, тавба! Ота мен қачон мусулмон эдим? Мен мусулмонман деганимни ҳам, сизнинг айтганингизни ҳам эслолмайман. Сиз Ислом учун нима қилдингиз? Менга нима ўргатдингиз? Ўзингиз Исломни қанчалик танийсиз? Менга айта оласизми?

    Ҳайратдан ўзини йўқотаёзган онам шундай жавоб берди:
    – Ўргатмаганмидик? Сен бизни кофир демоқчимисан? Мен Аллоҳимга, Қуръонимга, байроғимга жонимни бераман! Мен Аллоҳнинг буйруқларини бажариб келганман. Ёлғонми? Ўзинг айт, ҳар йили қурбонлик сўймаймизми?

    Кулимсираб қўявердим. Менга берилган илм шуни тақозо қиларди. Мени Иегова шоҳиди қилган ҳамширам ва биродарларимдан олган талқинларимга кўра, ота-онамга яхши муомала қилишим керак эди. Мен яхши муомала қилсам-у, улар мени бақириб-чақириб, уришишса, Исонинг мўъжизаси рўй берган бўларди. Ҳатто калтакланишимиз, уйимиздан ҳайдалишимиз биз учун шараф эди. Исонинг буйруғида қанча босим кўрсак, қанчалик азоб тортсак, шунчалик яхши шоҳидлар бўлишимизга далиллар бор эди. Динини ўзгартирган, кейин шоҳидлардан бўлган дўстларимни эслайман. Оиласи босим ўтказгани сари Инжилга янада кучлироқ боғланишарди. Исонинг мўъжизаси унга тасалли беришига ишонишарди.

    Филиз дегани бор эди. Яқиндан танирдим. У ҳам шоҳидлардан бўлган, энди далага ҳам чиқарди. Лекин акаси “Сен қандай қилиб Иегова шоҳиди бўлдинг?” деб уни дўппослаб, касалхонага туширганди. Шунча кўп калтак еганига қарaмай, қувончдан терисига сиғмасди. Босимга учрагани сари имони ортардир. Унга ҳавас қилгандим. Кошки мен ҳам шунақа босимларга учрасам, лекин менинг оилам аралашмайди, дердим. Энди тушундимки, оилам мени ўз ҳолимга қўймайди, балки дўппослашдан ҳам тап тортишмасди. Мен ҳам Иегова учун, Исо учун азоб тортиб, бахтли бўлсам дердим.

    Менга бу фикрни қандай сингдиришган эди? Мени бундай ўй-хаёлларга қандай итқитишганди? Ҳеч тушунолмасдим. Уч йилда игна билан қудуқ қазигандек, мендаги бутун эътиқодни тозалаб, ўрнига ўз эътиқодларини ва хулқларини сидқидилдан жойлаштиришганди. Шундай чин кўнгилдан муомала қилишардики, гўёки меҳрибон онадек, худди улар фаришта эди. Жаҳл-ғазаб нималигини билишмасди. Инсоний хусусиятлар уларда мужассам эди. Ёки шундай кўринишарди. Шундайми-йўқми, нима аҳамияти бор, менга нисбатан шундай эдилар, муҳими шу эди. Ҳар бири хатти-ҳаракати билан мукаммал инсонни кўрсатар эди. Худди эркаклари Исо, аёллари Биби Марям эди. Сеҳрлангандим. Ғамхўрликка муҳтож эдим, меҳрга чанқоқ эдим. Улар менинг чанқоғимни қондирарди.

    Хўш, мусулмонлар нима қиларди?

    Энди бу саволни бермай қўяверай. Чунки мен Иегова шоҳиди бўлгунимгача менга ғамхўрлик қилган бирор мусулмонга дуч келмадим. Маҳалламизда яшайдиган бир диндорни танийман. Неча марта ёнидан ўтдим, менга салом ҳам бермади. Баъзан ўқишга бориб-келишда эътибор берадиганлари ҳам бор эди, лекин Иегова шоҳидлари каби ҳар доим, донишмандлик билан, ҳақиқатни шошилмай тушунтиролмасди. Тўғриси, мен кўрган мусулмонлар Иегова шоҳидларидек онгимда инқилоб қиладиган даражада из қолдирмаган. Фақат хатоларимни юзимга солар, шу билан ўз вазифасини бажарган ҳисобланарди. Менга йўлиқмаган илмли мусулмонлар ҳам бор эди, албатта. Лекин мен уларни танимасдим. Устига-устак, уларнинг менга фойдаси ҳам тегмаганди.
    Амина Шенликўғлу
    Таржимон: Умида Адизова

    Манба: Azon.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Насроний атиргули (5-қисм)