Отабек Маҳкамов нима сабабдан “бефаросат” сўзини кўп ишлатади?

Фото: Видеодан кадр
Отабек Маҳкамов “Ўзимизнинг гап” кўрсатувида меҳмон бўлиб, ижтимоий тармоқлардаги видеолари ҳақида қизиқарли фикрлар билдирди. Суҳбат давомида бошловчи Ферузабону унинг контентида кўп ишлатиладиган “бефаросат” сўзига алоҳида тўхталди.
Бошловчи шундай савол берди: “Видеоларингизни кўпинча одамлар гавжум жойларда — кўчада, тўйда ва бошқа масканларда тасвирга оласиз. Кимдир олдингиздан югуриб ўтиб кетса, 'бефаросат' дейсиз. Бунга нима сабаб?”
Саволга жавобан Маҳкамов бу фикрни бироз инкор этди. Унинг айтишича, у видеоларни имкон қадар четроқ, одамлар кам бўладиган жойларда олишга ҳаракат қилади. Ҳатто суратга олиш жараёнида ёрдамчиларини ҳам қўйиб, одамларни мулойимлик билан четроқдан ўтишни сўрашади.
“Шунга қарамай, айримлар барибир ўтиб кетади. Шундай вазиятда нима дейишим керак — 'баракалла' дейишим керакми? Албатта йўқ. Шунинг учун 'бефаросат' дейман”, — дея изоҳ берди у.
Мазкур фикр ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинди. Изоҳларда фойдаланувчиларнинг катта қисми Маҳкамовнинг позициясини қўллаб-қувватлаб, видео олиш жараёнига ҳурмат билан ёндашиш кераклигини таъкидлади.