date

Самарқандда суннат амалиёти фожиали якунланди: икки бола вафот этди

Самарқандда суннат амалиёти фожиали якунланди: икки бола вафот этди

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида юз берган оғир ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди. Туман тиббиёт бирлашмасида суннат амалиётидан сўнг икки нафар вояга етмаган боланинг вафот этгани қайд этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, биринчи ҳолат 2021 йилда туғилган болага тегишли бўлиб, у 22 март куни туман тиббиёт бирлашмасида суннат қилинган. Бироқ жарроҳлик амалиёти тўлиқ ва тўғри бажарилмагани сабабли, боланинг соғлиғи оғирлашган ва у 27 март куни жонлантириш бўлимида вафот этган.

Марҳум боланинг яқинлари ушбу ҳолат юзасидан шифокорлар фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилишини ва айбдорларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишини талаб қилган.

Иккинчи фожиали ҳолат эса 3 апрель куни “Йўғонтепа” маҳалласида яшовчи 2024 йилда туғилган яна бир болага нисбатан амалга оширилган суннат амалиёти билан боғлиқ. У ҳам туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан операция қилинган, бироқ кейинчалик соғлиғи ёмонлашиб, 8 апрель куни жонлантириш бўлимида вафот этган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ўтказилган дастлабки терговга қадар текширув давомида зарур экспертиза ва процессуал ҳаракатлар амалга оширилган. Жумладан, воқеа жойини ўрганиш, тиббий ҳужжатларни текшириш ҳамда бошқа тергов тадбирлари белгиланган тартибда олиб борилган.

Натижада, 2 май куни Иштихон туман прокуратураси томонидан ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 116-моддаси — касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда иш юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Расмий идоралар якуний хулосалар ва ҳуқуқий баҳо тергов натижаларига кўра берилишини билдирган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда суннат амалиёти фожиали якунланди: икки бола вафот этди