12:13 / 19.10.2019
2 013

Қай бири муҳим: муаммони кўтаришми ёки ўзимизни мақташ?

Қай бири муҳим: муаммони кўтаришми ёки ўзимизни мақташ?
Кеча “Ўзбекистон” телеканали орқали намойиш қилинган “Муносабат” кўрсатувида иштирок этган божхона ходими“Кўпроқ божхона ҳақида” каналида ўз мулоҳазаларини эълон қилди. Унда хорижга чиқаётган юртдошларимизнинг ўзини тутиши, ҳулқ-атвори ва мардикор аёллар муаммоси кўтарилди. Ҳақиқатан, долзарб мавзу!

Экспертлардан бири ҳажга бориб келган инсон сифатида ҳаж мавсумида, Канадада яшаётган ўзбекистонлик эса самолёт бортларида юртдошларимизнинг савиясини аниқ мисоллар билан очиб ташлади.

Аэропортларда, вокзалларда, чегара-божхона постларида оддий навбатда туриш маданиятининг ўзи йўқ. Ур-йиқит, талашларга кўзимиз ўрганиб қолган. Божхоначининг нигоҳи билан айтсам, айрим шахслар божхона қоидаларига тупуриб қўйган.

Ҳуқуқий нигилизм, ҳуқуқий жоҳиллик шу қадар авжига чиққан-ки, божхона тартиботларини бузаётганлигини била туриб, ошкора тан олишмайди, қайтангга ўзларининг шу ҳолатини видео тасвирларга олиб, Интернет узра тарқатиб юборишади. Бу билан гўёки ўзларидан жабрдийда ясашади.

Тасаввур қилинг, божхоначилар молимизни ўтказмаяпти деб нолиган аёл 8 ойда 32 маротаба Истанбулга бориб келган бўлади . Тан олайлик, тижоратчими – тижоратчи! Хўш, нега унда божхонада унинг товарлари шахсий фойдаланиш учун олиб келинаётган товарлар деб қабул қилиниши ва божхона тўловларидан озод қилиниши керак? Ахир, божхона тўловлари ойлик маош, стипендия, пенсия сифатида халқимизнинг чўнтагига киради-ку!

Чўнтагида, сумкасида, соч турмагида тилла тақинчоқларни яшириб ўтишга уринишларга кўникдик, бунга чидаш мумкиндир. Майли ички органларига, бор ана оғзида бекитиб ўтганига чидаш мумкиндир. Аммо ўзбек аёли жинсий аъзосига бекитиб ўтса, қандай чидайсиз? Ўзбек эркаги орқасига тиқиб ўтса, қандай чидайсиз?

Хуллас, муҳокамалар авжига чиққан маҳал ток-шоуда иштирок этаётган депутат (ХДПдан сайланган) умумий гапларни чайнашни бошлади, муаммони бартараф этиш учун оиладан, мактабдан бошлашимиз керак қабилидаги “дежурный” гаплар... Якунда эса кўрсатувни қанчадан-қанча томошабинлар кўряпти, уларнинг назарида сизлар 33 млн.лик халқимиз ҳақида салбий қарашларни шакллантиряпсизлар деб хавотир билдирди ва биз нақадар буюк халқ эканлигимизни алқай бошлади.

Савол: Қўлингизга бирон яра чиқди. Шифокор ҳузурига бордингиз. Сизга нима муҳим? Ярани тезроқ даволаш учун тавсиялар ва зарурий дорилар рецепти муҳим. Шифокор эса, яра қолиб кетиб, организмингизни мақтай кетса, тишларингиз садаф, кўзларингиз қирғийникидек ўткир, қошингиз камон, сочингиз қалин ва бақувват, юрак соғлом, ўпка тоза.... Сизга шу маҳал ўша мақтовларнинг тариқча аҳамияти бўлмайди. Тезроқ ярани даволаш ва оғриқлардан халос бўлишни ўйлайсиз.

Ҳурматли депутатимизнинг қаричи билан ўлчанса, кечаги ток-шоуда муаммолар қолиб, мақтовга эрк беришимиз керакмиди? Ахир биз шунча йил ўзимизга ўзимиз маҳлиё бўлиб, ўзимизни ўзимиз мақтаб ҳозирги кўйимизга тушиб қолмадикми?

Ҳурматли сайланган ва сайланажак депутатлар!

Халқимизни мадҳ этишни журналистларга, санъаткорларга, шоирларга, маънавиятчиларга қўйиб беринг! Ортиғи билан уддалашади! Сиз эса халқнинг дардига дармон бўлинг. Сиздан шуни кутишади, мақтовни эмас!!!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қай бири муҳим: муаммони кўтаришми ёки ўзимизни мақташ?