date

Украинада қулликда сақланган ватандошларимиз ниҳоят озодликка чиқди

Украинада қулликда сақланган ватандошларимиз ниҳоят озодликка чиқди

Ўзбекистонлик 19 нафар фуқаро узоқ хорижда, Украинадаги иссиқхоналарда оғир ва инсон шаънига тўғри келмайдиган шароитларда ишлашга мажбур бўлгани ҳақида хабарлар чиққан эди. Эндиликда уларнинг барчаси ватанига соғ-омон қайтди.

Бу жараён осон кечмади. Украинада жойлашган Ўзбекистон элчихонаси, Украина Миллий полицияси ҳамда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ)нинг Украина ва Молдова бўлимлари бир неча ҳафта давомида узлуксиз ишлади. Мақсад — ватандошларимизни озод этиш, ҳуқуқларини тиклаш ва уларни хавфсиз тарзда юртга қайтариш эди.

Элчихона хабарига кўра, Киев вилоятидаги иссиқхоналардан бирида ўзбекистонлик ишчилар мажбурий меҳнатга тенг шароитда яшаб келган. Улар ўз ҳужжатларисиз, оз миқдордаги ҳақ эвазига оғир меҳнат қилишга мажбур бўлган. Воқеа 18 сентябрь куни Украина ОАВларида ёритилган заҳоти, Ўзбекистон дипломатик миссияси масалани шахсан ўз назоратига олди.

Натижада элчихона қисқа фурсатда фуқароларнинг ҳуқуқий мақомини тиклаш, улар учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва “жабрланувчи” мақомини беришга эришди. Бу мақом уларни жазодан ёки ноқонуний депортациядан ҳимоя қилади.

ХМТ кўмагида ватандошларимизга моддий ёрдам кўрсатилди. 28-октабр куни улар Киевдан Кишинёвга олиб чиқилди. Молдова пойтахтида улар учун хавфсиз турар жой, тиббий ёрдам ва озиқ-овқат билан таъминланган. 2 ноябрь куни эса ХМТ вакиллари ҳамроҳлигида “Кишинёв–Истанбул–Урганч” рейси орқали учирилган ватандошлар 3 ноябрь куни Ўзбекистонга етиб келишди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Украинада қулликда сақланган ватандошларимиз ниҳоят озодликка чиқди