
4 ноябрга ўтар кечаси Россиянинг Башқирдистон республикасида жойлашган Стерлитамак нефт-кимё заводида кучли портлаш содир бўлди. Бу ҳақда Стерлитамак шаҳар маъмурияти раиси Эмил Шаймарданов ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.
Унинг маълумотича, портлаш сув тозалаш цехида юз берган. Ҳодиса вақтида цехда беш нафар ишчи бўлган, аммо дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг ҳеч бири жабр кўрмаган. «Ҳозирда портлаш сабаблари аниқланмоқда, барча тегишли идоралар ҳодиса жойида иш олиб бормоқда», — дея таъкидлади шаҳар ҳокими.
Бир неча соат ўтиб, Башқирдистон раҳбари Радий Хабиров ҳам изоҳ берди. Унинг сўзларига кўра, Стерлитамакдаги саноат мажмуасига икки дрон ҳужум қилган, аммо уларни ҳаво мудофаа тизими муваффақиятли равишда уриб туширган. «Дрон парчалари заводнинг ёрдамчи цех ҳудудига тушди. Ҳеч ким ҳалок бўлмади ёки жароҳатланмади. Корхона ўз ишини одатдаги тартибда давом эттирмоқда», — деди Хабиров.
Шу кечаси Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳодисалар қайд этилди. Нижний Новгород вилоятининг Кстово шаҳрида украин дронлари ҳужуми қайтарилди. Маҳаллий аҳоли маълумотларига кўра, шаҳарда камида 9—12 марта портлаш овози эшитилган.
Украина ОАВлари эса Украина Қуролли кучларига тегишли дронлар «Лукойл-Нижегороднефтеоргсинтез» нефть қайта ишлаш заводига зарба берганини маълум қилди. Шу билан бирга, Astra Telegram-канали ушбу ҳодисага оид бўлиши мумкин бўлган видеоларни эълон қилди.
Бундан ташқари, Курск вилоятида ҳам вазият издан чиққан. Губернатор Александр Хинштейн маълум қилишича, Рилск шаҳридаги подстанцияга дрон зарбаси натижасида 16 мингдан зиёд аҳоли электр таъминотисиз қолган. Ҳозирда техник хизматлар таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.
Россия расмийлари ҳодисаларни Украина томонидан қилинган дрон ҳужумлари билан боғламоқда. Шу билан бирга, мамлакатнинг бир неча ҳудудида ҳаво мудофаа тизимлари қўшимча жонлантирилгани ҳақида хабар қилинди.
Мутасаддилар таъкидлашича, вазият назорат остида, лекин эҳтимолий янги ҳужумлар хавфи ҳануз сақланиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!