19:49 / 15.04.2020
3 008

Карантин шароитида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар (Иккинчи қисм)

Карантин шароитида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар (Иккинчи қисм)
II. Имтиёзларнинг иккинчи тўплами тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган:
1. 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача алкоголь маҳсулотларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари
5 фоиздан 3 фоизга пасайтирилди.
Умумий овқатланиш корхоналари учун алкоголь маҳсулотларини чакана сотиш ҳуқуқи учун йиғимлар миқдори белгиланган миқдорлардан 25 фоизга камайтирилди.
Ушбу иккита енгилликдан 7 мингдан ортиқ субъект фойдаланиб, уларнинг ихтиёрида 17,1 млрд. сўм қолади.

2. Қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилди.
Бу имтиёздан 83 мингта фермер хўжаликлари фойдаланиб, уларга сув солиғидан тўланиши белгиланган 300 млрд. сўмлик солиқ суммасидан 150 млрд.сўм иқтисод қилинади.

3. Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси ҳозирги
12 фоиздан 1 фоизга туширилди. Ушбу имтиёздан соҳада хизмат кўрсатаётган мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиш имкониятига эга бўлди.
Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик йиғимини ҳисоблаш тўхтатилди.

4. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тадбиркорлик субъектларига мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича фоизларни ундирмасдан 6 ойга кечиктириш имкониятини (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этди. Бундан 14 828 та субъект фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 100-модасида кўрсатилган ҳолатларда бошқа солиқ турлари (қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ) бўйича ҳам солиқни тўлаш муддатини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.

Бунда солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганлиги ҳолати мавжуд бўлган тақдирда берилади.
Ушбу имконият Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисидаги қарори қабул қилиниши билан амалга оширилади.

5. Товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд.сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар ушбу солиқни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқига эга бўлдилар.

6. Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилди. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин.

7. Юридик шахсга фоиз шаклида даромад тўлаш мажбуриятисиз қарз тақдим этилганда солиқ солиш мақсадида қайта молиялаш ставкаси асосида аниқланадиган даромад фойда ва айланмадан олинадиган солиқларини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмайди ва йил якунига қадар солиққа тортилмайди.

8. Фойда солиғини тўловчилар фақатгина 2020 йилнинг иккинчи чорагидан кутилаётган ҳажмларидан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича аванс тўловлар суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлдилар.

9. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзларни солиқ солишдан бўшаган маблағларни муайян мақсадларга йўналтириш шартларисиз қўллашлари мумкин бўлди.

10. Бундан ташқари, баъзи тадбиркорлар товар, турли ускуналар олиш учун чет элдаги ҳамкорларига маблағ йўналтирган, лекин коронавирус билан боғлиқ вазият туфайли маҳсулот ўз вақтида етиб келмаган бўлса, эндиликда бундай вазиятда қўлланиладиган молиявий санкциялар бекор қилинади. Бу дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 813 субъектга 717,2 млрд.сўм молиявий жарималар қўлланилмайди дегани.

11. Давлат солиқ органлари вақтинча қийинчиликларни бошдан кечираётган хўжалик юритувчи субъектларга мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича пеняларни ҳисоблашни тўхтатиб туради, шунингдек солиқ қарзини мажбурий ундириш чоралари кўрилмайди.

12. Президентимизнинг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъект-ларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан 2018-2019 йилларда тадбиркорлик субъектларида ҳужжатли текширишларни ўтказмаслик тўғрисида мораторий эълон қилинган эди. Шу мораторий бир йилга – жорий йил якунига қадар узайтирилди, яъни 2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини солиқ аудитидан ўтказиш ҳам тўхтатилди. Шунингдек ҳозирги кунда тадбиркорлик субъекти қийинчиликка учраётган бўлса, уларга солиқлар ва асосий тўловларни узайтириш ҳуқуқи берилди. Шу билан бирга ҳеч қандай жарима чоралари қўлланилмайди.

13. Жорий йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.

14. Спирт, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан вино ва пиво учун акциз солиғи, шунингдек, бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғининг амалдаги ставкалари йил якунига қадар ўзгармайди.
Булардан ташқари, тадбиркорлик субъектларига яна қуйидаги қўшимча шароитлар яратилди:
 1 октябрга қадар тадбиркорларнинг фойдаланилмаётган объект-ларига нисбатан мол-мулк ва ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилмайди;
 коронавирус инфекциясига қарши киритилган чоралар туфайли молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга нисбатан банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача бўлган муддатда мораторий жорий этилди;
 мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилиши лозим бўлган хўжалик юритувчи субъектларни 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябргача узайтирилди;
 акционерларнинг 2019 йил якунлари бўйича йиллик умумий йиғилишларини 2020 йил 1 октябргача муддатда, шунингдек, видео-конференц-алоқа режимида ўтказишга рухсат берилди;
 активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан ортиқ бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларни ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича талаб 2020 йил якунлари бўйича киритилиши белгиланди;
 2020 йил 1 октябргача дорихоналарда тайёрланадиган дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа маҳсулотларни улгуржи сотишга рухсат берилди;
 карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундириш тўхтатилди;
 карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни (карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик бундан мустасно) тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилди;
 барча лойиҳалар доирасида инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддатлари 6 ойга узайтирилди;
 карантин даврида тадбиркорларнинг ҳисоб рақамини тўхтатиб қўйиш тақиқланди;
 аҳолига товарларни етказиб бериш ҳамда ташиш хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби вақтинчалик бекор қилинди;
 коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт
ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар 2020 йил 31 декабргача муддатга божхона тўловларидан, шу жумладан қўшилган қиймат солиғидан озод этилди;
 коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестларни олиб киришда улар учун божхона расмийлаштируви йиғими ундирилмайди;
 ишлаб чиқариш фаолиятини давом эттираётган шахслар ўз ишчиларига шарт-шароитлар ташкил этиши устидан доимий мониторинг олиб бориш учун уларга санитария-эпидемиология хизматлари ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг бириктирилишини таъминлагади ва улар фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитларни яратилади.

Юқорида кўриб чиқилган солиқ қоидаларини юмшатиш борасидаги чоралар сўзсиз аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бунда солиқ органларининг солиқ муносабати доирасидаги солиқ тўловчилар билан фаол ҳамкорлиги ўрнатилиши лозим.

Н.И.Норбаев,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти бўлим бошлиғи

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Карантин шароитида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар (Иккинчи қисм)