13:50 / 06.07.2020
1 337

«Коронавирус сунъий равишда синтез қилинмаган...»

«Коронавирус сунъий равишда синтез қилинмаган...»
Фото: «Xabar.uz»
«Хориждаги ватандошлар» лойиҳамиз орқали бу гал Германиянинг нуфузли Зиген университети кимё йўналиши магистранти Музаффар Мақсумов билан суҳбатлашдик. Қаҳрамонимиз Тошкент шаҳрида туғилган. Музаффар билан суҳбатимиз кимё, унинг имкониятлари, юртимизда бу борадаги муаммолар ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

— Музаффар, суҳбатимизни нима учун кимё соҳасини танлаганингиздан бошласак?
— Болаликда турли соҳалар бизга қизиқ туйилади. Ўзимизни турли соҳа вакиллари ўрнига қўйиб кўришни яхши кўрамиз. Айнан мен ҳам кўплар қатори болалик пайтларим турли соҳаларга қизиққанман. Кимё фанига қизиқиш ҳам болалик йилларига тўғри келади.

Бошланғич синфда ўқиб юрган кунларимнинг бирида тасодифан юқори синфлар ўқийдиган қаватга чиқиб қолдим ва кимё лабораториясига кўзим тушди. У ерда кимё фани ўқитувчиси болаларга қандайдир бир ажойиб «вулқон» реакциясини кўрсатар, ҳамма ўқувчилар уни катта қизиқиш билан томоша қилиб ўтиришар эди. Ана шу тасодиф ва кимёвий жараён туфайли кимё фанига қизиқа бошлаганман.

Шундан кейин бакалавр босқичини кимё йўналиши бўйича Ўзбекистон Миллий университетида ўқидим. 2018 йил Ислом Каримов фондининг грант танловида ғолиб бўлиб Германиянинг Зиген университети магистратура босқичида таҳсил оляпман.

Германияга келишимга сабаб эса, мамлакатда илм-фан соҳаси, хусусан кимё фанининг нафақат назарий, балки амалий жиҳатдан ҳам жадал ривожланаётганлиги бўлди. Шу боисдан Ўзбекистонда кимёнинг тараққий этиши учун Германия тажрибасини ўрганишга ва олган билимларимни соҳа ривожи йўлида қўллашга қарор қилдим.

— Ўзбекистонда кимё соҳасининг ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолар нималар ва уларнинг ечими бўйича қандай таклифларингиз бор?
— Кимё соҳаси инсониятнинг ривожланиши, урбанизациялашувида 5 минг йилдан ортиқ вақт мобайнида жуда катта ҳисса қўшган ва қўшиб келмоқда. Масалан, дастлабки цивилизациялар метални қандай ажратиш ва унга қандай ишлов беришни ўрганиб иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан етукликка эришган.

Ҳозирги кунга келиб кимёнинг ривожланиши бизга LEDлар, қуёш панеллари, электр-транспорт батареялари, енгил ва пўлатдан мустаҳкам углерод нанотолаларни берди. Бу борада юртимиздаги кимёвий моддалар манбаи турли туман. Аммо Ўзбекистоннинг асосий кимё ишлаб чиқариши нисбатан мураккаб бўлмаган, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш учун мўлжалланган моддалар билан чекланиб қолган.

Шунингдек, мамлакатимизни кимёгар мутахассислар билан таъминлайдиган олий ўқув юртларида етарли шарт-шароит яратилмаган деб, ўйлайман. Боиси, биргина ўзим таҳсил олган Ўзбекистон Миллий университетининг Кимё факультети ҳозир ҳавас қиларли ҳолда эмас. Факультет биноси қайта таъмирланганидан сўнг лаборатория хоналарининг кўпи синф хоналарига айлантирилди. Ўйлашимча, бу энг катта хатоликлардан бири бўлган.

Кейин кузатишларим натижасида 4 йил давомида талабаларнинг аксарияти фақатгина назарий билимларга асосланган диплом ишлари қилишди. Битирувчи талабалар ишлаб чиқариш, педагогик фаолият ёки таҳлил-лаборатория марказларига боришидан қатъий назар улар ўзлари билган назарий билимларни амалиётга жорий қила олишмайди. Совет иттифоқи пайтидан қолиб кетган оддий пробиркали реакцияларни кўрсатиб юриш даври Европада аллақачон тугаган. Аминманки, амалиётни кўпайтирмас эканмиз, назарий билимларимиз қоғозда қолиб кетаверади.

Яна бир энг катта муаммолардан бири нафақат кимё соҳасида, балки бошқа соҳаларда ҳам мавжуд. Масалан, деярли барча олий ўқув юртларида мутахассислик фанларидан ташқари ортиқча кераксиз фанлар талайгина. Бунинг натижасида талабалар на мутахассилик, на бошқа фанларни чуққуроқ ўргана олишмаяпти. Икки йилдан бери Германияда ўқиб, бу ернинг тажрибасидан келиб чиқиб айтишим мумкинки, кимё соҳасидан мутахассис тайёрлайдиган олий ўқув юртларининг лабораторияларини замон талабларига мос равишда қайтадан жиҳозлаш керак.

Шу билан бирга, мутахассислик фанлари соатлари кўпайтирилиб, амалиётга урғу берилиши ҳамда номутахассислик фанларини қисқартириш, фақат қизиқувчиларга уларни танлов фани сифатида қолдириш мақсадга мувофиқ бўлар эди.

— Юқорида Германия тажрибаси ҳақида гапирдингиз. Ўзбекистонда Германиянинг яна қандай тажрибаларини жорий этиш мумкин деб ҳисоблайсиз?
— Бу ерда энг кўп қулайликлар талабаларга яратилган деб ўйлайман. Шу сабабдан бўлса керак, Германиядаги халқаро талабалар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Менимча, мана шу борадаги тажрибаларини чуқурроқ ўрганиш ва энг мақбулларини мамлакатимизда жорий этиш мумкин.

Қолаверса, ички туризмни ривожлантириш бўйича ҳам яхши имокониятлар бор. Мисол учун, бу ерда кунлик, ҳафталик, ойлик ҳатто йиллик йўл чипталари жорий қилинган. Ана шу чипталар орқали шаҳарлараро барча транспорт турларидан фойдаланиб саёҳат қила оласиз. Бу ўз навбатида Германия учун ички туризм, халқаро туризмдан қолишмайдиган даражада маблағ олиб келишига ёрдам бермоқда.

— Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз?
— Германияда иш ва ўқиш куни 5 кунлик тизимда, шу сабабдан шанба ва якшанба кунлари барча одатда саёҳат қилади. Мен яшаётган шаҳарнинг атрофи ўрмонлар билан ўралгани туфайли бўш вақтларда маҳаллий ва хорижлик талаба-дўстларим билан ўрмонларга борамиз ва атроф-муҳитни ўрганамиз, табиат қўйнида ҳордиқ чиқарамиз. Немисларнинг айтишича, кучли ақлий меҳнат ва жисмоний фаолликнинг уйғунлиги иш ва ўқишдаги унумдорликни оширади.

Китобхонлик бобида ҳам намунали бўлишга ҳаракат қиламан. Германияда кутубхоналар ҳафтанинг ҳар куни ишлайди. Шунинг учун баъзан дам олишни китоб ўқиш билан ўтказаман. Охирги ўқиган китобим иқтисодиёт бўйича ўз таҳлиллари билан танилган Жеймес Робинсоннинг «Why Nations Fail» китоби бўлди.

— Кимёгар мутахассис сифатида коронавирус бўйича фикрларингиз қандай?
— Ҳозирги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири бу шубҳасиз коронавирус ҳисобланмоқда. Шу кунга қадар вируснинг келиб чиқиши ҳақида ҳам турли қарашлар илагари суриляпти. Лекин уларнинг кўпчилиги мантиққа тўғри келмайди ва илм-фанга асосланмаган. Илмий изланишлар ва тадқиқотларни кузатиб айта оламанки, вирус сунъий равишда синтез қилинмаган, аниқроқ айтганда ихтиро қилинмаган. Назаримда у бир ҳайвондан иккинчи ҳайвонга ўтганида табиий равишда ўзгариб ҳозирги кўринишга келгани илмий жиҳатдан тўғрироқ.

Фурсатдан фойдаланиб юртдошларимизга гигеник қоидаларга, айниқса ниқоб тақиш ва масофа сақлашга амал қилишларини сўраган бўлардим. Боиси юртимизда карантин юмшатилганидан сўнг касалланиш ҳолатлари сезарли равишда кўпайди. Бу ўз соғлигимизга биринчи галда ўзимиз масъул эканлигимизни кўрсатмоқда.

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)