13:05 / 31.07.2020
1 940

Ақлга сиғмас иш: эҳсон учун... ўғрилик!

Ақлга сиғмас иш: эҳсон учун... ўғрилик!
Ўтган ой бошида жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судида Д.Бекмирзага оид «иш» кўриб чиқилди. Жиноят иши шов-шувли эмас, тез-тез учраб турадиганидан: ўғрилик! Аммо жиноятга сабаб бўлган омиллар оқил одамларни қаттиқ ўйга толдириши аниқ.

Аввал жиноят тафсилоти ҳақида икки оғиз.

2019 йилнинг декабрь ойи ўрталарида Д.Бекмирза (1987 йилда туғилган, бўйдоқ) Учқудуқ тумани «Жузқудуқ» овул фуқаролар йиғини ҳудудида қаровсиз ўтлаб юрган, бозор нархи 20 млн. сўмлик бир бош туяни (жонивор маҳаллий фермерга тегишли экани аниқланган) 16 калибрли милтиқ (қуролни ҳам ноқонуний сақлаб келган) билан отиб ўлдиради ва гўштини майдалаб олиб кетади.

Жиноят кўп ўтмай фош этилади. Д.Бекмирза қўлга олинади.

Масаланинг энг оғриқли жойи шундаки, у мазкур жиноятга миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган бидъат сабаб ноқулай аҳвол қолиб, вазиятдан чиқиш учун ўғрилик қилишга мажбур бўлгани экан. Яъниким, ўтган йилнинг охирида Д.Бекмирзанинг отаси вафот этади. Маҳаллий «удум»га кўра, марҳум чиққан хонадон «эҳсон» бериши шарт (?!) бўлиб, бунинг учун жонлиқ сўйиш тақазо қилинармиш... Бунга имконияти йўқ бўлган судланувчи эса азбаройи «эл олдида юзи ёруғ» бўлиши учун бировнинг туясини ов милтиғи билан отиб ўлдириб, гўштини «эҳсон» қилишга мажбур бўлибди...

Мана, бидъат-у хурофотлар не аҳволга соляпти бизни?!

Ҳайрон қоласан, наҳот, маҳалла-кўй орасида марҳумларга хайрли ишлар савоби бағишланади, одамнинг ўзига зулм қилиб, ўзгаларнинг кўнглини олишида хайр йўқ, деб айтадиган битта одам топилмаган бўлса?! Судланувчининг ўзи-чи? Садақа-ю эҳсонлар ҳалол топилган пулдан қилиниши, бунга қодир бўлмаганларда мабурият йўқлигини билмасмиди?!

Маънавиятга путур етган жойда жаҳолат урчийди дегани шу. Тарбия ҳаёт-мамот масаласи эканини эндиям англаб етармиканмиз?!

Албатта, юқоридаги баёнлар жиноятни оқлаш учун сабаб бўлолмайди. Шу баробарида «босиб» жазо бериш ҳам адолатдан эмас. Судланувчига жазо тури ва миқдорини тайинлашда унинг муқаддам судланмаганлиги, жабрланувчига етказилган зарар қоплангани, асосийси — унинг қарамоғида қари онаси борлиги инобатга олиниб, озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Ва суд залидан озод этилди.

Манба: Xabar.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)