17:23 / 07.09.2020
2 228

Инсофга чақиришнинг ўзи етарли эмас: одамлар нега коррупцияга қўл уради?

Инсофга чақиришнинг ўзи етарли эмас: одамлар нега коррупцияга қўл уради?
Фото: РБК
Одамларнинг коррупцияга мойилликлари ахлоқсизлик ёки билимсизликнинг натижаси эмас. Шунчаки, уларда бошқа яхшироқ танлов имконияти йўқ. Бундай ҳолатда коррупция – муаммони ҳал этишнинг энг яхши йўли, мақсадга эришишнинг тезкор воситаси. Аксарият ҳолларда, коррупция – бу одамлар учун ўз жамиятларида ривожланишнинг энг тежамкор усули. Айниқса, ҳукумат уларга мақсадга эришишнинг жуда ҳам кам қонуний вариантларини таклиф қилаётган бўлса.

«Фаровонлик парадокси: қандай қилиб янги инновациялар халқларни қашшоқликдан қутқариши мумкин?» (The Prosperity Paradox: How Innovation Can Lift Nations Out of Poverty) китоби муаллифлари Клейтон Кристенсен, Эфоса Ойома ва Карен Диллон ўз кузатувлари асосида юқоридагидек хулосага келган.

Китобда коррупция, унинг келиб чиқиш сабаблари ва дунё миқёсида унга қарши курашиш масалалари ҳақида сўз боради. Муаллифлар TED.com сайтида эълон қилинган мақолада китобдаги айрим маълумотларга тўхталиб ўтишган.

Тадқиқотлар одамларда коррупцияга мойиллик уйғонишининг учта сабаби борлигини кўрсатади.

1. Жамиятдаги шахсларнинг аксарияти ривожланиш, фаровонликка эришишни хоҳлайди. Агар, юқорида айтганимиздек, ҳукумат одамларга мақсадга эришишнинг бир нечтагина қонуний вариантини таклиф қилаётган бўлса, улар бошқа яхшироқ йўл, восита излайдилар.

2. Ҳар бир шахснинг ўз харажатлар тузилмаси бор, топилган даромад шу харажатлар тузилмасида мавжуд харажатлардан ошиши лозим. Масалан, сиз 5 кишилик оила бошлиғи, ойлик жами даромадингиз (маошингиз эмас, жами даромадингиз) 2 млн бўлгани ҳолда, оилангизнинг ойлик харажатлари 2,5 млн.га тенг бўлса, ўз-ўзидан сизда коррупцияга мойиллик пайдо бўлади.

3. Одамлар коррупцияга қўл уришига яна бир сабаб шуки, кўпчилик одамлар даромадлари даражасидан қатъи назар кўпроқ шахсий манфаат кўриш йўлида қонунни четлаб ўтади. Бу йўлда хатти-ҳаракатларимиз ёки имкониятларимизни чеклайдиган қонунларга дуч келганимизда, бизда иккита муқобил танлов варианти бўлади: қонунларга бўйсуниб, «яхши фуқаро» мақомида қолиш ёки уларни четлаб ўтиб, мақсадимизга эришиш. Хўш, сизнинг танловингиз?

Клейтон Кристенсен коррупцияга қарши курашни «кўрсичқонни ур» ўйинини ўйнашга ўхшатади. Битта коррупционерни йўқотишингиз биланоқ, унинг ўрнига бошқалари қалқиб чиқаверади.

Унинг фикрича, мамлакат тараққий этмас экан, кўп ҳолларда, коррупцияга қарши дастурлар иш бермайди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича мамлакатда янги бозорларни яратишдан кўра яхшироқ стратегияни топиш қийин. Зеро, янги бозорлар аҳоли учун янги иш ўринларини, ҳукуматга эса янги «даромад манбалари»ни яратади; одамларга фаровонлик йўлида янгидан янги имкониятлар эшигини очади – уларда муқобил танлов имкониятлари кўпаяди.

Жамиятда фақатгина ахлоқ қоидаларини, жумладан, маънавиятни тарғиб қилишнинг ўзи етарли эмас. Шунчаки янги қонунларни қабул қилиш ёки қаттиқроқ жазолар ҳам одамларни ўз хатти-ҳаракатларини ўзгартиришга мажбур қилмайди – сабаблар билан курашиш лозим.

Сабаблар тўла англаб етилмас (ёки тан олинмас) экан, «коррупцияга қарши курашиш мақсадида» сарфланган пуллар ҳавога совурилиб кетаверади, дейди тадқиқотчилар.

Суҳроб Шарипов тайёрлади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Инсофга чақиришнинг ўзи етарли эмас: одамлар нега коррупцияга қўл уради?