Техаснинг Сан-Антонио шаҳридаги жамоат кутубхонасига қарийб 82 йил олдин олиб кетилган китоб қайтарилди. Бу ҳақда Pravilamag хабар берди.
Маълумотларга кўра, Францис Брюс Штрейн қаламига мансуб “Сизнинг фарзандингиз, унинг оиласи ва дўстлари” асарини1943 йил июль ойида 11 ёшли бола ўқиш учун олган. Китоб 28 кун ичида топширилиши керак эди.
Бироқ орадан кўп ўтмай боланинг онаси АҚШнинг Мекцикадаги элчихонасига ишга ўтди ва оила тезда кўчиб кетди. Китоб эса улар билан бирга қолиб кетди. 80 йилдан ортиқ вақт ўтгач, набира уй жиҳозларидан ушбу китобни топиб, кутубхонага қайтаришга қарор қилди.
Китоб билан бирга узрнома хат ҳам юборилди. Унда “буви энди жарима тўлай олмайди” дея изоҳ берилган. Аммо ташвишга ҳожат йўқ — Сан-Антонио кутубхонаси 2021 йилда кечикиш учун жарималарни бекор қилган эди.
Ҳозирча китоб кутубхона қабулхонасида намойишга қўйилган, кейин эса эски китоблар дўконига топширилиши режалаштирилган.
Қизиғи, шунга ўхшаш ҳолат Ҳиндистонда ҳам кузатилган: бир шахс ибодатхонадан 2 рупия “олиб қўйган” ва орадан 55 йил ўтиб, 10 минг рупия қайтарган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!