Германияда ёмғир сувини "ўғирлаган" аёл катта жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Шпахинген шаҳрида истиқомат қилувчи 51 ёшли аёл қўшнисининг ҳовлисидаги бочкадан сув олиб, ўз сувқадаҳларини тўлдиргани учун полиция томонидан жиноий жавобгарликка тортилиши айтилмоқда. Бу ҳақда Pravilamag нашри маълум қилди.
Полицияга кўра, моддий зарар катта эмас, аммо бошқа бировнинг мулкидан рухсатсиз фойдаланиш — ўғирлик сифатида баҳоланади. “Бир вақтлар осмондан ёғган сув, бочкага тушгач, энди унинг эгасига тегишли бўлади”, — дейилади полиция баёнотида.
Тергов маълумотларига қараганда, воқеа соат тўртларда содир бўлган. Аёл қўлида сув идиши билан икки марта кўчани кесиб ўтиб, қўшнисининг ҳовлисига кириб, тахминан 40 литр сувни ўзиникига олиб ўтган. Иккинчи марта сув олиш жараёнида эса кўчадан ўтаётган автомобилдан яшириниш мақсадида чиқиндилар қутиси ортига бекингани қайд этилган.
Welt нашри ёзишича, етказилган зарар 15 центга баҳоланган. Бироқ Германия қонунларига кўра, нархидан қатъи назар, ҳатто арзимаган буюмни ўғирлашда ҳам шахс катта миқдорда жаримага ёки беш йилгача қамоққа ҳукм қилиниши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!