АҚШ ҳамда Туркияда жиноят содир этган тўрт нафар ўзбекистонлик фуқаро мамлакатимизга депортация қилинди. Расмий маълумотларга кўра, икки киши Нью-Йорк шаҳридан махсус рейс орқали, АҚШ Иммиграция ва божхона полицияси ходимлари ҳамроҳлигида Тошкентдаги Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортга олиб келинган.
Яна икки нафар шахс Истанбулдан чиқариб юборилди. Улар юртимизга қайтарилгандан сўнг, Интерпол Миллий марказий бюроси ҳамда ички ишлар органлари ходимларига топширилди. Уларга нисбатан кейинги тергов ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган.
Маълумотларга кўра, ушбу шахслар солиқларни тўламаслик, ўта йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа жиноятларда айбланмоқда. Шу боис улар халқаро қидирувга берилган ва хорижий ҳамкор ташкилотлар кўмагида қўлга олинган.
Мутахассислар фикрича, жиноятчиларни қайтариш ва уларни суд органлари ихтиёрига топшириш қонун устуворлигини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!