date

Халқаро талабалар учун АҚШ визалари бекор қилинди

Халқаро талабалар учун АҚШ визалари бекор қилинди

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ ҳукумати 6 мингдан ортиқ халқаро талабанинг визасини бекор қилгани маълум бўлди. BBC хабар қилганидек, бу қарорнинг асосий сабаблари сифатида визаси муддати тугагандан кейин мамлакатда қолиш, турли қонунбузарликлар ва хавфли фаолиятларда иштирок этиш ҳолатлари кўрсатилмоқда.

Маълумотларга кўра, бекор қилинган визаларнинг қарийб 4 мингтаси жиноий ҳаракатлар — тажовуз, маст ҳолда автомобил ҳайдаш, ўғирлик ва бошқа ҳуқуқбузарликлар билан боғлиқ. Шу билан бирга, 200–300 та виза инсон ҳаётига таҳдид солувчи ёки АҚШ қонунларига зид террорчилик фаолиятида иштирок этганлик айбловлари билан бекор қилинган.

Қарор Доналд Трамп маъмурияти даврида халқаро талабалар устидан назорат кучайган бир пайтда қабул қилинган. Расмийлар терроризмга ёрдам тушунчасини тўлиқ очиқламаган бўлса-да, Фаластинни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказган айрим талабалар антисемитизм сифатида баҳолангани хабар қилинган.

Шунингдек, АҚШ элчихоналарида талабалар учун виза учрашувлари вақтинча тўхтатилди. Кейинчалик улар қайта тикланганда аризачилардан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини очиқ кўрсатиш талаб қилинган. Бу чора мамлакат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёки террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлайдиган шахсларни аниқлаш мақсадида жорий этилган.

Оpen Doors маълумотларига кўра, 2023/2024-ўқув йилида Қўшма Штатларда 210 дан ортиқ мамлакатдан 1,1 млндан зиёд халқаро талабалар таҳсил олган. Бу эса мамлакатдаги умумий талабалар сонининг тахминан 6 фоизини ташкил қилади. Мутахассислар фикрича, бу чоралар келажакда халқаро талабалар ҳаракати ва АҚШдаги таълим муассасаларига қабул сиёсатига таъсир кўрсатиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Халқаро талабалар учун АҚШ визалари бекор қилинди