10:53 / 14.09.2020
2 062

Фейклар: қонун ёлғонга қарши нима қила олади?

Фейклар: қонун ёлғонга қарши нима қила олади?
Фото:«Foreign Policy»
Ижтимоий тармоқлар асрида тармоқ фойдаланувчиси қаршисида ҳаққоний ахборотни ёлғонидан ажратиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Гап фақат ноаниқ факт ва маълумотлар тўғрисида эмас (журналистлар хато қилиши мумкин, чунки бу касб тезкорликни талаб қилади), балки аввал бошдан бирон мақсадни кўзлаб атайлаб тўқилган ёлғон хабарлар, яъни фейклар ҳақида бормоқда.

Фейклар нима учун ёмон?
2016 йилнинг ёзида Македониянинг Велес шаҳридан фавқулодда шиддат билан оқиб келаётган ноаниқ, ёлғон маълумотлар Buzzfeed медиа компанияси муҳаррири Крейг Сильверманнинг эътиборига тушди. Негадир барча хабарлар бир шахс ва мавзу атрофида эди: «Хиллари Клинтоннинг электрон хатларини ОАВга сиздириб юборишда гумонланган ФҚБ агенти ўз жонига қасд қилди».

Масалани ўрганган журналистлар фейк тарқатувчи 140 га яқин сайтларни аниқладилар, уларнинг аксари Facebook да юз минглаб обуначиларга эга бўлиб чиқди. Асосан ёлғон маълумотлар ва қичқирувчи сарлавҳаларга тўла ушбу пабликлар админлари фойдаланувчиларнинг катта оқимини жалб қилиш ортидан яхшигина пул ишлаб топаётган эдилар. Хиллари Клинтон ҳақидаги уйдирма эса қармоққа илинган хўрак вазифасини ўтади.

Кўп ўтмай ушбу фейк хабарлар интернет бўйлаб яшин тезлигида тарқалиб, АҚШ президентлигига номзодини қўйган Хиллари Клинтон учун жиддий бош оғриғи бўлди. Давлат арбоблари эса фейклар билан курашни давлат сиёсатига даражасида олиб бориш зарурлигини англаб етдилар.

Фейклар ички ва ташқи сиёсатга таъсир ўтказади, хусусан, мамлакатлараро зиддиятларни кучайтиради, сайловчиларни ва давлат миқёсида муҳим қарорлар қабул қилувчи шахсларни чалғитади, оддий инсонларнинг кундалик маиший ҳаёти ва руҳий хотиржамлигига путур етказади.

Фикримиз исботига қуйидаги икки мисолни келтирамиз:
1-кейс. Вашингтонда отишма. 2016 йил Хиллари Клинтон хонимнинг ёш болаларни жинсий эксплуатация қилувчи ташкилотга алоқадорлиги ҳақидаги ёлғон хабарга ишонган 28 яшар шахс Comet Ping Pong пиццериясига тўппонча билан кириб келади ва муассаса соҳибини ҳам шу ташкилотга аъзо деган гумонда унга қарата ўқ уза бошлайди. Яхшики, бунда ҳеч ким жиддий зарарланмади.

2-кейс. 2016 йилнинг декабрида Покистон мудофаа вазири Хавожа Асиф ўзининг Twitter саҳифасида «Исроил Исломободга ядро қуроли билан пўписа қилди, аммо Тел-Авив Покистонда ҳам ядро қуроли борлигини унутмасин» деган мазмунда твит ёзиб қолдирди. Вазир AWD News сайтида эълон қилинган фейк хабарга ишониб бу твитни ёзган эди. Исроил мазкур хабар ёлғон эканини исботлаш учун анча овора бўлди. Биргина ёлғон хабар мамлакатлараро сиёсий инқирозга сабаб бўлаёзди.

Кўриниб турганидек, ёлғон хабарларга ҳокимиятда катта ваколат ва кучга эга инсонлар, сайловчилар, касалларни даволовчи врачлар, умуман, муҳим қарорлар қабул қилувчи инсонлар ишониб қўйишлари мумкин. Бу эса жуда жиддий оқибатларга олиб келишини тахмин қилиш қийин эмас.

Дунё фейкларга қарши
Бугунги кунда фейклардан келаётган хавф кўламини тўғри баҳолаб, уларга қарши давлат миқёсида курашиш тенденцияси дунё давлатлари орасида тобора ривожланиб бораётганини кўриш мумкин.

Айниқса, «deep-fakes» (сунъий ақл иштирокида сохта ахборот, фото ва видеоматериалларни тайёрлаш) авж олиб бораётганини кузатилмоқда. Шу муносабат билан сохта хабарлар мавзуси йирик муҳокама майдонларида тез-тез тилга олинмоқда.

Жумладан, 2019 йил 21-22 февралда Венада бўлиб ўтган ЕХҲТ Парламент ассамблеясининг қишки сессиясида бу мавзу диққат эътиборда турди. Бундан ташқари, 2019 йилги Халқаро Петербург юридик форуми ҳам «Фейк-ньюс борасидаги қонунчиликка ОАВнинг муносабати: Россия ва жаҳон тажрибаси» мавзусида ўтказилди.

Фейкларга қарши кураш стратегиясини излаб топиш ҳозирда қатор Европа мамлакатлари ва АҚШнинг приоритетлари қаторидан жой олган.

Ҳар қандай нотўғри хабар фейк бўладими?
Йўқ, ҳар қандай нотўғри маълумот ҳам фейк бўлавермайди. Бунда ушбу маълумотнинг келиб чиқиши ва уни тарқатишдан кўзланган мақсад муҳим роль ўйнайди.

Масалан, об-ҳаво маълумотларини тарқатувчи «бугун ёмғир ёғмайди» деса, бундай дейишга илмий-тадқиқий асослари бўлса, аммо ёмғир ёғса, ушбу маълумот фейк ҳисобланмайди. Бироқ бугун ёмғир ёғиш-ёғмаслиги ҳақида умуман маълумотга эга бўлмай, «ёмғир ёғади» дея атайдан ёлғон маълумот тарқатса, фейк бўлади.

Фейкларнинг оддий журналистлик хатоларидан фарқи шуки, улар аввал бошданоқ маълум манфаатларни кўзлаб, атайдан тўқиб чиқарилади ва тарқатилади.

Шу сабабли ҳам жаҳон тажрибасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик айнан «аввалдан била туриб атайдан тайёрлаш ва тарқатиш» ҳолатларига нисбатан татбиқ этилиши алоҳида таъкидлаб ўтилган. Яъни ахборот тарқатувчининг нотўғри маълумотни тарқатишда унинг нотўғри эканини билиши ва бундан бирон манфаат-мақсад кўзлагани исботланиши лозим.

Олайлик, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси у ёки бу маълумотнинг ростлигига ишониб, уни ўз саҳифасида улашса, бу ҳуқуқбузарлик эмас, бироқ маълумотнинг ёлғонлигини билиб туриб уни яратса ва/ёки уни тарқатишда иштирок этса, ҳуқуқбузарлик деб қаралади.

Бунда тарқатилган маълумотнинг фейк ёки хато деб тан олинишини мансабдор шахс эмас, суд ҳал қилади.

Ўзбекистон учун фейклар мавзуси нима учун муҳим?
Бугунги кунда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони 20 млн кишига етди. Ижтимоий тармоқларнинг (Facebook, Instagram, Telegram) фаол кундалик аудиторияси 1,6 млн фойдаланувчини ташкил этади. Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ижтимоий тармоқлар аллақачон жамоатчилик фикрини шакллантиришга сезиларли таъсир кўрсатадиган виртуал маконга айланди.

Афсуски, бунда таъсир усуллари ва воситалари доим ҳам қонуний, тўғри ва мақсадга мувофиқ танланмаяпти. Юқорида биз фейкларнинг турли мақсадлар йўлида қўлланиладиган юқори самарали, аммо оқибатларини тахмин қилиш мушкул бўлган восита эканини айтиб ўтдик. Масалага бугун ижтимоий тармоқлар ўзбек сегменти мисолида қарасак, муаммоларни янада аниқ кўрамиз.

Масалан, ерқалампирни коронавирусга даво деган фейк ортидан моддий фойда кўришдан тортиб у ёки бу амалдорни «ўлди/қамалди»га чиқариб, асоссиз хавотир уйғотиш орқали омма онгини манипуляция қилишга уринишгача.

Фейкларга қарши курашда аҳолининг медиасаводхонлигини оширишдан тортиб ушбу масалани қонун орқали тартибга солишгача бўлган қилинадиган қатор масалаларга ечим топиш лозим.

Хусусан, Миллий қонунчилигимизда фейк хабарларни тарқатганлик учун жавобгарлик назарда тутилмаган. Маъмурий ва Жиноят кодексларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ижтимоий муҳим аҳамиятга молик масалаларда ёлғон маълумотларни ҳақиқий деб тақдим этишга жавобгарлик белгиланмаган.

Айрим фаол интернет фойдаланувчиларида ахборот маданиятининг паст даражадалиги ҳамда масъулиятсизлик ва жазога тортилмаслик туйғуси сабаб аҳоли орасида саросимага ва ижтимоий муносабатларнинг беқарорлашувига олиб келувчи ёлғон ахборотлар ва уйдирмалар фаол тарқатилаётгани кузатилмоқда.

Бу ҳолат, ўз навбатида, мамлакат ҳаётидаги жараёнлар ва воқеаларга нисбатан жамоатчиликнинг асоссиз салбий фикри шаклланиши тўғрисидаги хавотирларга сабаб бўлмоқда. Зеро кўпчилик фуқаролар мазкур хабарларни ҳақиқий ва тўғри деб қабул қилади. Шу боис бугун ушбу ҳаракатлар учун жавобгарлик масаласи кун тартибига чиқди.

Айни масалага ёндашишда тартибга солишни цензура билан адаштирмаслик, меъёр ва мезонларни аниқ белгилаб олиш ҳамда қарор қабул қилиш ваколати судларда эканини унутмаслик лозим.

Шаҳноза Соатова,
Адлия вазирлиги масъул ходими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фейклар: қонун ёлғонга қарши нима қила олади?