
Украинадаги уруш фронтида замонавий тиббиёт ҳар кун янги синовларга дуч келмоқда. Ҳарбий тиббиётнинг олдинги чизиғида эса эндиликда бир оддий, аммо ҳаётий аҳамиятга эга восита – магнит экстрактори – аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолмоқда.
Украина ҳарбий хизматчиси Серҳий Мелникнинг юрагига дрон ҳужуми вақтида кириб қолган металл бўлаги айнан шундай қурилма ёрдамида олиб ташланди. Бу технология анъанавий жарроҳлик усулларидан фарқли ўлароқ, юракка катта кесикларсиз кириш ва хавфни камайтириш имконини берди.
Серҳийнинг ҳикояси кўплаб жангчиларнинг фожиасига ўхшайди. “Бу бўлак буйрагимни чизиб ўтиб, ўпкамни тешиб юрагимга тиқилган,” дейди у. Дастлаб нафас қисиши деб ўйлаган ҳолат, аслида юракдаги жиддий шикаст бўлиб чиққан.
Доктор Серҳий Максименко бошчилигидаги юрак жарроҳлари жамоаси магнит учли экстрактор ёрдамида бу хавфли бўлакни муваффақиятли олиб ташлади. "Юракни кесиб очишга ҳожат йўқ," дейди доктор. "Майда кесик орқали магнит воситани киритамиз ва металлни тортиб оламиз."
Бугунга келиб, ушбу усул ёрдамида 70 дан ортиқ юрак операцияси амалга оширилган.
Бу ихтиронинг бошида собиқ юрист, ҳозирда армияни кўнгилли равишда қўллаб-қувватлаб келаётган Олеҳ Биков турибди. 2014-йилдан бери у фронтдаги шифокорлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиб чиққан. Айнан уларнинг талаблари асосида турли хил магнит экстракторлар ишлаб чиқилган — микрохирургия учун нозик, суяклар учун кучли, қорин бўшлиғи учун мослашувчан моделлар.
Олеҳнинг таъкидлашича, магнит ёрдамида шрапнел (бомбадан сачраб чиқувчи парча)ни тез ва аниқлик билан аниқлаш мумкин. Бу эса катта кесиклар ва қон йўқотилишини камайтиради.
“Оддий, ручкага ўхшаган экстрактор ёрдамида катта болғани ҳам кўтариш мумкин,” дея намойиш қилади Олеҳ.
Ҳозирда ушбу қурилма расман сертификатланмаган. Бироқ Украина Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги уруш ҳолатида бундай воситалардан фойдаланишга рухсат беради. Биков эса буни ҳалигача қонунийлаштириш имкони бўлмаган, аммо зарурий ҳолат деб ҳисоблайди: “Агар бу жиноят бўлса, жавобгарликка тайёрман. Лекин унда бу қурилмадан фойдаланган барча шифокорлар ҳам жавоб беришлари керак бўлади,” дейди у кулимсираб.
Уруш зонасида кўп йиллик тажрибага эга бўлган британиялик шифокор Девид Нотт ҳам бу ғояни олқишлайди. “Урушда сиз инсон ҳаётини сақлаб қолиш учун зарур бўлган нарсани қиласиз. Бу каби воситалар бошқа уруш зоналарида ҳам — масалан, Ғазо каби — фойдали бўлиши мумкин,” дейди у.
Бугунга келиб, 3 000 дан ортиқ магнит экстракторлар Украина бўйлаб тарқатилган. Улар ҳарбий дала шифохоналаридан тортиб, йирик шаҳар касалхоналаригача фойдаланилмоқда.
Серҳийнинг турмуш ўртоғи Юлия бу технологияни жон сақлаб қолган инсонлар номидан қадрлайди: “Бу қурилмани ихтиро қилган одамларга миннатдорчилик билдираман. Улар туфайли эрим ҳануз биз билан бирга,” дейди у кўз ёшлари билан.
Уруш замонавий тиббиётни янги ёндашувларга мажбур қилмоқда. Украинада ишлаб чиқилган магнит экстрактор технологияси – ўзининг соддалиги, самарадорлиги ва ҳаётни сақлаб қолишдаги роли билан шунчаки ихтиро эмас, балки умид тимсолига айланган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар