
Ўзбекистонда ОТМларга қабул жараёни тобора такомиллашиб, ҳар йили янги ёндашувлар асосида амалга оширилмоқда. 2025 йил ҳам бундан мустасно эмас. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун муҳим бўлган саволлар – имтиҳонлар қачон бошланади? Қабул тартиби қандай? Янгиликлар нималардан иборат? – деган саволларга БМБА ва Олий таълим вазирлиги расмийлари расмий эфир орқали жавоб берди. Ушбу мақолада шу жавоблар ва 2025 йилдаги асосий ўзгаришлар ҳақида кенг маълумот берилади.
Қабул жараёни: 2 босқичли тизимга ўтилди
2025 йилда президентнинг 81-сонли фармонига мувофиқ қабул жараёнида “аввал тест, сўнг йўналиш танлови” тизими амалиётга жорий қилинди. Бу эса абитуриентларга аввал тест имтиҳонларини топшириб, кейин натижасига қараб мутахассислик йўналишини танлаш имкониятини беради.
5 июндан 25 июнгача — биринчи босқич: абитуриент тест топширадиган фанлар, тил ва ҳудудни танлайди.
Иккинчи босқич — таълим йўналишини танлаш учун 15 кун вақт берилади. Яъни умумий ҳисобда абитуриентларда аввалгидан ҳам кўпроқ вақт мавжуд.
Онлайн рўйхат: Якуний санаси – 25 июн, соат 23:59
24 июн ҳолатига кўра, 615 мингдан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди. Бу кўрсаткич ўтган йилгига нисбатан бироз кам, лекин ҳали тўлиқ якунланмаган. Рўйхатдан ўтиш my.dtm.uz сайти орқали амалга оширилади. Эслатиб ўтамиз: тўловни ҳам онлайн амалга ошириш мумкин.
IELTS сертификатларидаги муаммо: Абитуриентлар нима қилишлари керак?
2025 йилда IELTS натижалари билан боғлиқ техник муаммолар кўплаб ёшларда хавотир уйғотди. Британия кенгаши ва IDP ташкилотлари 7 июнда топширилган тест натижаларини вақтинчалик тўхтатди ва Cambridge English томонидан қайта кўриб чиқишга юборди.
БМБА вакили Жамшид Одилов маълум қилишича, бу жараён қачон тугаши ҳозирча аниқ эмас. Бироқ рўйхатга олиш муддати ўзгартирилмайди. IELTS сертификати мавжуд бўлмаганлар чет тилини биринчи фан сифатида танлай олмайди, демак улар тест имтиҳонини топширишлари шарт.
Аттестат ёки диплом керакми? – Йўқ!
Қабул жараёнининг бу босқичида аттестат ёки диплом асли талаб этилмайди. Абитуриент рўйхатдан ўтиб, тестда қатнашиб, талабаликка тавсия этилгандан кейингина ҳужжатнинг асли талаб қилинади. Демак, ҳозирча ҳеч қандай кечикишдан хавотирга ўрин йўқ.
10-синф ўқувчилари имтиҳонда иштирок эта оладими?
Қонунга мувофиқ, аттестат олмаганлар (10-синфда ўқиётганлар) имтиҳонда иштирок эта олмайди. Бу талаб қатъий ҳисобланади. Лекин билим синаб кўришни истаганлар учун диагностик тест синовлари ташкил этилади.
Сиртқи таълим тугади – масофавий ва кечки шаклларга ўтиш даври
2025/2026 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълим бекор қилинди. Уни ўрнини масофавий, кечки ва “part-time” таълим шакллари эгаллайди. Ҳозирда 21 та ОТМда масофавий таълим шакли мавжуд бўлиб, бу йил унинг қамрови кенгайиши кутиляпти.
Магистратура ва иккинчи мутахассислик учун рўйхат: 1–30 июль
Бакалавриат имтиҳонларидан сўнг, 1 июлдан 30 июлгача магистратура ва иккинчи мутахассислик учун рўйхатдан ўтиш жараёни бошланади. Магистратура учун фақат хорижий тил сертификати талаб этилади.
Имтиҳонлар қачон бошланади?
Жорий йилда имтиҳонлар 14–25 июль кунларида ўтказилиши тахмин қилиняпти. Бу саналар 2024 йилдагидай бўлиши мумкин, чунки тайёргарлик учун камида 20 кун талаб этилади. Имтиҳон санаси расман эълон қилингандан кейин рухсатномалар шахсий кабинет орқали берилади.
Қайси биноларда ўтади?
Имтиҳонлар учун бу йил 90 та бино захира билан бирга тайинланган. Якуний бинолар сони рўйхатга олинган абитуриентлар сонига қараб аниқланади. Имтиҳон ўтказиладиган манзил, сана ва смена рухсатномада кўрсатилади.
Эслатмалар ва маслаҳатлар:
1. IELTS ёки бошқа халқаро сертификат бор бўлса ҳам, рўйхат вақтида юкланмаса – ҳисобга олинмайди;
2. Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида фанлар ва тилни аниқ белгилаб олишлари зарур;
3. Таълим йўналиши танлаш имконияти фақат иккинчи босқичда берилади;
4. Кечиктирилган диплом ёки аттестат қабулга таъсир қилмайди – лекин тест синовидан кейин тақдим этилиши керак;
5. Ҳужжатда сохталик ёки нотўғри маълумот киритганлар аниқланса, рўйхат бекор қилинади.
Хулоса: 2025 йил абитуриентлари учун имтиҳон тизими янада қулайлаштирилди. Янгича ёндашувлар, онлайн имкониятлар ва босқичма-босқич қабул орқали ҳар бир талабгор ўз билимига қараб, муносиб ўқиш жойини танлаш имконига эга бўлади. Имтиҳонгача оз вақт қолганини инобатга олиб, ҳозирданоқ жиддий тайёргарликни бошлаш фойдадан холи бўлмайди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар