22:00 / 14.01.2021
2 937

Тафаккур ва ақл бир хил нарсани англатадими?

Тафаккур ва ақл бир хил нарсани англатадими?
Нима учун баъзилар юқори тафаккур эгаси бўлади-ю, бошқа бировлар қанчалик уринмасин етукликка эриша олмайди. Тафаккур даражаси наслга боғлиқми? Етук тафаккурга эга бўлиш учун кучли хотирага эга бўлиш керакми? Хотира билан тафаккур орасида қандай боғлиқлик бор? Тафаккур нима учун пасаяди? Нима учун ақли заиф болалар туғилади ёки нима учун соғлом фикрлайдиган одамлар орасида ёши ўтгандан сўнг ақли заифлашиб борадиганлар бор?

Савол: Зарифбой Ражабович. Тафаккур ўзи нима?
Жавоб:
Қанийди, бу саволингизга қисқа иборалар билан жавоб бера олсам. Бу ўта мураккаб саволга ўтмишнинг буюк алломалари-ю, ҳозирги замоннинг етук олимлари ҳам мукаммал жавоб бера олмаган. Тафаккурни изоҳлаб бериш мумкин, бироқ унга тўлақонли таъриф бериш ўта мушкул. Мен бундан бир неча йиллар олдин республикамизнинг кўзга кўринган йирик олими билан учрашиб қолдим. У киши менга афсонаомуз қизиқ бир воқеани айтиб берди.

Қадимда бир файласуфнинг жуда ўткир ва қизиқувчан шогирди бўлган экан. У кўп нарсага қизиқаркан ва кўп нарсани билишни хоҳларкан. Шогирд саволлар беравериб устозини тинч қўймас экан. Бир куни шогирд китоб мутолаа қилаётиб мизғиб қолибди. Тушида ундан бир дарвеш сўрабди: «Эй, ақлли йигит! Сен кўп китоб мутолаа қиласан. Сени ақлли йигит дейишади. Қани айтчи, ақл нима ўзи?». Йигит қанча уринса ҳам бу саволга жавоб бера олмай ярим тунда уйғониб кетибди. У эрта тонггача бу савол ҳақида ўйлаб, жўяли жавоб топа олмабди. У ақл нималиги ҳақида жавоб олиш учун эрта саҳарда устози ёнига отланибди.

Шогирд устозидан сўрабди: «Устоз, ақл нима ўзи?». Шунда устоз ақл ҳақида узоқ сўзлай кетибди. Устоз ақл нималигини ўз шогирдига яхшироқ тушунтириш учун ақлли ибораларга бой ҳикоя ва маталларни мисол қилиб, узоқ тарифлабди. Устознинг ақл ҳақидаги узундан-узоқ изоҳларини эшитавериб, шогирднинг ақли озай деб қолибди. Шогирдининг бу аҳволига ачинган устоз: «Кел, шогирдим бор ақлидан ҳам айрилмасин», деб ақл ҳақидаги тушунтиришларини тўхтатибди. Шунда шогирд сўрабди: «Устоз, нега жим бўлиб қолдингиз?». Устоз жавоб қайтарибди: «Ўғлим, ақл ҳақида фақат ақлсизларгина узоқ ваъзхонлик қила олади. Кел, шу мавзуни тўхтақолайлик». Шу-шу ақлга таъриф беришдан донолар ўзини тияр эканлар.

Эътибор қилсангиз фалсафа, педагогика, психология, психиатрия, неврология, нейробиология, диний китобларда ҳам ақл ва тафаккур ҳақида маълумотлар берилади. Тафаккурни жуда кўп фанлар ўрганса-да, тинимсиз илмий-тадқиқот ишлари олиб борилса-да, унинг механизмлари ҳанузгача тўла-тўкис ўрганилмаган. Бироқ тафаккур олинган илм ва тажрибалар асосида шаклланишини алоҳида қайд қилиб ўтиш лозим.

Савол: Сиз, тафаккур олинган илм ва тажрибалар асосида шаклланади, дедингиз. Бироқ баъзи болалар 3–5 ёшлигидан ақлли иборалар айтадиган бўлишади, ўз тенгдошларидан илгарилаб кетишади. Бунга нима дейсиз? Тафаккур наслга боғлиқми?
Жавоб:
Мен «Эпилепсия» ва «Бебош бола синдроми» ҳақида берган интервьюларим ва «Тиббиёт психологияси» номли китобимда бу тўғрида етарли маълумотлар берганман. У ерда Алишер Навоий, Имом ал-Бухорий, Моцарт, Бах каби буюк даҳоларда истеъдод куртаклари эрта болалик давридан кўзга ташланганлиги ва бу ҳолатнинг асл илдизлари ҳақида сўз юритилган.

Талант куртаклари ёки тафаккурнинг илк нишоналари ҳақиқатан ҳам баъзиларда эрта болалик давридаёқ кўзга ташланади. Бироқ эрта мактаб ёшидаги бола ёмон ўқиса ёки бебош бўлса, боладан умид узиш керак эмас. Чунки баъзиларда инсонни ҳайратда қолдирадиган қобилият аломатлари кейинроқ вужудга келади. Масалан, А.Эйнштейн мактабда ёмон ўқиганини кўпчилик билади. Демак, бола тарбияси ва ўқишидан ҳеч қачон умид узмаслик керак. Сизни хафа қилиб мактабда ёмон ўқиётган бола кейинчалик машҳур инсон бўлиб кетиши мумкин.

Савол: Тафаккур наслга боғлиқми?
Жавоб:
Тафаккур бус-бутунлигича насл¬га боғлиқ бўла олмайди. Унинг қайсидир қирра¬лари наслга боғлиқ бўлиши мумкин. Дунёни лол қолдирган буюк алломаларнинг ота-оналари оддий косиб ёки темирчи бўлганлиги ва аксинча, ўта иқтидорли одамларнинг фарзандлари саводсиз бўлиб етишиши мумкинлигини кўпчилик билади. Эрта болалик давридан ақлли иборалар айтадиган баъзи болалар 5–6-синфга бориб, китоб ўқимайдиган бўлиб қолиши ва ҳатто мактабни зўрға тамомлаши ҳам сир эмас. Демак, бу тушунчага нисбий қараш керак.

Бола, одатда, барча фанларни бир хил тарзда яхши ўзлаштира олмайди. У қайсидир фандан яхши ўқиса ёки қайсидир тўгаракка (устачилик, тикувчилик, пишириқ тайёрлаш, мусиқа, расм солиш, спорт) қизиқса, асосий урғуни шу йўналишга бериш лозим. Расмни чиройли қилиб чизадиган ёки скрипкани қойилмақом чаладиган болага математика ёки физикани ўқишга мажбурлаш энди дунёга келаётган истеъдодни йўққа чиқариши мумкин. Ўзига ёқмаган иш билан шуғулланишга мажбур этишнинг оқибатлари ёмон бўлади.

Савол: Хотира ва тафаккур орасида қандай боғлиқлик бор? Тафаккур кучли бўлиши учун хотира кучли бўлиши шарт дейишади. Шу тўғрими?
Жавоб:
Нотўғри. Хотира тафаккур ривожланишининг дастлабки босқичларида асосий аҳамиятга эга. Хотира ҳам тафаккурга ўхшаган мураккаб жараёнлардан иборат. Унинг турлари ҳам кўп. Масалан, оператив ёки қисқа муддатли хотира (асосан, эслаб қолиш учун масъул бўлган) ёшларда кучли бўлса, семантик хотира (маъно ва тушунчаларга масъул хотира) катта ёшдагиларда кучли ифодаланган бўлади. Баъзиларда кўриш, баъзиларда эшитиш, баъзиларда таъм билиш хотираси кучли бўлади.

Хотираси кучли одамнинг тафаккури ҳам кучли бўлади, деган ақида ҳар доим ҳам ҳақиқатга тўғри келавермайди. Умумлаштириб оладиган бўлсак, талабанинг хотираси институтдаги домланинг хотирасидан, мактаб ўқувчисининг хотираси эса талабанинг хотирасидан кучли. Бироқ мактаб ўқувчисидан талабанинг тафаккури, талабанинг тафаккуридан институтда дарс берадиган домланинг тафаккури яхши ривожланган. Оддий қилиб айтганда, хотира элементлари – бу ош қилиш учун тўпланган масаллиқлар (сабзи, гўшт, гуруч ва ҳ.к) бўлса, тафаккур ош қилиш жараёнининг ўзини билдиради. Ошга қандай масаллиқлар керак-лигини ҳамма билади, бироқ ҳамма ҳам ошни маромига етказиб тайёрлай олмайди.

Савол: Талабалар тест саволларини бир зумда ёдлаб, яхши баҳолар олишади, бироқ оғзаки савол-жавобларда қийналишади. Бу нима билан боғлиқ?
Жавоб:
Тўғри! Аксарият талабалар 1000 та тестни бир кунда ёдлаб олишади ва эртаси куни компьютер орқали қабул қилинган имтиҳондан муваффақиятли ўтишади. Чунки бу ерда қисқа муддатли хотира ишга тушади. Қисқа муддатли хотиранинг вазифаси ахборотни қисқа муддат сақлашдан иборат. Вазифа бажарилганидан ке¬йин мияда хотира излари ўчирилсин, деган буйруқ ишга тушади. Агар 5 баҳо олган талабадан уни огоҳлантирмасдан 3 кундан кейин худди шу саволларни компьютерга қўйиб, яна имтиҳон олсангиз, у имтиҳондан ўта олмайди. Шу боис ҳам унга қисқа муддатли хотира дейишади.

Маълумки, имтиҳонлар оғзаки усул билан ҳам қабул қилинади. Оғзаки имтиҳондан ўтиш учун талабага семантик хотира зарур. Семантик хотира – бу деярли тафаккур дегани. Семантик хотира шаклланиши учун барча хотира механизмлари (айниқса, узоқ муддатли хотира) изга тушади. Шунинг учун оғзаки имтиҳон билан компьютерда тест орқали топширилган имтиҳон баҳолари орасида катта тафовут бўлади. Ўқитувчилар орасида педагогик кенгашларда бўладиган тортишувлар ҳам мана шундан келиб чиқади. Тез фурсатда ёдлаб олинадиган 1000 та тестдан, семантик хотирани ишга солувчи 100 та тест афзал! Бу ҳақда институтда дарс берадиган педагоглар ўйлаб кўришса, яхши бўларди.

Савол: Нима учун буюк шахслар, кўпинча ,паришонхотир бўлишади? Шу ўринда тафаккур паса¬йиб боришининг сабабини ҳам айтиб ўтсангиз.
Жавоб:
Ҳақиқатан ҳам кучли илм соҳиблари паришонхотир бўли-шади. Паришонхотирлик – бу диққат тарқоқлиги ва у албатта хотирага таъсир қилади. Кучли олимлар доимо ҳаёл суриб юришади, кўп ихтиролар моделини ҳаёл суриб яратишади, ғоялар доимий ҳаёл суришлар орқали дунёга келади, ҳаёл суришлар тунги уйқусизликлар сабабчиси ҳамдир. Бунинг натижасида атрофдагилар билан бўлаётган савол-жавоблар ва гап-сўзларга гўёки диққатини қаратмайди. Диққат қилинмаган нарса эсда сақланмайди.

Савол: Устоз, орзу нима-ю, ҳаёл нима? Ғоячи?
Жавоб:
Орзу билан ҳаёлни чалкаштирмаслик керак. Орзу – атрофингизда учиб юрадиган ширин ҳаёл. Уни ушлаш керак! Агар ушламасангиз, «пайпаслаб кўрмасангиз» ва ишга солмасангиз қуруқ орзу билан қолиб кетасиз. Ғоя эса амалга ошган ҳаёлдир. Юксак тафаккур эгаларида ҳаёл кўп ҳолларда ғояга айланади. Тасодифан яратилган ғоялар оддий бир ҳаёллар негизида юзага келади. Бунинг орқасидан қанчалик буюк шахслар Нобель мукофотига сазовор бўлишган. Марк Твен, Альберт Эйнштейн ажойиб ҳаёлпараст бўлишган. Бундай мисолларни кўп.

Савол: Паришонхотирлик оддий одамларда ҳам кўп-ку... Тўғрими?
Жавоб:
Паришонхотирлик нафақат буюклар, балки оддий одамлар орасида ҳам кузатилади. Баъзи одамларнинг (айниқса, 50-60 ёшдан сўнг) диққати тарқоқлашиб, хотираси пасайиб, тафаккур доираси торайиб боради. Ёш ўтган сайин бу ҳолат кучая бошлайди. Хотира ва тафаккурнинг бундай бузилишлари атеросклероз, энцефалопатия, бош мия жароҳатлари, гипертония касаллиги каби ҳолатларда учрайди. Катта ёшдагиларда тафаккур пасайишига деменция деб айтилади. Деменция Алцхаймер касаллигининг асосий белгисидир. Болаларда учрайдиган ақлий заифликка олигофрения дейилади. Олигофрения туғма бўлади ёки турли бош мия касаллик¬лари сабабли ривожланади. Қариндош-уруғлар орасида турмуш қуриш ҳам ақлий заиф болалар туғилишига сабабчи бўлади.

Савол: Сиз хотира ва тафаккур бузилишлари катталар учун хос деб айтдингиз. Менинг бир ўртоғим ёш бўлса ҳам ўта паришонхотир, кўп нарсани эслаб қола олмайди, матнларни ҳадеб ёдлайверади. Бунга нима дейсиз?
Жавоб:
Тўғри! Диққат ва хотира бузилишлари ёшларда ҳам кўп учрайди. Бироқ бу бузилишларнинг сабаби бош мия касалликлари бўлмаслиги мумкин. Ёшларда учрайдиган диққат ва хотира бузилишининг асосий сабаби – бу невроз. Уларга хотирани кучайтирувчи дорилар ёрдам бермайди. Улардаги неврозни бартараф этиш, унинг сабабларини излаб топиш, турмуш тарзини бир маромга келтириш, секин-аста эслаб қолиш қобилиятини тиклайди. Бунга жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Бизнинг клиникага 23 яшар ишбилармон аёл мурожаат қилган эди. Ҳеч нарсани эслаб қола олмайман, ҳеч қайси даволаш усуллари ёрдам бермаяпти, деб сиқилди. Ҳамма текширувлардан ўтиб келибди. Мен унинг неврологик ва нейропсихологик статусини текшириб, ЭЭГ ва МРТ хулосаларини кўриб чиқдим. Унда хотира бузилишига сабаб бўладиган ҳеч қандай касаллик аниқланмади. Унга «невроз» деб ташхис қўйишга тўғри келди. Ишга шўнғиган бу аёл кунига 12 соат тинмай ишларкан.

Шу жадалликда ишлаган аёл бир неча ойлардан сўнг жаҳлдор ва жиззаки бўлиб қолади, секин-аста хотираси пасая бошлайди. Бундан нафақат қўл остида ишлайдиган ходимлари, балки оила аъзолари ҳам азият чека бошлайди. Узоқ психологик суҳбатлардан сўнг мен унга оддий тинч-лантирувчи дорилар ёзиб бердим ва турмуш тарзини ўзгартириши лозимлигини айтдим. Орадан бир ойлар ўтиб, унинг хотираси тиклана бошлади. Демак, оғир бузилишларнинг давоси оддий усуллар ва турмуш тарзини тўғри олиб боришдан иборат бўлиши мумкин.

Савол: Тафаккур ва ақл бир хил маънони англатадими? Улар синоним тушунчаларми?
Жавоб:
Ақл тафаккурнинг синоними эмас. Ақл ва тафаккур бир-бирига яқин иборалар бўлса-да, улар битта маънони англатмайди. Ақл тафаккурга қараганда кенгроқ маънони қамраб олган. Ақл – инсон учун хос бўлган барча олий фазилатлар йиғиндиси. Масалан, илмнинг қайсидир соҳаси бўйича илгарилаб кетган, бир қанча шогирдлар чиқарган профессор юқори тафаккур эгаси бўлиши ва шу билан бирга унинг хулқи бузуқ бўлиши мумкин. Уларни халқимиз орасида ўта илмли дейишади, бироқ ақлли одам дейишмайди.

Энди оддий мактаб ўқитувчисини олайлик. Унинг тафаккури ҳалиги профессор даражасида бўлмаслиги мумкин. Бироқ ўша оддий ўқитувчи одобли, каттани ҳурмат, кичикни иззат қиладиган, меҳрибон, ўз ҳис-туйғуларини жиловлай оладиган, маҳаллада ҳамманинг ҳурматини қозонган, фарзандлари ва невараларига яхши тарбия берадиган, ўзининг хулқи билан барчага ибрат бўладиган одам. Агар мана шу иккала одамни ўртага қўйиб, қай бири ақлли деб сўралса, албатта, мактаб ўқитувчисини танлаган бўлур эдингиз.

Кўриб турганингиздек, тафаккур ва ақл бир-бирига синоним эмас. Ўта илмли одамнинг хулқи бузуқ бўлиши мумкин ва бунга ҳеч ким таажжуб¬ланмайди. Бироқ ақлли одамнинг хулқи бузуқ бўлмайди. Агар хулқи бузуқ бўлганда эди, уни ақлли одам тоифасига киритишмасди.

Савол: Тафаккур ва шахс ҳақида ҳам фикр билдира оласизми?
Жавоб:
Албатта! Тафаккур бошқа, шахс бошқа. Келинг тарихдан мисол келтира қолай. Хоразмшохлар давлати чегараларини кенгайтириб юборган ва ўзини Искандари Соний деб эълон қилган Муҳаммад Хоразмшох, албатта, юксак тафаккур эгаси бўлган. Акс ҳолда шундай Буюк империяни янада кенгайтириб Шарқ дунёсига танилмаган бўлур эди. Бироқ ушбу империяни қулатиб юртни хонавайрон бўлишига ҳам ўша тафаккур эгаси сабабчи бўлди. Унинг ўғли Жалолиддин Мангубердининг Давлатни бошқариш даражасидаги тафаккури отаси даражасида бўлмагандир. Бироқ у буюк Шахс сифатида тарихда қолди. Мана Шахс нима дегани.

Савол: Ҳозирги замондан мисол келтира оласизми?
Жавоб:
Келинг талаба ва Ватан туйғуси ҳақида ёниб-куяётган “тафаккур эгалари” ҳақида мисол келтира қолай. Масалан, Ватан ҳақида қалбларни ларзага солувчи мисралар битаётган буюк шоир, ёзувчи ёки тинимсиз илмий мақолалар ёзиб ётган профессор юқори тафаккур эгаси бўлиши мумкин! Бироқ, ҳали у буюк Шахс дегани эмас.

Дейлик, юртга душман қурол кўтариб кириб келди. Ўша буюк тафаккур эгаси қўрқиб ўзи ёзган китоблари турган жавони орқасига писиб бекиниб олди. Бундай воқеалар тарихда кўп бўлган. Бироқ ҳали тафаккур даражаси энди шаклланаётган 24 яшар талаба йигит юртига бостириб кирган душманнинг қўлидан қуролини шартта тортиб олиб унинг кўксига санчди ва шу ерда ўзи ҳам ҳалок бўлди.

Демак, ким буюк Шахс?! Ўша талаба Буюк Шахс! Бу воқеани ўзи ёзган китоблари жавони орқасида яшириниб ётиб ўз кўзлари билан кузатаётган “буюк тафаккур эгаси” унга қараб: Э, бечора ақлсиз йигит! Ўлиб кетдинг-а! Менга ўхшаб яширинсанг бўлмасмиди, деб ҳаёлидан ўтади. Душман кетгач, унинг миясига зўр илхом келади ва ўша мард йигит ҳақида шеърлар битиб янада машҳур бўлади. Ўзбекистонда бундай мард йигитлар бисёр!

Зарифбой Ибодуллаевнинг
“Асаб ва руҳият” китобидан олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тафаккур ва ақл бир хил нарсани англатадими?