20:53 / 20.02.2021
2 687

Болтиқбўйи халқлари Ўзбекистонга қандай келиб қолган?

Болтиқбўйи халқлари Ўзбекистонга қандай келиб қолган?
Фото: Google Photos
Американинг нуфузли журналларидан бирида Ўзбекистондаги болтиқбўйи халқларининг ҳаёти ҳақида мақола нашр қилинди. Мақолада Литва, Латвия ва Эстония халқларининг 1867–1917 йиллардаги ҳаёти, Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида тарқалиши, диний эътиқоди, касби ва турмуш даражаси ёритилган.

Американинг The American Journal of Interdisciplinary Innovations and Research илмий журналида латвиялик ва ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг болтиқбўйи халқларининг 1867–1917 йилларда Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудидаги турмуш тарзи ҳақидаги мақоласи нашр қилинди. Мақола муаллифлари Даига Страупениэс ҳамда Шерзоджон Чориев болтиқбўйи халқларининг Россия орқали Туркистонга кўчиб киришини 4 босқичда ўрганган.

Унга кўра, Марказий Осиёда илк пайдо бўлган болтиқбўйиликлар Россия қўшини таркибида босқинчи сифатида кириб келган ҳамда 1860 йилларнинг ўрталарида Бухоро ва Хоразмдаги рус манзилгоҳларида қўним топган. Кейинчалик малакали ҳунармандлар, қочқинлар ва инқилобчилар ҳам кириб келган. «Этнический атлас Узбекистана» тўпламида эса латвияликларнинг Марказий Осиёга сўнгги оқими 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентни тиклаш учун келган кўнгиллилар гуруҳи экани айтилган.

Марказий Осиёдаги болтиқбўйи халқлари ўрнашган ҳудудлар
Маълум бўлишича, латвияликлар асосан ҳозирги Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрига, литваликлар Тошкент, Самарқанд ва Фарғона водийсига, эстонияликлар эса Тошкент атрофи, Андижон шаҳри ва Қирғизистоннинг Кёгарт водийсининг қуйи қисмига келиб жойлашган.

Кимлар келган?
Туркистонда озчиликни ташкил қилган латвияликлар моҳир ҳунарманд, давлат хизматчиси, ўқитувчи, шифокор ва уй хизматчиси бўлган ҳамда майда буржуазия қатламини ташкил қилган. Эстониядан эса асосан деҳқонлар келиб, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик билан шуғулланган. Айнан эстон деҳқонлари бошқа славян мигрант деҳқонларга таққослаганда жуда фаровон яшаб, маҳаллий халқнинг ва Россиянинг арзон ишчи кучидан фойдаланган. Кейинчалик эса болтиқбўйи халқлари Туркистонда ҳарбий, тиббий-санитария, маъмурий, юридик, таълим ва адабиёт соҳаларида фаолият кўрсатган.

Тошкентни қайта қуриш
1966 йил Тошкентдаги зилзиладан сўнг шаҳарни қайта қуриш ишларига кўнгилли сифатида Литвадан келган қурувчилар 300 хонадондан иборат 4 та кўп қаватли уйни қурган. Латвияликлар эса 9 минг кв.м. майдонга эга турар-жой биноларини Тошкент аҳлига қуриб, туҳфа этган. Бу даврда Эстония Ўзбекистонга 200 нафар қурувчини юборган ва улар 16 ой ичида 50 та хонадонли уйлардан иккитасини топширган. Лекин қурилиш тугагач, кўп кўнгиллилар яна ўз юртига қайтиб кетган.

Тил
Мазкур халқлар ўзаро мулоқотда ўз она тилидан, қолган ҳолатларда эса рус тилидан фойдаланган. Аммо журналист V.Тюриковнинг ёзишича, латвияликлар маҳаллий халқ тилини ҳам ўзлаштирган, хусусан, қорақалпоқ тилида эркин сўзлаша олган.

Дин
Дин ҳақида сўз юритганда Иустин Пранайтисни (1861-1917) тилга олмасликнинг иложи йўқ. Марказий Осиёдаги католиклар куратори этиб тайинланган литвалик руҳоний Тошкентда ибодатхона ва Рим-католик черкови, Самарқандда эса ибодатхона қурдирган. 1915 йил декабрда у Литвадан келган қочоқлар учун бошпана тайёрлаган ва 60 дан ортиқ кишини иш билан таъминлаган. Дарвоқе, Иустин Пранайтис ўз даврида яҳудийларга нафрати билан танилган ва Бэйлис ишида бевосита диний эксперт сифатида қатнашгани билан машҳур.

Тошкентдаги Рим-католик черкови.
Фото: Google Photos

Туркистондаги қолган болтиқ халқларига келадиган бўлсак, улар асосан православ, рим католик, лютеран реформачилар бўлган, 6 киши эса (4 нафар эркак ва 2 нафар аёл) ислом динини қабул қилган. Православ, католик ва лютеранлар орасида диний саводхонлик юқори даражада бўлган. Тадқиқотчи Л.И. Жукованинг келтиришича, 1905 йил Инжил черковида 100 нафар эстон рўйхатдан ўтган, айрим эстонлар православга эътиқод қилган.

Оила
Оила муносабатларига келадиган бўлсак, бўйдоқ эркаклар ва аёллар сони турмуш қурганлар сонидан юқори бўлганини кўриш мумкин. Ажрашганлар эса умуман йўқ. Бу болтиқ халқларининг оила анъаналарига жуда ҳам содиқ бўлганини кўрсатади.

Атоқли шахслар
Болтиқбўйи халқлари орасида Ўзбекистонда яшаган пайти эътирофга лойиқ хизмат кўрсатган шахслар ҳам бўлган. Латвияликлардан бунга ҳайкалтарош Ян Рейнович Страздин, илм-фан соҳасида эса ботаник ва биолог олим Роберт Иванович Оболин, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Скудре Лидия Рихадровна, Тошкент шаҳар милицияси бошлиғи Ф.Й.Сирул, литваликлардан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари – Совет иттифоқи Қаҳрамонлари Виленский Вольфас Лейбович, Позняк Виктор Генрихович, Мац Грегорий Зелманович, ядро физикаси соҳаси бўйича профессор Б. Витолтас, тиббиёт фанлари доктори Г.Ф. Манкус, архитекторлардан А. Жмуйд ва Г. Жмуйд, ҳайкалтарошлар Я. Кучис ва Ю. Липос, график ва плакатчи-рассом А. Читкаускас, витражчи I. Липен, Литва маданият маркази асосчиси I. Дервинис мисол бўла олади.

Эксперт фикри
Марказий Осиёда Болтиқбўйи халқлари ниҳоятда озчиликни ташкил этгани сабаб, уларнинг турмуш тарзи деярли ўрганилмаган. Шу сабаб айни диаспора билан шуғулланувчи мутахассислар жамоаси мавжуд эмас. Миллий археология маркази фанлараро тадқиқотлар бўлими кичик илмий ходими Элдар Асанов берган маълумотга кўра, Болтиқбўйидан Марказий Осиёга дастлаб Россия армияси таркибидаги аскарлар келган. Шунингдек, амалдорларни пастроқ амалга тушириш ёки жазолаш керак бўлса улар Тошкентга хизматга юборилган.

Католик руҳоний Иустин Пранайтес ҳам православ диндорлар қўли билан Тошкентга сургун қилинган. Бундан ташқари яна бир гуруҳ қочоқлар, сургун қилинганлар ҳам бўлган. Биринчи жаҳон урушида ҳам Литва, Латвия, Эстониядан эвакуация қилинганлар орадан вақт ўтиб, ўз юртига қайта кўчирилган. Ҳозирда Ўзбекистонда яшайдиган болтиқбўйи халқлари алоҳида идентлиги билан яққол ажралиб турмайди ва кишилар уларни бир кўрганда рус миллатига мансуб деб ҳисоблаши мумкин. Ҳатто паспортда ҳам кўпчилигининг миллати рус деб қайд қилинган.

Элдар Асанов, шунингдек, Марказий Осиё тарихида латвиялик совет сиёсатчиси Ян Рудзутак алоҳида ўрин тутганини таъкидлаб ўтди. Маълум бўлишича, у узоқ йиллар РКП (б) Туркбюро раиси, РКП (б) Ўрта Осиё бюроси раиси бўлиб ишлаган ва миллий чегаралаш дастури лойиҳачиларидан бири бўлган.

Ғуломова Зиёдахон тайёрлади

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Болтиқбўйи халқлари Ўзбекистонга қандай келиб қолган?