
К-поп мухлислари учун узоқ кутилган хушхабар — БТС қайтди. Жанубий Кореянинг дунё бўйича машҳур йигитлар гуруҳи янги албом ва жаҳон бўйлаб гастрол сафарини 2026 йил баҳорига режалаштирганини расман тасдиқлади.
Бу эълон гуруҳ аъзолари ҳарбий хизматни тўлиқ якунлаганидан кейинги илк жонли эфир чоғида янгради. Эфир давомида БТС аъзолари шу ойнинг ўзида АҚШга йўл олишлари ва у ерда янги мусиқа устида иш бошлашларини маълум қилишди.
— Салом ҳаммага, биз яна қайтдик, — деди Жимин. Гуруҳ аъзолари эса шундай қўшимча қилди: — Янги албомимиз 2026 йил баҳорида чиқади. Албом билан бирга жаҳон гастрол сафарини ҳам режалаштиряпмиз. Барча мухлисларимизни дунё бўйлаб кўришни истаймиз. Ишонамизки, сиз ҳам биз каби ҳаяжондасиз.
Бу БТС учун 2022 йилда бўлиб ўтган Permission to Dance on Stage номли гастрол сафаридан кейинги илк глобал сафари бўлади. Шунингдек, янги албом гуруҳнинг 2020 йилдан бери чиқадиган илк тўлиқ форматдаги мусиқий ишланмаси бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея қонунчилигига кўра, ҳар бир эркак фуқароси 18 ойлик мажбурий ҳарбий хизматни ўташи шарт. Айнан шу талаб туфайли БТС 2022 йилда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлиб, жаҳон миқёсидаги машҳурлик чўққисида танаффус олган эди.

Гуруҳ аъзолари мухлислари билан боғланиш учун ишлатиладиган Weverse платформасида қуйидагиларни ёзишди:
— Июл ойидан бошлаб барча етти аъзо бирга янги мусиқа устида ишлай бошлайди. Бу гуруҳ албоми бўлганлиги сабабли, ҳар биримизнинг фикр ва ҳис-туйғуларимизни ўзида акс эттиради. Биз бу лойиҳага айнан илк фаолият бошлагандаги хиссиётлар билан ёндашяпмиз.
БТС мухлислари, яъни "ARMY", узоқ йиллик танаффусдан сўнг гуруҳ аъзоларини яна бирга кўриш учун интизорлик билан кутаётган эди. Гуруҳдаги энг сўнгги аъзо Суга ўтган ойда ҳарбий хизматни якунлади.
Маълумотларга кўра, БТС аъзолари ҳарбий хизмат муддатини навбатма-навбат бажариш орқали гуруҳнинг тўлиқ фаолиятдан узоқ қолмаслигига ҳаракат қилишган. Ж-Ҳопе 2023 йил октябрда армиядан чиққан ва ўша вақт ичида ўзининг яккахон гастрол сафарини якунлаб, 2025 йил 13 июл куни бўлиб ўтадиган Лоллапалооза Берлин фестивалида саҳнага чиқади.
БТС гуруҳи илк бор 2013 йилда саҳнага чиққан бўлиб, у 2010 йилда шаклланган. Гуруҳ қисқа фурсатда жаҳон миқёсидаги энг муваффақиятли К-поп жамоасига айланди. Улар 2020 ва 2021 йилларда дунёдаги энг кўп сотилган мусиқа ижодкорлари бўлган. БТС гуруҳининг АҚШда олтита албоми ҳамда олтита алоҳида чиқарилган қўшиғи (сингли) мусиқий хит-парадларда (чартларда) энг юқори — биринчи ўринни эгаллаган.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар