08:04 / 24.04.2021
2 918

Танзила Норбоева: «420 млн сўмга қурилгани айтилган мактаб бўм-бўш ер бўлиб чиқди»


Фото: Сенат матбуот хизмати
2020 йилда Ўзбекистондаги 2,5 мингдан ортиқ бюджет муассасасида 301 миллиард сўмдан ортиқ бюджет маблағлари талон-торож қилинган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева парламент юқори палатасининг 23 апрель куни ўтказилган ялпи мажлисида маълум қилди.

«Нархларни сунъий ошириш орқали давлат харидларини амалга ошириш ҳолатлари аниқланганлиги ташвишли ҳолатдир», — дея Сенат раисининг сўзларини келтирган «Gazeta.uz». Мажлисда қурилиш, тиббиёт, мактабгача таълим соҳаларида коррупция ҳолатлари кўпайгани таъкидлаган.
Таҳлилларга кўра:
  • қурилиш соҳасидаги 44 та қонун ҳужжати экспертизадан ўтказилганда, уларнинг 23 тасида 124 та;
  • соғлиқни сақлаш соҳасидаги 70 та қонун ҳужжатининг 13 тасида 41 та;
  • таълим соҳасидаги 96 та қонун ҳужжатининг 17 тасида 81 та коррупциявий омиллар аниқланган.
Маълум қилинишича, 2019 йилда ирригация, мелиорация тадбирлари учун ажратилган 1,7 миллиард сўм маблағ талон-торож қилинган бўлса, 2020 йилда бундай ҳолатлар қарийб ўн баробарга ошиб, 16 миллиард сўмни ташкил этган. Мазкур йўналишда 2019 йилда 92 та жиноят аниқланган бўлса, 2020 йилда бу рақам қарийб тўрт баробарга ошиб, 359 тани ташкил этди.

Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, касалликка қарши курашиш тадбирлари ҳамда тиббиёт ва карантин муассасаларини қуришда 367 миллиард сўмдан зиёд молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган. Қиммат нархларда шартномалар тузилган. Айрим ҳолларда маблағлар умуман бошқа йўналишларга сарфланган.

«Чет элда юрган 1,5 минг нафардан зиёд фуқарога жамоат ишларида қатнашди, дея 1,4 миллиард сўм ёки водий туманларида (Тошлоқ, Косонсой) пахта теримида қатнашмаганларга миллионлаб маблағ иш ҳақи сифатида тўлаб юборилганини мутасаддилар нима билан изоҳлашади?» — деган Сенат раиси.

Маълумотга кўра, халқ таълими тизимида 192 миллиард сўмдан зиёд молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Сохта ҳужжатлар асосида 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағ, жумладан, Деҳқонобод, Чироқчи, Қамаши ва Яккабоғ туманлари халқ таълими бўлимларида 8,7 миллиард сўмлик иш ҳақи ноқонуний ўзлаштирилган.

«Тизимдаги қурилиш-таъмирлаш ишларида қарийб 6 миллиард сўм нотўғри сарфланган. Беруний туманида 420 миллион сўмга қурилиб, фойдаланишга топширилди, дея кўрсатилган мактаб филиали, аслида бўм-бўш ер бўлиб чиққани ақлга сиғмайди. Бу каби камчиликларни мактабгача таълим тизимида ҳам кўриш мумкин. 48 миллиард сўмдан зиёд молиявий хатоликларга йўл қўйилган. Қарийб 4,5 миллиард сўм маблағ ноқонуний ўзлаштирилган
», — деган Танзила Норбоева.

«Ҳар йили ҳисобот эшитганимизда миллиардлаб бюджет маблағлари талон-торож қилинаётганлиги ёки мақсадсиз сарфланганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Савол туғилади, бу қачонгача давом этади?» — деган Сенат раиси.
Мажлисда ижро органлари фаолияти, хусусан, улар томонидан бюджет маблағлари сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш кераклиги таъкидланган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Танзила Норбоева: «420 млн сўмга қурилгани айтилган мактаб бўм-бўш ер бўлиб чиқди»