Сирдарё вилоятида ноодатий ҳолат қайд этилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда ЗИЛ-53 русумли автомашина давлат рақами ўрнига “Farruh” деб ёзилган белгини тақиб ҳаракатланаётгани акс этди. Мазкур ҳолат Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўрганилиб, ҳайдовчига қонун асосида чора кўрилди.
Маълумотларга кўра, қоидабузар ҳайдовчига нисбатан тегишли баённома расмийлаштирилди ва транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.
Ҳайдовчи эса ўз қилмиши учун афсусдалигини билдирди:
— Қонунбузарлик эканини билардим. Лекин қизиқиб, шундай “номер”лар қилиб кўрдик. Бошқаларга ҳам бундай ўзбошимчаликдан сақланишни маслаҳат бераман, — деди у.
Шу билан бирга, аҳоли орасида катта қизиқиш уйғотган яна бир масалага ойдинлик киритилди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 сентябрда қабул қилинган қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда автомашина учун шахсий “ноёб” давлат рақами белгисини олиш имкони яратилади.
Унга кўра, фуқаролар “Узавтомотобелги” давлат унитар корхонаси орқали ҳарф ва рақамлардан иборат олтитагача комбинация тузишлари мумкин бўлади. Бу рақамлар электрон ким ошди савдолари орқали тақдим этилади ва амалдаги рақамлар билан такрорланмаслиги ҳамда қонунчилик ва ахлоқий меъёрларга зид маънога эга бўлмаслиги шарт қилиб қўйилади.
Мутахассислар таъкидлашича, янги тартиб нафақат ҳайдовчиларнинг шахсий истакларини рўёбга чиқаради, балки давлат бюджетига ҳам қўшимча даромад олиб келади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!