Чиноз туманида рўй берган йўл-транспорт ҳодисасида Gentra ҳайдовчиси ҳалок бўлди. Маълумотларга кўра, Cobalt автомашинаси қувиб ўтиш қоидасини бузиб, йўлнинг қарши йўналишига чиқиб кетган ва Gentra билан тўқнашган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Cobalt’ни йўл-патрул хизмати ходими катта тезликда ва давлат рақамини ечиб олган ҳолда бошқаргани айтилаётгани Kun.uz томонидан тасдиқланди.
Ҳодиса 2025 йил 12 август куни соат 05:30 атрофида М-39 трассасининг Чиноз туманидан ўтувчи қисмида содир бўлган. 1987 йилда туғилган Файзулла Убайдуллаев бошқарувидаги Gentra машинасига қарши йўналишдан чиққан Cobalt келиб урилган. Жароҳат олган ҳайдовчи шифохонада вафот этган.
Автомобилда унинг турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди ҳам бўлиб, улар Самарқандга саёҳатга кетаётгани маълум қилинди. ЙТҲ оқибатида марҳумнинг икки қизи ва турмуш ўртоғи ҳам тан жароҳати олган.
Марҳумнинг қариндошлари иддао қилишича, Cobalt рулида ЙПХ ходими Даврон Йўлдошев бўлган. У автомашина рақамини ечиб олиб, юқори тезликда ҳаракатланган ва нотўғри қувиб ўтиш натижасида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиққан. Уларга кўра, Йўлдошев ЙТҲдан сўнг давлат рақами олиб ташланган Damas’га ўтириб, ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан кетиб қолган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!