Наманган вилоятида Россиядаги қуролли тўқнашувда иштирок этганликда айбланган 55 ёшли фуқарога нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда РИА Новости суд материалларига таяниб хабар берди.
Тергов маълумотларига кўра, у 2023 йил июнида меҳнат қилиш мақсадида Россияга борган. Аммо иш патенти расмийлаштириш ўрнига унга Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш таклиф қилинган. Шу йил июль ойида у бир йиллик шартнома имзолаб, “Дед” лақабини олган.
Айбланувчи Белгород шаҳрида хизмат қилган бўлиб, асосан ҳарбий техникани таъмирлаш ишлари билан шуғулланган ва тўғридан-тўғри жанговар ҳудудларга юборилмаган. Хизмат даврида у 700 минг рубл бир марталик тўлов ҳамда ойига 150–200 минг рубл миқдорида маош олган. У маблағнинг бир қисмини — тахминан 15 минг долларни “Золотая Корона” тизими орқали оиласига жўнатган.
2024 йил май ойида соғлиғи билан боғлиқ сабабларга кўра ишдан бўшаб, Ўзбекистонга қайтган. Бир муддат ўтгач, унинг исми “Хочу жить” (“Мен яшашни хоҳлайман”) лойиҳасининг Телеграм каналидан урушда иштирок этган ўзбекистонликлар рўйхатида пайдо бўлган. 2025 йилда эса у қўлга олинган.
Суд уни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (“Ёлланма жангчилик”) бўйича айбдор деб топди ва умумий тартибдаги колонияда 2 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!