20:10 / 28.04.2021
3 269

Фаоллар депутатларни хиёнатда айбламоқда — саҳнада яна тил масаласи

Фаоллар депутатларни хиёнатда айбламоқда — саҳнада яна тил масаласи

Ҳар бир кун мавзусиз, ижтимоий тармоқлар эса қаҳрамонсиз қолмайди, деб ёзганди бир ҳамкасбимиз.
Давлат органларига давлат тилида (бошқа тилда бўлса, илова қилинган ҳолда) мурожаат қилиш шартлигини тиркаб қўйиш масаласида ўзбек парламенти ноодатий тарзда «кучли мунозара»га борган кўринади (ҳар ҳолда натижалар шуни кўрсатмоқда). Қайсидир амалдор тайинланса силлиққина тасдиқлайдиган депутатлар бу сафар «яхшигина тер тўккан» чоғи.

Хуллас, тармоқларда қарорни тасдиқламаган халқ вакиллари шарафига тинимсиз танқид-дашномлар ёғилишда давом этмоқда. «Журъатсиз давлат органидан нима кутган эдингиз?»дан тортиб қаттиқ ҳақоратларгача турли-туман. Айниқса улар орасида қалам аҳли сарбонликни қўлга олишган. Ҳатто 37-йилларнинг ҳиди анқийдиган «хоин» сўзига ҳам пайдар-пай кўз тушади.

Аммо мен ҳам бир ўзбекистонлик, шу тилда бижирлаб тили чиққан фуқаро сифатида кўпчиликка ёқинқирамаган биттагина саволни қўймоқчи эдим: Тилимизнинг ривожланмаслигига фақат шу журъатсиз депутатлар айбдорми? Улар иродасизлик қилгани билан, ушбу депутатлар ўзгаришни истамаётган, чорак асрдан бери алифбо ислоҳотини судраб, мудраётган жамиятнинг бир қисми эмасми?

Овоз бериш натижалари ҳақида эҳтиросга берилишдан ўзимни тиймоқдаман, чунки тил мавзуси бугун трендга чиққани билан, уч кундан сўнг ўз ўрнини навбатдаги мавзуга бўшатиши эҳтимоли юқори. Муаммолар эса биз билан қолади, орада эса бир пайтлар миллий монополияни ҳимоя қилган, парламентдаги иссиқ ўрнидан туриб Россиядаги юртдошларни айблаган партия ва унинг раиси ютадиганга ўхшаяпти.

Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, бунда ҳар биримизнинг ҳиссамиз бор. Тилнинг ривожланиши, фан тилига айланиши, машҳурлашиши учун фақат ва фақат ўша тилда сўзлашувчилар жавобгар.

Бир мисол келтираман: интернетнинг беминнат маълумотлар базаси — Википедияда инглиз тилида 6 миллион 287 минг 904 та мақола жойланган экан. Рус тили эса қуйироқда — 1 718 530 та. Ўзбек тили 140 мингдан зиёд материал қўйилган. Ҳатто аҳолиси 3 миллион ҳам чиқмайдиган мўжазгина Литва тилида 199 мингта мақола мавжуд экан.

Яқин ўтмишда оддийгина Википедия кирувчиларнинг 60,7 фоизи инглиз тилида маълумот олган экан. Рус тили тўртинчи поғонани эгаллаган — 6 фоиз.

Ўзбек тилини қидирмадим: ҳарҳолда биз хурсанд бўладиган поғонада эмас.

Мен инглиз тилини ўрганишни бошлаш учун Youtubeга кириб «english lesson» деган бирикмани ёзишим кифоя. Видеохостинг миллионлаб материалларни қалаштириб ташлайди. Тилни онлайн ўргатадиган устозларни эслаб қолмасангиз, йўқотиб қўйишингиз ҳам ҳеч гап эмас.

Абитуриентлик давримизда кимё, физикага ўхшаш қийин фанларни ўзлаштирадиган тенгдошлар ҳазиллашарди: «Бизни оёғимиздан мураккаб формулали ўз фанларимиз эмас, она тили чалади!» деб. Мактаблар учун яратилган она тили дарсликлари қийинлигини битта мисолда кўрсатиш мумкин: «Аниқловчи эргаш гапли қўшма гапнинг бош гапида кесим вазифасида келган сўзда қатнашган ундошларни овоз ва шовқиннинг иштирокига кўра таснифланг». Тил грамматикасининг қонуниятлари дарахт илдизидай бир-бирига ғовлаб кетганки, уларни эслаб қолиш ва амалда қўллаш учун дурустгина сабр керак.

Журналистика факултетида таҳсил олганимизда айрим фанлардан ўзбекча дарсликларни кўрмаганмиз ҳам: тиши ўтганлар бошқа тилларда топиб ўқир, ҳар иккиси қўлидан келмаганлар устознинг берганига қаноат қиларди ёки бировга таржима қилдирарди. Адабиётлар муаммоси шунчаликка бордики, «рус (чет) тилини билмасанг мутахассис сифатида ҳеч нимага ярамайсан ва бировга керак эмассан» деган аччиқ хулосаларга сабаб бўлди.

Сўнгги ўттиз йил ичида алифбомизнинг учинчи бор ислоҳ қилиниши ва амалиётдаги депсинишларни, гапирмаса ҳам бўлади.
Менимча, депутатлар мавзусидан қўлни ювиб, биттагина мақола, китоб, шеър ва бошқа нарсани ўзбекчага ўгириб қўяётган, Ўзбекистоннинг ривож топиши йўлида ишлаётганлар йўлини тўғрироқ деб билиш лозим ва лобиддир. Зеро тилни ҳимоя қилишнинг кимнидир мажбурлаш, кўчадаги реклама ва вивескаларга қарши курашиш, аччиқ гаплардан бошқа йўллари ҳам кўп.

P.S: Булар каминаи ожизнинг мутлақ шахсий фикрлари эди.
Улуғбек Орипов


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Жамият » Фаоллар депутатларни хиёнатда айбламоқда — саҳнада яна тил масаласи