Наманган осмонида ғайритабиий ҳодиса кузатилди

Кеча, 24 май куни Наманган осмонида кам учрайдиган ва кўпчиликни ҳайратга солган ғайритабиий манзара кузатилди. Қуёш атрофида пайдо бўлган ёрқин ҳалқа кўплаб фуқаролар эътиборини тортиб, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мутахассисларнинг тушунтиришича, ушбу ҳодиса “Гало” деб аталади. Бу — атмосфера шароитида юзага келадиган оптик ҳодиса бўлиб, Қуёш ёки Ой атрофида ёруғ ҳалқа пайдо бўлиши билан намоён бўлади. Бундай эффект ҳавода муаллақ ҳолда учиб юрувчи майда муз кристаллари орқали ёруғликнинг синиши ва қайтиши натижасида ҳосил бўлади.
Натижада осмонда ранг-баранг доира, ёрқин ёйлар ёки нурли устунларга ўхшаш тасвирлар пайдо бўлади. Айниқса қуёшли кунда бу манзара янада равшан ва жозибали кўринади.
Кузатувчиларнинг айтишича, Намангандаги ушбу манзара ҳам ўзининг гўзаллиги ва ноодатийлиги билан ажралиб турган. Кўпчилик бу ҳодисани суратга олиб, уни “табиат мўъжизаси” сифатида баҳоламоқда.
Маълумки, “Гало” ҳодисаси тез-тез учрамайди ва кўпинча совуқ қатламларда муз кристаллари мавжуд бўлганда юзага келади. Шу боис бундай манзарани кўриш кўпчилик учун ноёб ва эсда қоларли лаҳза ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!