00:07 / 02.05.2021
4 638

Сардоба тошқинида қабристондаги ўғилларини қутқараман деб сувда оқиб кетган Муҳаммадали ҳикояси


Муҳаммадали Суюнов.
Фото: «Дарё» / Шаҳбоз Озодов

Сардоба туманидаги Қўрғонтепа қишлоғи — бир йил аввал ёрилиб, минглаб одамлар тинчини бузган сув омборга энг яқин аҳоли пункти. Гулистонда туғилган, ота-бобоси асли зоминлик Муҳаммадали Суюнов ҳам 40 йилдан бери шу қишлоқда яшайди. Қишлоққа ҳам имомлик қилган, ҳам қабристонига қараган марҳум ҳожи отасининг ишини давом эттириб, қишлоқ қабристонида назоратчилик қилади.

Тошқин юз берган тонгда Муҳаммадали аканинг икки ўғли қабристонда (улар у ерда ҳафталаб қолиб, ҳам отасининг ишларига қарашар, ҳам қўй-қўзи боқишдек ишлар қиларди), ўзи эса аёли билан уйда бўлган. «Эрталаб соат 4:30—5:00 ларда телефон қилишди, ‘ота, маҳалла, совхозимиз тинчми, биз томон қабристонга сув келяпти’, дейишди», — деб эслайди у. Ҳар қандай ота каби у ҳам ўша вақт фарзандларини йўқотишдан қўрққан.

Телефон қўнғироғидан сўнг ташқарига чиқса, қандайдир ёқимсиз, гувуллаган овоз. Кўчада сув омборида ишлайдиган бир танишини кўрган. «У ‘сув тўғонни уриб кетди, иккала болангиз қабристонда қолиб кетди’, деган пайтда биринчи марта ўлиб тирилдим», — деди Муҳаммадали ака. Ота шу заҳоти уйидан 6 километр масофада жойлашган қабристонга велосипедда боришга уринган, бироқ қабристонга 2 километр қолганида сув унинг йўлини тўсган. Нима қиларини билмай, ўғилларига телефон қилган.

«Иккисининг ҳам телефони ўчиқ чиқди. Ўша пайт ‘болаларим кетди’ деб, иккинчи марта ўлиб-тирилдим», — дейди у. Сал ўзига келиб, ортга, уйга қайтаркан, бир километр ҳам юрмасидан йўлни, тахминан, 100 метр энликдаги тўлқин тўсиб бораётганини кўрган, сувдан ўтаман деганида эса устидан яна бир тўлқин келиб уриб, уни оқизиб юборган.

«Сув оқизиб кетаётганида отам кўз олдимга келди. ‘Муҳаммадали, ҳаракат қил» деди. Отамнинг руҳи билан 1,5—2 километрча, тахминан, 20 дақиқалар суздим, икки марта сув ютдим. Жуда чарчадим, ҳолим қолмади», — деб ҳикоя қилиб бераркан, бу оғир хотиралар Муҳаммадали акага азият бераётгани юзидан билинарди... У бир амаллаб қуруқликка чиқиб олгач, яна ўғилларига телефон қилган, бироқ сувга бўккан телефон ишламаган.

Тушликдан кейин сув тортила бошлаган. «Кийимларимни қуритиш учун ёйиб қўйгандим. Сув қайта бошлагач, кийимларимни ҳаммасини йиғиб, елкамга боғлаб, чўп синдириб олдим-да — белимгача лой, баъзи жойларда сув оқяпти — 17-18 та ўпирилган жойдан ўтиб, соат, тахминан, 16:30—17:00 ларда асфальт йўлга чиқиб олдим», — дейди Муҳаммадали ака. Шу ерда уни вертолётчилар кўриб қолиб, қутқарган.

Муҳаммадали ака вертолётга чиқиши билан ўтиниб сўраган: «Қабристонга учинглар, икки ўғлим ўша ерда қолиб кетди!..». Қабристон устида айланишган, аммо у ерда ҳеч ким бўлмаган. Балки сув омборининг штабидадир, деган умид ҳам оқланмаган — у ерда ҳам бирор жон йўқ, ҳаммаёқ сув. Ўғиллар Учтомдаги маҳалладан ҳам топилмаган. «Кун бўйи беш марта ўлиб-тирилдим, тамом бўлдим ўшанда», — дея, ота бу воқеаларни қайта бошдан кечираётгандек ғамга ботади.

Ўғиллар қайғуси — алоҳида ҳикоя; тошқин остонасидаги уйда уларнинг онаси — Муҳаммадали аканинг рафиқаси қолиб кетганди. «Маҳалламиз ‘участкавой’и Damas’да келиб, аёлимни олиб чиқиб кетибди. Шу билан аёлим кечгача эвакуацияда, мени Гулистондаги ҳарбий қисмда, иккала ўғлим ҳам Гулистондаги бошқа жойда эвакуацияда қолган. Оиламиз пароканда бўлиб, тарқалиб кетди. Алоқа йўқ, ким қаерда, ўликми, тирикми, билмаймиз», — сувдан омон чиқса-да, қувонадиган жойи бўлмаганини эслайди у.

Муҳаммадали ака уйи цементдан қурилгани учун бутунлай қуламаган бўлса ҳам, белгача келадиган лойни тозалаш учун ҳарбийлар, Миллий гвардия йигитлари ҳафталаб меҳнат қилганини такрор-такрор айтади, миннатдорлигини билдиради. Оила бошлиғи оқиб кетган нарсаларга ачинмаслигини айтиб, оиласи соғ-омон, бутун қолганига шукроналар келтиради.

Айни вақтда, бу фалокат унинг соғлиғига таъсир қилгани ҳам бор гап. «Совуқ сувда 1,5—2 километр сузишнинг ўзи эмас, совуқ ўтиб кетди. Ўзи ‘грижа’м бор эди. Кўпчилик қатори мени ҳам санаторийга бепул юборишди, даволаниб келдик, Президентимизга раҳмат. Уйга келиб ҳам анча даволандим. Кейин Гулистондаги шифохонада даволаниб келдим. Ҳозир асабларим, руҳиятим ҳам яхши, ўзимни тутиб юраман, ўзимга келганман», — дейди Муҳаммадали ака.

Сардоба тошқини бу хонадондаги режалаштирилган эзгу ишларнинг бир қисмини бироз ортга сурди. Муҳаммадали ака 2020 йили Хотира кунини ўтказиб, икки ўғлига қўш келин туширмоқчи бўлган. Лойдан қурилган қўшимча уйини сув оқизиб кетгани учун ҳозирча фақат катта ўғлига тўй қилди, яқиндагина. Хонадонда «Ёр-ёр»лар янгради, ўтган йилдан қолган оғриқлар ҳаминқадар аригандек бўлди.
Хайрлашарканмиз, Муҳаммадали ака дуога қўл очди: «Илоҳим, юртимизни ўт балоси, сув балосидан асрасин, фақат яхшиликлар бўлсин!»

Муаллифлар: Мустаҳкам Тангриёрова, Мусулмонбек Иброҳимов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сардоба тошқинида қабристондаги ўғилларини қутқараман деб сувда оқиб кетган Муҳаммадали ҳикояси