Харков миллий университети талабаси Жонибек Бердиқулов Украинада уруш бошлангач, беш кун давомида бошдан ўтказганлари, ватанга етиб келгунча бошидан ўтказган қийинчиликлари ва Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ходимлари кўрсатаётган жасорат ҳақида сўзлаб берди.
“2019 йилда Харков миллий университети талабаси бўлдим ва ўша йили жўнаб кетдим. Ҳозирги вақтда халқаро ҳуқуқ йўналиши бўйича таҳсил оляпман.
Уруш бошлангунга қадар ҳам оммавий ахборот воситаларида бир неча марта унинг муқаррарлиги ҳақида мақолалар эълон қилинди. Бу вақт давомида ҳарбий машиналар, катта-катта техникалар Украинага яқинлашгани ҳақида хабар берилди. Биз турган жойдан ўттиз километр масофада – Белгород ҳудудида Россия қўшинлари турарди. Кейин Харковда таҳсил олаётган талабалар хавотир олиб, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси билан боғландик. Улардан уруш бўлиш-бўлмаслиги ҳақида сўрадик. Элчихонадагилар бу пайтда ҳали уруш ҳақида расмий маълумот бўлмагани сабабли хавотирга тушмасликни, бирор хавфли вазият бўладиган бўлса, ёрдам беришларини маълум қилишди. Ҳақиқатан ҳам ўқишимиз одатдагидек давом этаётганди.
Шу тариқа 16 феврал, 20 феврал кунлари уруш бошланаркан, деган хабарлар тарқалди. Ҳамма ўзи қўрқувга тушиб қолганди, ярим тунгача ухламасдик.
24 феврал тонгда кучли шовқиндан уйғондик. Кейинроқ билсак, бизга яқин бўлган учта ҳудудда портлаш бўлган экан. Ўша заҳоти ётоқхона бўйлаб огоҳлантириш қўнғироғи чалинди. Бинода бетартиблик бошланди, сув тизими ишдан чиқди. Талабалар пастга йиғилдик, уруш бошлангани айтилди. Ҳамма кутиб турган нарса содир бўлганди”, деб эслади Жонибек бир ҳафта олдинги воқеаларни.
Унинг айтишича, ўша куни тонг ёришар-ёришмас Харковдан украин талабалари уйларига қайта бошлаган. Бутун дунёдан келиб таҳсил олаётган талабаларнинг ҳаммасида битта муаммо – қандай қилиб уйга етиб олиш мумкин, деган савол пайдо бўлган.
“Бизга ётоқхонада қолиш хавфли экани айтилди. Турар жойимиз марказдан бироз четда бўлгани учун қўлимизга илинган нарсани олиб, метрога етиб бордик. Метро ичкарисида бошпана учун жой тайёрланган экан. Ҳар ким истаган станциясига етиб олиши учун метро текин қилиб қўйилди. Сув ташкил қилинди. Аммо биз, талабалар шошиб қолганимиз учун, қолаверса, воқеалар тонгда содир бўлгани сабабли егулик ғамлаб ололмагандик.
Элчихонага телефон қилдик. Элчихонадагилар қўлларингиздан келганича юртдошларимизнинг рўйхатини қилинглар, дейишди. Ўша ернинг ўзида 131 нафар талабанинг рўйхати ва маълумотини тўплаб бердим. Уч мингга яқин талабанинг маълумоти тўплангач, ётоқхонада бўлиб туришимиз айтилди. Элчихона бизни эвакуация қилиш учун учинчи давлат сифатида Молдавия билан алоқа боғлаётганини билдирди. Кечга бориб яна гаплашдим, элчихона вакиллари Киевдан йўлга чиқаётгани, икки давлат ҳам огоҳлантирилиши ва бизнинг эвакуация қилинишимиз айтилди. Аммо эртаси куни 25 февралда ҳам Харковдан чиқиб кетолмадик, Молдавия бизни қабул қилмагани айтилди.
26 феврал куни соат ўнларда элчихона вакиллари телефон қилиб, Полша орқали Ўзбекистонга қайтарилишимизни маълум қилишди”, дейди Жонибек.
Талабалар шундан сўнг ҳам Харковдан чиқиб кетишга бир неча марта уринишган. Бино подвалида жон сақлашга мажбур бўлишган. Ётоқхонадан 150 метр нарида снарядлар портлади, дейди Жонибек. Кеча-ю кундуз тинимсиз ўқ товушлари эшитилиб турган.
Ўзбекистон элчихонаси талабалардан фақат зарур ҳужжатларни олиб, қўшимча юкларни қолдиришни сўраган. Поездга иккита махсус вагон уланиши ва ўша орқали ўзбек талабалари хавфсиз жойга етиб олишлари мумкинлиги айтилган.
“Биз элчихона айтган жанубий вокзалга етиб олишимиз ҳам осон бўлмади. Йўл хавфсиз эмас, таксилар олиб боришга кўнмайди, автобуслар умуман ҳаракатланмаяпти. Бир курсдошимиз шахсий машинасида бизни жанубий вокзалга олиб борадиган бўлди. Йўлда украин ҳарбийларининг танклари йўлига тушиб қолдик. Қарама-қарши ҳаракатланишга мажбур бўлдик. Бизнинг кимлигимизни билмаган ҳарбийлар қуроллар билан ўраб олишди, ҳаммамиз ерга ётдик. Ўша вақт хаёлимиздан кўп нарса ўтди. Кучли қўрқувдамиз, ҳарбийлар фавқулодда ҳолат бўлгани учун огоҳлантирмай отишлари ҳам мумкин эди. Талаба эканимизни, эвакуация қилинаётганимизни айтганимиздан сўнг бизни тушунишди ва қўйиб юборишди”, дейди Жонибек.
Жанубий вокзалда бутун дунёдан келиб таҳсил олаётган талабалар, қолаверса, маҳаллий аҳоли ҳам тўпланганди. Бундай вазиятда поездга чиқиш ҳам осон эмас. Жонибек вокзал Украинанинг тинч бўлган Львов шаҳрига ва у ердан Полшага ўтиб олишни ният қилганлар билан тўлганди, дейди.
“Кутилган поезд келди. Ҳамма вагонга ўзини урди, киролмаганлар ичкарига поезд деразаларидан тортиб олинди. Вагон ичкарисида одам шунчалик кўп эдики, ерга ўтириб кетишнинг ҳам имконияти йўқ. Тик турган ҳолда 20-25 соат юришимиз керак. Аммо шукур қилдик. Поезд соатига 30-40 км тезликда ҳаракатланди, кечаси чироқ ўчирилган, телефондан фойдаланиш тақиқланган. Ёруғлик бизга хавф солиши мумкин. Киевга етиб борганимизда олдинга ҳаракатланишнинг иложи йўқлиги, уруш бўлаётганини айтишди. Оёқларимиз шишиб кетганди. Киевдан яна ортга қайтиб, бутунлай бошқа ҳудуд орқали 27 феврал куни Львов шаҳрига етиб олдик”, дея воқеаларни хотирлади Жонибек.
Ўзбекистонлик талабаларни Львов шаҳрида учта автобус кутиб турганди. Шу тариқа улар Полшага ўтишгани ва у ерда кийим-бош, егулик, ҳамма нарса муҳайё қилинганини айтди суҳбатдошимиз.
“Тинч ҳудудга ўтиб олганимизга шукур қилдик. Бизни махсус бункерга жойлаштиришди. Ҳамма шароит қилиб берилди, БМТ вакиллари ҳам ўша ерда эди. Хавфсизлигимиз таъминланди ва барча ҳаракатлар учун ҳеч қандай тўлов қилмадик”, дейди Жонибек.
Жонибек 1 март куни Полшадан ўзи ўтирган самолётда 250 киши чиққани ва 2 март куни Ўзбекистонга келиб тушганини билдирди.
“Ўзбекистон элчихонаси гарчи Харковга кириб бориб, бизга бевосита ёрдам беролмаган бўлса-да буни тўғри тушунамиз. У жойга етиб боришнинг ўзи осон эмасди. Аммо биз билан мунтазам телефон орқали алоқада бўлиб, қандай ҳаракатланишимиз, қаерга боришимизни тушунтириб туришди. Бевосита Львов шаҳрида ва Полшада элчихонамиз вакилларининг ёрдамини ҳис этдик. Уруш ўчоғидан чиққанимиздан сўнг биз учун энг асосий муаммо пул ва озиқ-овқат бўлган бўлса, бу борада давлатимиз бизни муҳтож қилиб қўймади”, деди Жонибек.
Харков миллий университети талабаси Жонибек Бердиқулов Украинадан Ўзбекистонга қайтиб келишда ҳукумат ёрдамини эътироф этаркан, юртга қайта олишига кўзи етмаганини айтиб ўтди.
Исомиддин Пўлатов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.
Украинадан қайтган талаба ҳикояси, Харков миллий университети, Жонибек Бердиқулов, Украинада уруш Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Фронтдаги вазият: Россия ҳарбийлари Курск областида қарши ҳужумга тайёрланмоқда
Россия Курск вилоятидаги ҳудудларини қайтариб олишга 50 минг ҳарбий тўплади
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Украина ҚК бош қўмондони: “Фронтдаги вазият мураккаб ва кескинлашиши мумкин”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин