00:03 / 09.10.2017
18 724

«Ўзбекконцерт»га мурожаат: Бу тутуруқсиз қўшиқларга қачонгача чидаш мумкин?

«Ўзбекконцерт»га мурожаат: Бу тутуруқсиз қўшиқларга қачонгача чидаш мумкин?
Айни дамда ўзбек қўшиқчилик санъатининг ривожланиб бораётгани сир эмас. Санъатимиз юки бор, маъноли қўшиқлар билан бойиётгани ҳам бор гап. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, баъзан ойнаи жаҳонда шундай қўшиқлар янграб қоладики, бошингизга биров гурзи билан туширгандек миянгиз ғувиллаб кетади. Беихтиёр сарфлаган вақтингизу асаб толаларингизга ачинасиз. Бугун ана шундай умрни қисқартирувчи «қўшиқ»лар матнига эътибор қаратамиз.

Маъно, мазмун, савия — ноль
Аслида, анчадан бери шу мавзуга тўхталишни ният қилиб юргандик. Бунга эса бизни Шаҳло Аҳмедова ижросидаги қўшиқнинг матни (афсуски, шеър дейишга тил бормайди) мажбур қилди. Келинг, шу матнни бир ўқиб кўринг-а:
«Кўп ваъдалар берма,
Бир амал бўлмаса, қўй нима қиласан?
Кўп ҳаддингдан ошма, кўнглимни сўрама,
Овора бўлиб, зарурми, йўқ?
Сўз берасанми кетмайман деб,
Воз кечасанми ҳаммадан мени деб?
Керакмас, керак эмас
Олтин тоғу бутун дунё,
Саодату кимё.
Керакмас, керак эмас,
Нима гап, нима муаммо?
Менга ўзинг бўлсанг бас.
Ҳа, урин-уринма қўлингдан келмаса,
Қўй, нима қиласан?
Ҳа, мана манми йўқми, рози бўлар дема,
Овора бўлиб, зарурми, йўқ?
Сўз берасанми кетмайман деб,
Воз кечасанми ҳаммадан мени деб?
Керакмас, керак эмас
Олтин тоғу бутун дунё,
Саодату кимё.
Керакмас, керак эмас,
Нима гап, нима муаммо?
Менга ўзинг бўлсанг бас.»


Мана сизга бутун бошли қўшиқнинг матни. Хўш, шуни шеър деб бўладими? Шеърда қофия, вазн, туроқ деган нарсалар бўларди? Бу матнда ҳеч қандай қофия топа олмадим, тўғриси. Маъно ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Энг ёмони, қиз болага шундай сўзлар ярашадими? Бу шарқона менталитетга тўғри келармикин?Энг оғриқли жиҳат шундаки, бу қўшиқ хонанданинг дастлабки ижод намуналаридан ҳисобланади.

У ана шундай куйлашга ўрганди, у ўзбек қўшиқчилигини «енгил-елпи, маъносиз қўшиқлар куйланадиган майдон» деб тасаввур қилиб улгурди. Ажабланарли томони, биз юқорида танқид қилган матнларни айрим ёшларимиз куйлаб ҳам юришибди. Қани энди ўша хонандани бундай бемаъни қўшиқларни куйлашдан тўхтатиб кўринг-чи…Хўш, хонанданинг аксарият қўшиқлари матнини ёзиб берувчи шоир Бобур Умаров бу ҳолатни қандай изоҳларкин?

Бобур УМАРОВ, шоир:
— Тан оламан, шеърларимда камчилик бор (!), бироқ бу камчилик шеърни тушунмаслик, ҳис қилмаслик туфайли эмас, балки, санъаткорларнинг ўзлари айнан оддий, сўзлари қофияланган шеърларни талаб қилишаётгани сабабли (!). Будурнинг қўшиғидаги «Қимирла бер баданга ритим, жага, жага, Ҳар ҳаракатинга битим, жага, жага» деган сўзларни кўп танқид қилишади. Лекин мен шуни сўрашгани учун ёзганман. Ўзимдан ўзим, «Мана, мен шеър ёздим, қўшиқ қилиб айтишингиз керак», демаганман. Уларга шу маъқул келар экан, начора.

Буниси ҳали ҳолва

Дарҳақиқат, бугун ўзбек қўшиқчилик санъатига эндигина қадам қўяётганлар шунақанги «қўшиқ»лар куйлашяптики… Ачинарлиси, улар куйлаётган «қўшиқ» матнида на маъно ва на қофия бор. Бу фикримизни Нилуфар исмли хонанданинг мана бу қўшиғи исботлайди:
Тинглаган сари беради ҳузур,
Ҳаракат сари ҳаракатим зўр.
Шахсан ўзимга ёқади бу усул,
Тантанам мани, тантанам бу.
Ўйнаган сари ўйнат мени,
Дадил ҳаракатда бўлганни.
Айланиб-ўргилиб ўйнаганни,
Тантанам мани, тантанам бу.
Атр-атр-атр-атр мана бунақа,
Ўтиргандан фойда қанақа?
Тантанам мани, тантанам бу,
Тантанам мани, тантанам мани.[/i]

Хўш, асабларингиз жойидами? Наҳотки мана шундай тутуриқсиз жумлалар қўшиқ қилиб куйланиб, телевидениега чиқариляпти? Наҳотки мана шундай савиясиз сатрлар куйланган «қўшиқ»лар мухлисларгача етиб боряпти? Юқоридаги матнда берилган «Ўйнаган сари ўйнат мени» жумласига бир эътибор қилинг-а! Шу гапни қиз бола чиқиб айтиб турса, бу қайси қолипга сиғади?! Ўзини ўйнатишини сўраб, алламбало қилиқлар қилаётган хонанданинг аҳволини кўриб, очиғи, қандай таъриф беришни билмай қоласан киши…

Бу ҳам етмагандек орада биттаси чиқиб, «Шўхидан бўлсин, шўхидан бўлсин», «Ў, Нилу, иккинчи куплет!» деб турса. Наҳотки бугунги кунда ўзбек қўшиқчилиги ҳар ким чиқиб истаган қилиғини қиладиган майдонга айланиб қолган бўлса… Бу ҳам майли, наҳотки, кап-катта қиз, кап-катта одам шундай сўзлару қилиқлар қилишни ўзига эп кўрса. Билмадик, бундай қўшиқлардан мақсаду муддао нима? Агар машҳурликка эришиш, юлдузга айланиш бўлса, наҳотки машҳурлик деганлари момоларимиз азал-азалдан муқаддас билиб келган ор, номус, уят, иффат аталмиш хислатлардан ҳам устун турса…

Тўрт қаторли қўшиқ
Ажабланманг, бугунги кунда ана шундай ўта ихчам ашулалар ҳам яратиляпти. Бу сўзимизни қуйидаги қўшиқ матни билан изоҳлаймиз. Айтганча, мазкур ихчамгина таронани бир киши эмас, икки киши куйлаган (DJ Пилигрим ва Нилуфар), яъни дуэт тарона ҳисобланади.
Менинг жонимсан, ҳаяжонимсан.
Менинг ёлғиз севгилим, менинг азизим.
Менинг ёримсан, менинг ҳаётимсан.
Сен менинг юрагимсан, сен менинг хаёлимсан.


Мана шу тўрт қатор бутун бошли қўшиқ матни ҳисобланади. Фақат ўртада нақарот бор, холос. Эҳтимол, ижодкорлар бу матнни саккиз қаторли шеър деб тушунишар, аммо биргина сўзни бутун бошли қатор деб билиш тўғримикин? Ахир бу ҳеч қандай қолипга тўғри келмайди-ку! Ёки нақаротни қайта-қайта айтавериш қўшиқ ҳисобланадими?! Ким чиқарган бу қарорни?! Қаерда ёзилган бундай қоида?! Қўшиқчилигимизда қачондан бери бундай «ўзбошимчаликларга» амал қилинадиган бўлиб қолди? Хуллас, саволлар кўп, жавоблар эса…

Шуҳрат Қаюмов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист:— Агар бинонинг пойдевори мустаҳкам бўлсагина, у узоқ йиллар хизмат қила олади. Қўшиқ ҳам худди шундай бир бино ҳамда бу бинонинг асоси шеър деб ҳисоблайман. Фикримча, шеър учун мусиқа танлашим керак деган ёндашув ўзини оқламайди. Чунки яхши шеър ўз мусиқасига, ўз оҳангига эга бўлади.

Мусиқа учун сиз зўраки бирор шеърни топиб, унга мослаштирсангиз, бу худди Золушканинг туфлисини мажбурлаб опасига кийдириб қўйганга ўхшаб қолади. Нега энди матн мазмунидан узоқлиб, қофиялаштирилган сўзларни мусиқага мослаштириш керак. Ахир бу уйнинг пойдеворини қўл ичида қилиш дегани эмасми? Ўз вақтида керагича «хит» бўлган бу қўшиқлар вақт ўтиб унутилади, улар фақат бугунгагина дахлдор бўлиб қолаверади.

Иккинчи томони, «Одамлар шуни хоҳлашяпти» деган важларни кўп эшитамиз. Шундай фикр эгаларига Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидовнинг «Матмусанинг қўшиғи» шеърини ўқиб кўришларини тавсия қилган бўлардим. Шеър қаҳрамони Матмуса исмли қиз қўшиқ куйлайди, унинг қўшиғини ҳеч ким эшитмагач эса одамларни уни тинглашга мажбур қилади. Шу каби «мажбур қилувчи» қўшиқларга чек қўйиш вақти келди, менимча.

Яхши шеър, яхши қўшиқ ҳеч бир даврда ўз мухлисини, тингловчисини йўқотмайди.

Машҳурларимизга ҳам теккан касаллик
Таассуфки, биз юқорида танқид остига олган камчиликлар айни дамда етарлича мухлисига эга бўлган санъаткорларда ҳам учраб туради. Ишонмасангиз, хонанда Муниса Ризаеванинг мана бу қўшиғига бир эътибор қаратинг:
Юрагим бўлар пора,
Туни билан овора,
Эшитсам ёримнинг шаҳрида
Бугун катта тантана.


Бу тўртликда (агар тўртлик дейиш жоиз бўлса) маъно бордир-ку, аммо қофиядан асар ҳам йўқ. Чунки «шаҳрида» сўзи билан «тантана» бир-бирига қофиядош бўла олмайди-ку! «Қўшиқ яхши чиққан-ку!» деб эътироз билдиришингиз мумкин, аммо ҳар нарсанинг ўз қоидаси бор. Энди кейинги тўртликка эътибор қаратамиз:
Ракта-тутум ракатата,
Ўйна бугун доирага.
Шақир-шуқур, ликир-ликир,
Ўйна бугун даврада.

Энди шу қўшиқни куйлаган санъаткоримизга биринчи савол: «ракта-тутум ракатата» деган жумла қандай маънони билдиради? Луғатимизда шундай сўзлар борми?

Янги ва юқумли касаллик

Энди эътиборингизни мухлисларини топиб бораётган хонанда — Улуғбек Холиқовнинг қуйидаги қўшиғига қаратсак:
Нега юрагим тирнайсан,
Нега, нега, айт, демайсан бир сўз.
Ёки атайлаб синайсан,
Гумон қилма, сўзларим бари рост.
Мени де, мени де,
Қанча азобларни чекдим сени деб.
Ўзгаларга боқма асло, дардим тингла,
Бир бор ўйла, бефарқ бўлмасдан.


Биз қўшиқ матнини тўлиқ келтирмадик. Чунки нақаротию қолган қисми ҳам худди шундай аҳволда (қофиясиз, туроқсиз, вазнсиз, хуллас, шеърият қоидаларига заррача амал қилинмаган). Аслида, Улуғбек Холиқовда иқтидор, овоз бор, жонли ижрода куйлай олишини биламиз. Аммо шундай иқтидорини юқоридаги каби енгил-елпи қўшиқлар учун сарфлаши тўғримикин? Аслида, бу хонанда ҳам бугунги кунда қўшиқчиликни эгаллаб улгурган касалликка чалинган — мухлисларнинг эътиборини енгил-елпи қўшиқлар билан қозониш мумкин, деган тушунчага эргашмоқда.Юқоридаги фикрларимиздан мақсад қўшиқчилик санъатимизни қусурлардан, нуқсонлардан тозалаш.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси деган идора бор, қўшиқчиларни лицензиялайди, савиясини белгилаб, баҳолаб боради. Бадиий кенгашдан ўтган қўшиқлари кейин оммага тақдим қилинади. Агар шу кенгашдан сараланган тароналар бўлса, у ҳолда бадиий кенгашдагиларни тозалаш керакмасмикан?!Чарчаганда телевизор қаршисига ўтириб, маъноли, савияли қўшиқлар эшитгимиз келади.

Кетган вақтимизга ачинишни асло истамаймиз. Хўш, сиз-чи, енгил-елпи қўшиқларга муккасидан кетган хонандалар, наҳотки шу қўшиқни яратиш учун кетган вақтингизу пулингизга ачинмасангиз, наҳотки шундай савиясиз қўшиқлар куйлашни ўзингизга эп кўрсангиз? Шу саволимизни бир ўйлаб кўринг, эҳтимол, ана шунда бизнинг мақсадимизнинг яхшироқ англаб етарсиз!

Низомжон ИСЛОМОВ


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Ўзбекконцерт»га мурожаат: Бу тутуруқсиз қўшиқларга қачонгача чидаш мумкин?