date

2026-йилда чиқадиган машҳур филмлар рўйҳати маълум бўлди

2026-йилда чиқадиган машҳур филмлар рўйҳати маълум бўлди

Келаси 2026-йил кино ихлосмандлари учун ҳақиқий хурсандчилик бўлиши кутилмоқда. Бу йил томошабинларни нафақат янги қаҳрамонлар, балки узоқ йиллар давомида интиқлик билан кутилаётган сиквеллар, яъни давом филмлари ҳам кутиб турибди. Драмадан тортиб фантастикагача, саргузаштдан комедиягача — ҳар бир жанрда улкан премьералар тайёрланмоқда. Шу боис 2026-йил киномуҳлислар хотирасида узоқ сақланади, деб айтиш мумкин. Қуйида энг катта шов-шув кутилган фильмлар ҳақида батафсил маълумот берилади.

1. “Қаттиққўл хоним 2” (The Devil Wears Prada 2)

Миранда Пристли яна саҳнага қайтиб келади! Бу сафар у “Podium” журнали обрўсини сақлаб қолиш учун ўзининг собиқ ёрдамчиси Эмили билан ҳамкорлик қилишга мажбур бўлади. Икки кучли аёл ўртасидаги рақобат, ўткир ҳазил ва мода дунёсидаги интригалар фильмнинг асосий сюжети бўлади. Таниқли актрисаларнинг янги дуэли мода ва ҳаёт ўртасидаги мураккаб чегарани яна очиб беради.

2. “Ўлмас одам” (The Immortal Man)

“Peaky Blinders” сериалининг давоми сифатида Томас Шелбининг тақдири яна марказда бўлади. Бу сафар у сиёсий ўйинлар, жиноятлар ва ўтмиш гуноҳлари гирдобида қолади. Фильм драматик воқеаларга, ҳиссий тўлқинларга ва тарихий деталларга тўла бўлиб, сериал мухлисларига узоқ кутилган якунни тақдим этади.

3. “Дюна: 3-қисм” (Dune: Part Three)

Пол Атрейдес энди император. Бироқ тахтда ўтириш осон эмас. Унга қарши фитналар, сиёсий айёрликлар ва чўл империясининг ғаройиб сирлари яна янги синовлар келтиради. Фильм катта кўламли жанглар, чуқур фалсафий фикрлар ва ҳайратланарли визуал эффектлар билан тўла бўлиши айтилмоқда.

4. “Ҳаёт-мамот ўйини: Қайта туғилиш” (The Hunger Games: Dawn of the Reaping)

Бу сафар ҳикоя Кетнисс Эвердиндан анча олдинги авлод ҳақида бўлади. Ёш Хеймитч Эбернати ўзи учун курашар экан, келажакдаги қаҳрамонлар учун йўл очади. Бу қисм “Ҳаёт-мамот ўйини” оламини янада кенгайтиради ва инсон омон қолиш учун нимага қодир эканини яна бир бор намоён этади.

5. “Мандалориялик ва Грогу” (The Mandalorian & Grogu)

Star Wars оламининг севимли жуфтлиги яна қайтиб келади. Дин Жарин ва унинг кичик шогирди Грогу янги миссияда — галактика бўйлаб синовларга тўла саёҳатга чиқади. Фильмда юракни илитувчи лаҳзалар, шиддатли жанглар ва катта драматик бурилишлар бўлиши кутилмоқда.

6. “Сеҳргарлар мероси” (Practical Magic 2)

Опа-сингил сеҳргарлар ортиқча гап-сўзсиз қайтишмоқда. Йиллар ўтган бўлса-да, улар янги авлодга севги ва сеҳр ҳақидаги дарсларни ўргатади. Илғор технология билан бирлашган бу сеҳрли ҳикоя томошабинларни болалик хотираларига қайтариб, илиқ ва романтик кайфият бағишлайди.

7. “Гренландия: Миграция” (Greenland: Migration)

Ер яна хавф остида. Глоабл фалокатлар фонида Геррити оиласи янги бошпана излаб йўлга чиқади. Бу сафар улар нафақат тирик қолиш, балки бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатни синовдан ўтказишади. Фильм инсоннинг яшашга бўлган ички кучи ва умид ҳақида ҳикоя қилади.

8. “Қасоскорлар: Қиёмат куни” (Avengers: Judgment Day)

Marvel оламида янги давр бошланади. Янги қаҳрамонлар ва севимли юзлар қайта бирлашиб, бутун инсониятни ҳалокатдан қутқариш учун жонбозлик кўрсатишади. Фильм улкан жанглар, кўз ёш ва ғурурга тўла бўлиши айтилмоқда. Бу Marvel тарихидаги энг катта кроссоверлардан бири бўлиши мумкин.

9. “Ўргимчак-одам: Мутлақ янги кун” (Spider-Man: Brand New Day)

Питер Паркер бу сафар нафақат жиноятчиларга, балки ўзининг ички қўрқувларига қарши чиқади. У Нью-Йорк кўчаларида яна оддий одамлар билан юзма-юз келади ва ўз ҳаётини қайта қуришга ҳаракат қилади. Фильм инсонлик, масъулият ва кечирим мавзусини ёритади.

10. “Жуманжи 3” (Jumanji 3)

Ўйин яна бошланди! Бу сафар унинг қоидалари мутлақо ўзгарган — реал дунёга ўйин ҳайвонлари кириб келади. Қаҳрамонлар эса бу хаосни тўхтатиш учун бирлашишади. Фильм кулгу, саргузашт ва сирли воқеалар билан тўла бўлиб, барча ёшдаги томошабинлар учун мос бўлади.

2026-йил шубҳасиз, кино олами учун ёрқин ва катта премьералар йили бўлади. Ҳар бир фильм томошабинни нафақат кутилмаган воқеалар билан, балки ҳиссиёт ва мазмун билан ҳам тўлдиради. Севимли қаҳрамонлар қайтади, янги дунёлар очилади — кино мухлислари учун эса бу йил ҳақиқий мўъжизага айланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » 2026-йилда чиқадиган машҳур филмлар рўйҳати маълум бўлди