Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида об-ҳаво кескин ўзгариши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет ахборот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида шамолнинг тезлиги соатига 13–18 метргача етиши мумкин. Айрим жойларда шамол билан бирга чанғ-тўзонлар кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Мутахассислар бундай об-ҳаво шароити нафақат кўриш масофасини чеклайди, балки нафас олиш тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Шу боис аҳолига эҳтиёт чораларини кўриш, ортиқча заруратсиз очиқ ҳавога чиқмаслик ва ташқарига чиққан ҳолда ҳимоя ниқобларидан фойдаланиш тавсия этилади.
“Мазкур ҳудудларда яшовчи аҳоли ҳамда меҳмонлардан эҳтиёт бўлиш сўралади. Имкон қадар очиқ ҳавода узоқ турмаслик, болалар ва кексаларни ҳам иложи борича хона ичида ушлаш керак”, — дейилади Ўзгидромет маълумотида.
Шунингдек, автойўлларда ҳаракатланишда эҳтиёт бўлиш, айниқса чанғ-тўзон туфайли кўриш масофаси пасайганда тезликни камайтириш тавсия қилинди.
Синоптиклар маълумотича, бугунги чанғли ҳаво асосан мамлакатнинг ғарбий ва марказий ҳудудларига хос бўлиб, шамол оқимлари шимолдан жанубга йўналган. Ҳаво ҳароратида кескин ўзгариш кутилмаяпти, аммо ҳаво сифатининг пасайиши эҳтимоли юқори.
Мутахассислар бундай об-ҳаво шароити 1–2 кун давом этиши мумкинлигини билдирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!