00:09 / 23.12.2018
6 943

“Берлин-Оққўрғон” – Мусоқовнинг ўзига хос “дастхат”и (фото)

“Берлин-Оққўрғон” – Мусоқовнинг ўзига хос “дастхат”и (фото)
Мақолада муаллиф Зулфиқор Мусоқовнинг "Берлин-Оққўрғон" фильми ҳақидаги мулоҳазаларини билдиради.

Баъзи киноларни бир марта ҳам охиригача кўра олмайсан, сабринг етмайди. Баъзи киноларни бир марта кўриш билан кифояланмайсан, чунки уларни ҳазм қилиш қийин кечади. “Берлин-Оққўрғон” фильмида шу нарсани бошдан кечирдим. Аслида ҳаммаси осон кўринади, лекин уқиб олиш қийин кечади.

Мусоқовнинг аввалги фильмлари бунчалик мураккаб ишланмаган. “Берлин-Оққўрғон” фильми кенг қамровли ва пишиқ ижод қилинган. Фильм бошидаги “Хотира қуроқ кўрпачага ўхшайди” жумласи киноасарнинг мақсад-муддаосини англатгандек туюлса-да, фильмни хотиралардан иборат яхлит асар, дейиш бироз нотўғри. Ҳар бир фильм, агар у бадиий ва ғоявий жиҳатдан баркамоллик даъво қилса, ундаги замон ҳамда макон иккинчи ўринда бўлиб қолаверади. Палеозой эрасидаги воқеа бўладими, келажакнинг қайсидир асрию космоснинг нечанчидир қаватида бўлса ҳам, у бор-йўғи моҳиятга хизматкор, холос.

Мен Мусоқовнинг ушбу фильмини хотиралардан иборат ва уруш ҳақидаги кинокартина, демаган бўлардим. Фильм ғояси умумбашарий, шу жиҳат “Берлин-Оққўрғон”нинг хориж томошабинига ҳам манзур бўлишига ишонаман. У ерда фақат ўзбек ёки яҳудий, немис ёки рус миллатининг эмас, умуман, Ер фуқароларининг биографиясидаги қора доғлари, ўхшаш қисматлари ифодаланган. Хулосани охирида айтаман, фильмга қайтамиз.

“Берлинда ўт ёқилса, Оққўрғонда тутуни”

Уруш келтирган фалокатлар бутун инсониятни қийнайди. Фильм сюжети 3 давр: урушдан олдин, уруш ва урушдан кейинги воқеалар асосига қурилган. Кино аввалида томошабин нима бўлаётганини илғашга қийналади. Чунки кадр тез алмашади, бир қарасангиз, Оққўрғон, кейин Берлин, орада Тел-Авив кўрсатилади. Бирдан уруш саҳнаси пайдо бўлади. Нима бўлаётганини англашга улгурмасдан кадрлар яна тезликда алмашаверади. Фильмда сюжет линиялари кўплигини ҳисобга олсак, ягона ўқ томир сезилмайди. Бир ўринда ўрмондаги Қўзивой Шодиевнинг нигоҳлари акс эттирилган кадр Қўзивой бобонинг ажин босган юзига, ўйчан нигоҳларига уланади. Шу ерда режиссёр ўқ томирга ишора қилади.

Урушдан аввалги Берлин. Қўшни бўлиб яшайдиган немис ва яҳудий оилаларининг эшиги тагига ҳар куни икки идишда сут қўйиб кетишади. Иккови икки хил. Орадан бироз вақт ўтгач, кўрсатилган кадрда эса идиш кўтариб келган одам фақат немисларнинг эшиги тагига идишни қўяди ва свастика (фашизм эмблемаси) туширилган байроқни пастга туширади, яҳудийларга эса идишни қўймай, ортига қайтади. Ўртадаги деворда эса Гитлернинг портрети осилган бўлади. Бу кадр немисларнинг олий ирқ даъвоси ва яҳудийлар қирғини бошланганига ишора эди.

Фильмнинг умумий фонида яҳудий ва немислар оиласининг қўшничилиги, Оққўрғондаги Сталин колхозидаги воқеалар, Марям Ёқубова ва Мейерхолд театридаги воқеалар изма-из кўрсатиб борилади. Воқеалар силсиласи бугун ва ўтмиш билан параллел ва даражама-даража очилади. Немис офицери Клауснинг болалигию кексалиги, ўзбек йигити Қўзивойнинг ўсмирлигию қарилик вақтигача. Асосий икки қаҳрамон шулар. Чунки икки атмосферадаги воқеалар шу қаҳрамонлар билан бевосита боғлиқ.

Мейерхолд театри ва Марям Ёқубова билан боғлиқ учинчи воқеалар оқими эса Мейерхолд билан Зинаида Райхнинг ўлими, Марямнинг Нодира Норбоева (Нигора Каримбоева)нинг хатини Сталинга етказиши билан якунланади. Воқеликнинг уч томонлама ривожи учун рус миллатига мансуб оиланинг ҳаётини қўшган маъқулроқ эди, назаримда. Қўшиқда (“Марғилонда ўт ёқсам, Фарғонада тутуни”) айтилганидек, Берлиндан ибтидо олган уруш олови Москвадан бу ёғига ўтмаса-да, унинг тутуни Оққўрғонгача келган эди.


“Ленин ўлган, Сталин эса тирик...”

Мусоқовнинг фильмларидаги ғаройиб топилмалар, шубҳасиз, унинг содда, бироз довдир қаҳрамонлари ва уларнинг гап-сўзлари билан боғлиқ. Киношунослар фильм томошабин ёдида қолиши учун янгича ва бой сюжетга эга бўлиши ёки қаҳрамонлар тилида “учқур иборалар” бўлиши керак, дейишади. Масалан, “Ҳамма рақсга тушсин!” деган жумла “Иван Васильевич ўз касбини ўзгартиради” фильмининг "паспорти"га ўхшайди. Шу жумлани айтганимизда, Иван Васильевич ёдимизга тушаверади.

Мусоқовнинг фильмларида ҳам халқ ўзиники қилган жумлалар кўп. “Осмондаги болалар”, “Кичкина табиб” каби фильмларни эсланг. “Берлин-Оққўрғон” фильми қаҳрамонлари, Қўзивой, унинг онаси (Раъно Шодиева), Саттор тоға, Гулшода – ўзига хос характер эгалари. Ҳар бир гапида бир қизиқ ибора бор. Милиционер Соқибоев (Фатхулла Масудов) халқ душманининг оиласини Сталин колхозига олиб келиб, қишлоқ фаолларига тушунтириш беради, уларга қўйилган тақиқларни айтади, шунда Қўзивой “уларга сув ичиш, нафас олиш мумкинми?” деб сўрайди. Соқибоев "қоғозда булар ёзилмаган" деб жавоб беради, Қўзивой “уларни қабристонга олиб бориш керак” дейди. Бу гаплардан режиссёр оддий одамларнинг соддалиги билан бирга ўша давр муҳитини, амалдорлар қиёфасини очишда фойдаланган. Шунингдек, уларда давр ва амалдорларга қаратилган заҳарханда киноя ётибди.

Яна бир лавҳада Сталин колхозига театр келиши кўрсатилади. Шунда Сталин ва Ленин образини ижро этадиган актёрлар (Бобур Йўлдошев ва Фарҳод Абдуллаев) тортишиб қолади. Баҳс Ленин ролини ўйнайдиган актёрнинг “Нега менинг сўзим кўп бўла туриб, Сталиндан кам ойлик оламан?” дея театр раҳбарига берган саволидан кейин якунланади. Нима дейишни билмаган театр раҳбари мантиқий жавоб топа олади: “Ленин ўлган, Сталин эса тирик”.

Ким қандай талқин қилади, билмадим, Мусоқов бу сарказмни ўз ўрнида киритибди. Бу – ҳамма замонлар сиёсати учун аксиома.


“Сиз худодан ҳам баландсиз, чунки сиз фюрерсиз!”

Фильм давомида оддий фуқаролар билан бирга давр ўзанининг бурилишига сабабчи бўлган тарихий шахсларнинг ҳаракатлари ҳам контраст ҳолда ривожланиб боради. Гарчи Сталин ва Гитлер асосий фигура бўлса-да, уларнинг қанотидаги шахслар ҳам давр фожиасини яратишда "чолғучилик" қилишган. Масалан, Сталиннинг котиби Поскребишев образи, гарчи тарихий ҳақиқат бўлса-да, умумлашма эпизод. У макон ва замон танламайдиган одам. Унинг иш тартибига эътибор беринг: ўзи учун қизиқ деб ҳисоблайдиган хатларга қизил белги, қизиқарли бўлмаганларига яшил, оддий аҳолидан келган хат ва мурожаатларга сариқ, олий жазо ҳақидаги хатларга эса кўк белги қўяди. Шу йўл орқали у хат ва шикоятларни саралайди, Сталинга бу мурожаатларни етказишда ўз танловидан фойдаланади. Бу фақат Поскребишевнинг услуби эмас, режиссёр бежиз ушбу эпизоддан фойдаланмаган.

Шунингдек, Сталин атрофида Ташқи ишлар вазири Литвинов эпизоди ҳам киритилган. Мусоқов кадр орти овоз орқали тарихий шахсларни томошабинга таништиради, уларнинг қисқача биографиясини ҳам келтиради. Гарчи шу ўринларда ҳужжатли фильм элементлари кўзга ташланса-да, бу фильмнинг бадииятига зарар келтирмаган.

Гитлер атрофидаги одамлар – Гесс, Геббелс, Гиммлерларнинг ҳам тарихий воқеликнинг пишиб етилишидаги улуши кўрсатилади. Гитлер ва унинг сафдошлари характери тўртовлоннинг суҳбатида акс этган. Геснинг “Советлар учун Сталин – худо” деган гапига “Демак, мен худо эмас эканман-да...” дея ўпкалаган Гитлерни Гес “Сиз худодан ҳам баландсиз, сиз фюрерсиз” дейиши ҳар икки шахснинг ботиний қиёфасини кўрсатиб беради.

Тарихий ҳақиқат бузилмагани Мусоқовнинг тарихий ҳужжатларни чуқур ўрганганини кўрсатади. Ушбу фильмга тарихчилар ҳам муносабат билдирса, яхши бўларди.


"Гитлернинг қулоғини кесаман...” “Қулоқ”хўрлик афсонаси

Яҳудий қиз ва немис фарзанди Клаус болалигидан севишади. Қиз унга яҳудийларнинг кўплаб одатларини гапириб беради. Айниқса, фильмнинг роса гап-сўз бўлган саҳнаси – “яҳудийча бўса” олишни ҳам қиз ҳикоя қилиб берган.

Яҳудий қиз яна бир афсонани айтиб беради. Эрамиздан 3 минг йил аввал форслар Яҳудияни босиб олмоқчи бўлади. Лекин яҳудийлар форс подшоҳини асир олиб, унинг чап қулоғини узиб ташлашади. Менга сал мантиқсизликдек туюлган нарса урушда Қўзивойнинг “қулоқхўр”лиги-ю (у тоғасининг ўлимидан кейин немисларни қулоғини узишга астойдил берилиб кетади) ва Ўринбойнинг “Гитлернинг қулоғини кесиб келаман” дейиши бўлди. Қулоқ билан боғлиқ деталларда мантиқий боғлиқлик топа олмадим, эҳтимол, тушунмагандирман.


“Дастхат”га қайтамиз

Фильмнинг ҳар бир деталини таҳлил қила олмайман. Баъзи мулоҳазаларимнигина билдираяпман, холос. Қўшимча баъзи бир қайдларни айтиб ўтсам.

* Фильмда Клауснинг "севгимга содиқ қоламан" деб, кейин севгилисини шафқатсизларча отиб ташлаши Гитлернинг ғоялари немис ёшларини қанчалик ўзгартириб юборганининг бир мисолидир. Мусоқов “Гитлерюгенд” ташкилоти немис ёшларининг шуурига Гитлерга нисбатан эътиқодни қай даражада пайдо қилганини Клаус мисолида очиб берибди. Бу мавзу ҳам фақат немис жамияти учун эмас, исталган жамият учун хос.

* Фильмда Қўзивойнинг отаси (Сейдулла Молдаханов)нинг ижроси ҳам янги бир характер сифатида маъқул бўлди. Режиссёр уни гапиртирмасдан гапиртирибди. Раис аёл образидаги Раъно Шодиеванинг образи ҳам характер даражасига чиққан.

* Дарвоқе, фильм қонли урушни кўрсатса-да, унда беғубор муҳаббат ҳам тасвирланган. Лекин Гулшоданинг баъзи гап-сўзлари ўша давр атмосферасига унчалик ҳам тушмаган, деб ўйладим. Лекин уларнинг севгиси фильмга ўзгача кайфият бахш этган.

Қариб қолган Қўзивой бобо ҳам Гулшода момога ҳалиям севишини айтиб, фильмга финиш қилган. Улар ўртасидаги диалог Мусоқовнинг эски фильмларидаги севишганларнинг тортишувларини ёдга солади. Қўзивой Ўринбойга Гулшода ҳақида "хунук, тасқара" деганини эшитган Гулшода хафа бўлади. Кейин Қўзивойга "Сен ўзингни чиройли боламан деб ўйлаяпсанми? Тўғрисини айтсам, сени биринчи марта кўрганимда, қусворай деганман" дейди. Фожиалардан чарчаган вақт юмор ҳам керак барибир...

* Зулфиқор Мусоқов ўз услубига содиқ қолиб, бу фильмда ҳам “актёрлар кашфиёт”ини давом эттирибди. Бош ролларда янги чеҳралар: Қўзивой (Ҳасан Шуҳратов), Гулшода (Райҳон Асадова), Улфат (Маҳлиё Асқаралиева) ва бошқалар, яна ўша довдир-совдир қаҳрамонлар бор. Буларнинг борлиги ижобий ва нормал ҳолдир. Чунки бу элементлар – Мусоқов дастхати, Мусоқов услуби. Режиссёр ўз услуби билан ажралиб турар экан, ўша довдир-совдир образлардан, қаҳрамонларнинг фожиали вазиятда ҳам кутилмаган ва кулгили гапларни айтишидан биз Мусоқов дастхатини таниб олаверамиз.


Фильм инсон ҳақида, уруш ҳақида эмас. Ҳаёт баландлик ва пастликда икки хил экани кўрсатиб берилган. Бу экран асарини томоша қилар экан, ундан оддий фуқаро пастда туриб баланддаги шовқину турфа ўйинлар ичида ўйинчоқ бўлиб қолганини сезиб олиши мумкин. Фильм ҳақидаги фикри ожизим шулар.
Хуршид Серобов

Манба: Turon24.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Берлин-Оққўрғон” – Мусоқовнинг ўзига хос “дастхат”и (фото)