date

“Хоразм булбули” ҳаёти: бахт, фожиа ва фидойилик

“Хоразм булбули” ҳаёти: бахт, фожиа ва фидойилик
Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров – нафақат овоз соҳиби, балки ҳаёти, тақдири, қадриятлари билан миллионлаб юракларни забт этган санъаткор. Бу йил 53 ёшни қарши олаётган хонанданинг ҳаёт йўли кўпчиликка сабоқ ва ибрат бўла олади.

Хоразмдан бошланган йўл – дунё саҳналарига
1972 йил 24 июн куни Урганч шаҳрида туғилган Оғабек Собиров илк мусиқий сабоқларни акаси Мақсуддан олади. Ёшлигидан санъатга бўлган муҳаббати уни мусиқа мактаби, сўнг санъат коллежига етаклайди. 21 ёшида Филармония саҳнасида яккахон концерт бериб, санъат оламига катта қадам қўяди.

Бугунги кунгача у 30 дан ортиқ пойтахт, 200 дан зиёд вилоят ва туман концертлари, шунингдек АҚШ, Германия, Франция, Канада, Туркия, Ҳиндистон каби 20 дан ортиқ мамлакатда концерт дастурларини тақдим этган.

Кечиккан, аммо ҳақли унвон
2002-йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 2020-йилда эса ниҳоят “Ўзбекистон халқ артисти” унвонини олган хонанда бу эътирофга халқ муҳаббати туфайли етиб келганини айтади.

“Аввалроқ бериш керак эди” дейилган гаплар мен учун фахр. Чунки одамлар ич-ичидан ҳақиқатни кўради. Шу эса энг олий унвондир, — дейди Оғабек Собиров.

Миш-мишлар ва давлат тадбирларидан четлашган санъаткор
Оғабек Собиров ҳақида “Президент тадбирларига чақирилмайди, сабаби Туркманистон раҳбари унга тилла от совға қилган” деган миш-мишлар тарқалган. Аммо у бу гапларни инкор этади.

“Бу фақат миш-миш. Асл сабаб — оддий. Тўйга айтилганман, халқ кутмоқда, бироқ давлат тадбири чақиради. Борсам — халқни хафа қиламан. Бормасам — давлатдан ранжиш бўлади. Ҳар икки томонни ҳам тушунаман”, — дейди у.

Пулчамбарлар ва фидойилик
Хоразмда тўй нархи 3000 доллар атрофида бўлса-да, мухлислар унинг санъатини пул билан эмас, меҳр билан қадрлайди. Масалан, Гурлан туманидаги тўйда унга 20 та 1 долларлик “пулчамбар” тақдим этилган.

Оғриқли йўқотишлар: аёл ва ота
Оғабек Собиров ҳаётидаги энг оғир кун аёлининг ўлими билан боғлиқ. У бу воқеани эслаганда ҳозир ҳам юраги санчишини яширмайди.

“Айримлар қайнсинглисига уйланган дейишди — бу ёлғон. Аёлим тоғамнинг қизи эди. Ўлими мени синдирди. У ҳаётимдаги энг оғир йўқотиш бўлди”, — дейди у.

Отаси билан боғлиқ воқеа эса юракларни ларзага солади. Собиров оғир касаллик билан курашаётганида отаси ибодат қилиб, “Дардини менга бер” деб дуо қилади. Орадан кўп ўтмай, Оғабек соғаяди, аммо отаси икки йил ичида ҳаётдан кўз юмади.

“Ота-она меҳри олдида ҳеч нарса тура олмайди. Мен ҳамон ўйлайман: отамга муносиб фарзанд бўлдимми?”, — дея юрагини очади хонанда.

Аёлим хотирасига фильм ишладик
Оғабек Собиров “Қизғалдоқ” фильмида бош ролни ижро этиб, ўзини кино соҳасида ҳам синаб кўрди. Фильм, айни вақтда, ҳаётдан ўтган аёли хотирасига бағишланган ёдгорликдир.

“Бу фильм фарзандларимга онаси ким бўлганини эслатиб туради. Шу билан фахрланаман.”

Унвон эмас, халқ меҳри муқаддас
Оғабек Собиров бугун “Лазги” ансамблининг бадиий раҳбари сифатида фаолият юритмоқда. Унинг ҳаёти — санъаткорнинг асл маънодаги йўли: тўсиқлар, оғриқлар, севги ва садоқат билан йўғрилган саҳифалардир.


У бугун нафақат “Хоразм булбули”, балки бутун ўзбек халқининг юрагидан жой олган чин санъат фидойисидир.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » “Хоразм булбули” ҳаёти: бахт, фожиа ва фидойилик