
Netflix дунёси яна бир рекордчи сериалнинг тўлқинларида — “Кальмар ўйини”нинг учинчи мавсуми илк уч кундаёқ 60 миллиондан ортиқ томошабинни экранга қамаб қўйди, деб хабар берди variety.com. Ушбу кўрсаткич нафақат платформанинг энг катта ютуқларидан бирига айланди, балки сериални Netflix тарихидаги энг машҳур инглиз тили бўлмаган 9 та лойиҳа қаторидан жой олди. Қизиғи шундаки, тепадаги илк икки поғона ҳам айнан “Кальмар ўйини”нинг биринчи ва иккинчи мавсумларига тегишли бўлиб қоляпти.
Учинчи фаслнинг бундай кўрсаткичлари сериал атрофидаги қизиқишнинг ҳали ҳам юқори эканини кўрсатди. Бироқ мухлислар ва кинотанқидчилар орасида мавсум финали катта баҳсларга сабаб бўлди. Rotten Tomatoes сайтида сериалнинг умумий рейтинги 50% даражасида қолди — бу анча паст натижа ҳисобланади. IMDb платформасида эса томошабинлар ўртача 7,6/10 балл қўйган бўлса, финал эпизод 6,8/10 балл олди.
Танқидчилар финал эпизоддаги сценарий ечимлари ва характeрлар ривожи тўғрисида турли фикрлар билдиришган. Айримлар воқеаларнинг кескин бурилиши ва динамикасини мақташса, бошқалар эса, сўнгги серияда воқеаларнинг қандай якунлангани, яъни финалда сюжетнинг мантиқий ечим топган-топмагани ва режиссёрлик иши уларнинг кутганидек бўлмаганини таъкидлади. Баъзи мухлислар эса, сериалнинг реал ҳаёт муаммоларини ёритишдаги янгича ёндошувини ва жамоат фикридаги қизиқишни юқори баҳоламоқда.
“Кальмар ўйини” Netflix учун ҳақиқий глобал феноменга айланди. Сериалнинг учинчи мавсуми бошқа лойиҳалар билан рақобатда ҳам ўз нуфузини йўқотмагани, кўришлар сонидаги янги рекордлар ва финал бўйича баҳслар уни янада кўпроқ муҳокама марказига айлантирди. Яқин кунларда Netflix раҳбарияти ва сериал муаллифларининг расмий баёнотлари, шунингдек, янги лойиҳаларга оид режалар ҳақида маълумотлар кутилаётгани қайд этилди.
Бир нарса аниқ: “Кальмар ўйини” жаҳон томошабинини ўз тўрига илиб, ҳали-ҳануз трендлар марказида қолмоқда. Финал қанча баҳс-мунозараларга сабаб бўлмасин, сериал фақат Корея киноконвейерининг эмас, балки глобал медиа-индустриянинг ҳам яққол ютуғига айланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг