18:53 / 24.06.2020
1 160

Санъаткорлар Трампдан қўшиқларидан фойдаланмасликни талаб қиляпти

Санъаткорлар Трампдан қўшиқларидан фойдаланмасликни талаб қиляпти
Фото: «Pinterest.ru»
«Panic! At the Disco» гуруҳи вокалчиси Брендон Ури АҚШ президенти Дональд Трампнинг сайловолди кампаниясини митинглар вақтида унинг қўшиқларидан фойдаланишни бас қилишга чақирган.

«Сизга ҳеч ким таклиф қилгани йўқ. Қўшиқларимни қўйишни бас қилинг», — дея Трампнинг сайловолди кампанияси аъзоларига қарата ёзган мусиқачи «Twitter»даги аккаунтида.

«Hill» нашрининг таъкидлашича, сешанба куни Аризона штати, Финикс шаҳрида Трампнинг митингидан сўнг Ури шундай талаб билан чиққан. Маълумотларга кўра, президент «Panic! At the Disco» композицияларидан бири садолари остида омма олдига чиқиб келган.

Бундан ташқари, америкалик мусиқачи Трамп аҳоли манфаатларини ифодаламаслигини айтиб, ноябрдаги сайловда АҚШнинг амалдаги президентига қарши овоз беришга чақирган.

Нашрнинг ёзишича, Ури Трампнинг тадбирлар вақтида қўшиқларидан фойдаланганлигидан норози бўлган ягона санъаткор эмас. Бунгача Элтон Жон, Адель, Рианна каби санъаткорлар, «Queen» ва «Rolling Stones» каби гуруҳлар ўз норозиликларини билдиришган.

АҚШ президентлигига сайловлар шу йил 3 ноябрь куни бўлиб ўтади. Трамп яна сайланишни режалаштирмоқда. Демократлардан рақиби собиқ вице-президент Жо Байден бўлиши мумкин.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)