
Мадриднинг машҳур клуби – “Реал” яна бир бор ўз академиясига ишонч билдирмоқда. Яқинда футбол жамоаси раҳбарияти томонидан олиб борилган муҳокамалардан сўнг, клуб янги ҳужумчи сотиб олиш режасидан воз кечгани маълум бўлди. Бу ҳақда Испаниянинг Diario AS нашри хабар тарқатди.
Маълумотларга қараганда, мураббийлар штаби аввалроқ жамоага “янги Хоселу”ни олиб келиш ниятида бўлган. Яъни, асосий таркибда мунтазам ўйнашни талаб қилмайдиган, лекин майдонга тушганида натижа берувчи самарали ҳужумчи изланганди. Бироқ, клуб ички имкониятларини кўздан кечириб, 21 ёшли Гонсало Гарсияда айнан шундай футболчини кўрмоқда.
“Реал” раҳбарияти фикрича, Гарсия катта мақсадларга ета оладиган салоҳиятга эга. Унинг яқинда Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатидаги ҳаракатлари буни исботлаб берди. Гонсало 3 та ўйинда иштирок этди, 2 та гол урди ва 1 та голли пас берди. Бу унинг ҳужумда қай даражада самарали эканини кўрсатади.
Айни пайтда Гарсия “Реал Кастилья” – клубнинг иккинчи жамоасида асосий роль ўйнамоқда. Ўтган мавсумда у бу жамоа таркибида ажойиб ўйин кўрсатиб, кўплаб ишқибозлар ва мутахассисларнинг эътиборини тортган. Унинг ҳаракатчанлиги, майдондаги вазиятни ҳис қилиш қобилияти ва голга бўлган интилиши уни тўлиқ равишда биринчи жамоага қўшиш масаласини кун тартибига олиб чиққан.
Ҳозирча “қаймоқранглилар” ҳужум чизиғида катта ўзгаришлар кутилмаяпти. Бош мураббий Хаби Алонсо ва жамоа раҳбарияти ушбу қарор орқали трансфер бозорида ҳаддан ташқари харажатларсиз иш кўришга ҳаракат қилмоқда. Уларча, Гарсия каби ёшларга ишонч билдириш – нафақат молиявий жиҳатдан, балки клубнинг келажаги учун ҳам тўғри йўл.
Футбол оламида “ўз инсонларига ишонч” концепцияси яна бир бор “Реал” мисолида ўз исботини топмоқда. Эндиликда Гонсало Гарсия олдида катта имкониятлар очилмоқда – асосий жамоадаги ўрнини мустаҳкамлаш ва юлдузга айланиш. Мухлислар эса энди унинг ҳаракатларини кўз-қулоқ бўлиб кузатишга тайёр. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар