
2025-йил 13-июн куни Ҳиндистоннинг Аҳмадобод шаҳрида содир бўлган Аир Индиа рейсининг ҳалокатли қулаш воқеаси бутун дунё эътиборини яна Боэинг 787 Дреамлинер самолётига қаратди. Бу самолёт замонавий авиациянинг энг илғор намуналаридан бири ҳисобланади. Аммо, бу ҳодиса орқасида 787 дастурига доир йиллар давомида давом этган танқидлар ва огоҳлантиришлар яна юзага чиқмоқда.
Дреамлинер илк бор 2009-йилда парвоз қилган ва шу вақтгача жаҳон бўйлаб бир миллиарддан ортиқ йўловчини ташиган. 2025-йилга келиб, дунё бўйлаб 1,100 дан ортиқ 787 самолётлари хизмат кўрсатмоқда. Шу кунгача 787 билан боғлиқ ҳалокатлар рўйхатида жиддий фожиавий ҳолат қайд этилмаган эди. Аммо Аир Индиа фожиаси бу тасаввурни ўзгартирмоқда.
Юзага келган муаммо фақат ҳалокат билан чекланмайди. Йиллар давомида Боэинғнинг собиқ ва амалдаги муҳандислари ва сифат назорати ходимлари самолётлар ишлаб чиқариш жараёнида хавфсизлик меъёрларига риоя қилинмаётгани ҳақида бир неча бор огоҳлантириш берган.
Боэинг 787 Дреамлинер композит материаллар асосида қурилган биринчи тижорат самолётидир. У илғор аэродинамикаси, тежамкор двигателлари ва замонавий электр тизимлари билан ажралиб туради. Аммо ишлаб чиқариш босқичида компания Жанубий Каролина штатидаги заводда муҳим сифат назорати билан боғлиқ муаммоларга дуч келган.
Собиқ сифат назоратчиси Жон Барнетт 2019-йилда BBC'га берган интервюсида заводда қисмларни кузатиш тизими бузилганини ва ҳатто айрим ишчилар яроқсиз деталларни махсус ахлат қутиларидан олиб, самолётларга ўрнатганини айтган. Унга кўра, баъзи қисмлар нотўғри маҳкамлаб қўйилган, бу эса электр симларининг хавфли жойларга тушишига сабаб бўлган.
Боэинг бу даъволарни рад этган, аммо АҚШнинг Федерал авиация маъмурияти (ФАА) мустақил текширув ўтказиб, баъзи даъволарни тасдиқлаган.
Боэинг компанияси сўнгги йилларда ички маданият ва сифат назорати тизимларида жиддий танқид остида қолган. 737 МАХ модели билан боғлиқ иккита ҳалокат ва 2024-йилги яна бир жиддий воқеа компаниянинг обрўсига кучли путур етказди.
Янги бош директор Келли Ортберг раҳбарлигида Боэинг ички назорат ва хавфсизлик тизимларини ислоҳ қилишни бошлади. Компания, хусусан, 787 ишлаб чиқарилиши устидан кузатувни кучайтирганини билдирган.
Аир Индиа ҳалокатининг сабаби ҳали аниқ эмас. Лекин айрим мутахассислар, жумладан собиқ Боэинг муҳандиси ва ҳозирда авиация хавфсизлиги бўйича фаолият юритаётган Эд Пиерсон, 787 моделларидаги айрим йирик муаммолар ҳақида олдинроқ огоҳлантирган эди.
Унинг ташкилоти 787 ларда ҳожатхона сувларининг электр тизимларига оқиб тушиши мумкинлигини, бу эса қисқа туташув ва ёнғин хавфини туғдиришини қайд этган. ФАА бу муаммога эътибор қаратган ва махсус текширувлар буюрган.
Авиация таҳлилчиси Ричард Абоулафиа фикрича, 787 самолётлари 16 йилдан бери миллионлаб парвозларни муаммосиз амалга оширган. У: “Агар жиддий муаммолар бўлганида, улар аллақачон намоён бўларди,” дейди.
Аммо, самолётлар вақт ўтган сайин чарчайди, компонентлар эскиради. Айниқса, ишлаб чиқаришда дастлабки йилларда аниқланган нуқсонлар ҳозиргача фойдаланилаётган самолётларда бўлиши эҳтимоли юқори.
Боэинг 787 Дреамлинер технологик ютуқ бўлиши мумкин, лекин у ҳам инсон омилидан ҳоли эмас. Ишлаб чиқаришдаги ҳар бир кичик хато – катта фожиаларга олиб келиши мумкин. Аир Индиа фожеаси бизга яна бир бор эслатади: ҳар қандай инновация хавфсизлик билан ҳамнафас бўлиши лозим. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар