
Грецияда соғлом авлод учун муҳим ва кескин ислоҳотлар бошланмоқда, деб ёзади euronews.com. Мамлакат ҳукумати илк бор вояга етмаган шахсларга тамаки ва алкогол маҳсулотларини сотганларга нисбатан жиноий жавобгарлик жорий этишга қарор қилди. Бу орқали мамлакатда болалар ва ўсмирлар орасида зарарли одатлар тарқалишига чек қўйиш мақсад қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазири Адонис Георгиадес таъкидлаганидек, мазкур ташаббуснинг асосий мақсади ёшларни зарарли моддалар таъсиридан муҳофаза қилиш, соғлом ҳаёт тамойилларини оммалаштиришдир. Янги қонун лойиҳаси катталар томонидан болаларни сигарет ва алкогол олишга ундовчи ёки ушбу маҳсулотларни уларга сотиш ҳолатларига барҳам беришни кўзда тутади.
Қонун кучга кириши билан Грециядаги барча тамаки дўконлари ва алкогол маҳсулоти сотувчилар шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўрашни мажбурий тартибда амалга ошириши шарт бўлади. Эндиликда 18 ёшга тўлмаганларга спиртли ичимлик ёки сигарет сотаётганлар қаттиқ жазога тортилади, айниқса бармен ва официантларга нисбатан алоҳида жазо чоралари белгиланмоқда.
Таҳлилларга кўра, ҳозирги вақтда Грецияда 16 ёшгача бўлган ёшларнинг 92 фоизи жамоат жойларида алкоголни бемалол олишлари мумкинлигини маълум қилган. Шу сабабли ҳукумат ушбу муаммони ҳал этиш учун қатъий чоралар кўришга қарор қилди.
Европа комиссияси ва бир қатор Европа давлатлари тамаки маҳсулотларига солиқ ва нархларни ошириш орқали зарарли одатларни чеклашга уринаётган бир пайтда, Афина тўғридан-тўғри қонунчилик ислоҳоти орқали ёшларни ҳимоя қилишни танлади. Янги қонун қабул қилинса, тамаки нархи 6-7 евро атрофида бўлиши мумкин, аммо ҳозирча Афина нархнинг кескин ошишига эҳтиёт билан ёндашмоқда — бундай чоралар иқтисодий салбий оқибатлар ва контрабанда кучайишига олиб келиши мумкин.
Грециядаги ушбу янги ташаббус жамиятда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Бир томондан, ёшлар саломатлигини сақлаш ва зарарли одатларни камайтириш муҳим эканлиги таъкидланса, иккинчи томондан, иқтисодий ва ижтимоий оқибатлар ҳақида хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Хулоса қилиб айтганда, Греция ҳукумати болалар ва ўсмирларнинг соғлиғи учун жиддий қадам ташламоқда. Янги қонунчилик орқали ёш авлодни зарарли маҳсулотлардан асраш, келажакда соғлом ва масъулиятли жамият қуриш йўлида муҳим мезон сифатида қаралмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар