
“Оппоғой” эртагининг замонавий талқинида бош қаҳрамонни гавдалантирган 23 ёшли актриса Рейчел Зеглер фильм муваффақиятсизлигидан сўнг руҳий ҳолатига жиддий зарар етганини тан олди. Унинг сўзларига кўра, доимий танқидлар ва босим туфайли у психиатр хизматига мурожаат қилишга мажбур бўлган.


Фильм катта сармояга қарамай, оммавий муваффақият қозона олмади: ИМДб рейтингида у 10 баллдан бор-йўғи 1,6 балл олди, бу эса платформадаги энг паст баҳолардан бири ҳисобланади. Прокатдан атиги 87,3 миллион доллар йиғилган бўлиб, бу 270 миллион долларлик бюджетдан анча кам.
Актриса интервюларидан бирида “Мен бундай ҳолатларга жуда таъсирчанман. Бу менинг шахсий мағлубиятим эмас, лекин босим жуда катта бўлди”, — деган.
Тушкунлик ҳолатидан чиқиш учун Рейчел ота-онасининг уйига — Ню-Жерсига йўл олган. У мунтазам психиатрга қатнаганини, хавотирни камайтирувчи дори-дармонлар ёзиб берганини очиқ айтди. “Агар бу дорилар бўлмаганида, яшай олмасдим”, — дейди у.
Фильм яратилиш жараёнидаёқ Рейчел Зеглернинг бош ролга танланиши мухлислар орасида катта эътирозларга сабаб бўлган. “Қор каби оппоқ” деб тасвирланган қаҳрамонни лотин америкалик актрисанинг гавдалантириши кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Айниқса, Зеглернинг 1937 йилда чиқарилган асл фильмни “эскирган” деб аташи ва ундаги романтик муносабатларни “соғлом эмас” деб танқид қилиши жамоатчилик норозилигини кучайтирди. Унга кўра, янги версияда Оппоғой кучли, мустақил ва етакчи аёл сифатида намоён бўлиши керак эди.
Форбесънинг ёзишича, бу лойиҳа Дисней студияси учун энг муваффақиятсиз фильмлардан бирига айланган. Оғир танқидлар, салбий баҳолар ва жамоатчилик норозилиги — буларнинг бари нафақат фильм, балки бош ролни ўйнаган актрисанинг шахсий ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатди.
Зеглер ҳозирда соғлиғи ва руҳий барқарорлигини тиклаш устида иш олиб бормоқда. “Менинг психиатрим бу вақт ичида доим ёнимда бўлди”, — дейди у. Актрисанинг бу қийинчиликлардан қандай чиқиб кетиши эса мухлислар учун ҳам қизиқ бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар