16:36 / 14.08.2022
1 649

Моҳир, машҳур, инжиқ ва антиқа Фишер

Моҳир, машҳур, инжиқ ва антиқа Фишер
Роберт (Бобби) Жеймс Фишер 1943 йили АҚШнинг Чикагосида туғилган. 2008 йили Рейкявик (Ис­­ландия)да вафот этган. У ўз замо­на­си­нинг энг ёрқин ва буюк шахматчи­ла­ри­дан бири, шахмат бўйича ўн би­рин­чи жаҳон чемпиони (1972–1975) эди. Халқаро уста рутбасига (1957) эга бўлган, кейин (1958 йили) гроссмейстерга айланган.

Кўчиш, ажрашиш...

Робертнинг онаси Регина Фишер, қизлигида Вендер – швейцариялик яҳу­­­дий оиласидан бўлиб, Полшадан Швейцарияга кўчиб ўтган эди. Отаси эса немис би­олог олими, коммунист Ҳанс-Гер­хард Фишер нацистлар зулмидан СССРга қочиб келган. У шу ерда тиббиёт институтида ўқиётган Ре­ги­­на билан танишади. 1939 йили эр-хотин СССРни тарк этиб, Америкага кў­чиб кетишди. Аммо тез орада ажрашдилар. Ре­гина АҚШда қолди, Герхард эса — Чилида.

Иккинчи жаҳон урушидан ке­йин Герхард Германияга қайтиб келди. Тахмин қилишларича, Робертнинг ҳа­қиқий отаси нацистлар Герма­ния­сидан АҚШга қочиб ўтган венгриялик яҳу­дий, математик, атом бомба­сини яратиш бўйича «Манҳеттен лойиҳаси»нинг қатнашчиси Пол Немени бўл­ган. Немени боланинг тарбиясида фаол қатнашади, унга ёрдам беради, ўқишига пул тўлаб туради. У икки мар­­та Реги­надан болани тарбиялаш ҳуқуқини суд орқали олиб қўйишга уринган. Аммо ҳаракатлари зое кетган. «Боланинг онаси руҳий касал ва унга муносиб тарбия бера олмайди», — деган эди Немени.

Уруш тугагач, онаси болалари билан Бруклинга кўчиб ўтди. Ро­берт олти ёшга кирганида опаси Жоан унга шахмат ўйнашни ўргатди. Тез ора­да унинг шахматга нисбатан қобилияти намоён бўлди. Шахматга ишқибозлик Робертни тенгдошларидан тў­лиқ ажратиб қўйди. У фақат шахмат ўйнай оладиган одамларни тан олар, тенг­дош­лари орасида эса бундайлар йўқ эди. Ўткир хотираси Робертга немис, рус, испан ва серб-хорват тилларини ўрганиш, чет тилларидаги шахмат адабиётларини ўқий олиш имко­ни­я­ти­ни берди. 1957 йили 13 ёшида Роберт Фишер ўсмирлар ўртасида АҚШ чемпи­они бўлди. 14 ёшида эса катталар ўртасида АҚШ тарихидаги энг ёш чемпионга айланди.

Мактаб ва ўқитувчилар ҳақида ножоиз гаплар

Фишер жанжалкашлиги ва ҳаммани ҳайрон қолдирувчи гапла­ри билан ҳам ном чиқарди. Масалан, у мак­­таб ҳақида шундай гапларни айтган: «Мактабда ҳеч нарсага ўрганиб бўл­май­ди. Ўқитувчилар аҳмоқ. Аёл­ларнинг ўқитувчи бўлиши мумкин эмас. Менинг мактабимда фақат жисмо­ний тарбия ўқитувчиси аҳмоқ эмас — у шахматни яхши ўйнайди».

Фишер 15 ёшида, ўзини тўлалигича шахматга бағишлаш учун мактабни таш­лаб кетади. «Менинг ягона истагим — шахмат ўйнаш», — дейди у. Шу туфайли она­си билан жанжаллашиб қолади ва 1960 йили Бруклиндаги квартира­ни ун­га қолдириб, ўзи кетиб қолади. Ўшандан бошлаб Фишер алоҳида яшай бош­лади. Ёшлигиданоқ Фишернинг мақсади жаҳон чемпиони бўлиш эди, шу­нинг учун барча имкониятлардан фойдаланиб, жон-жаҳди билан иш­­ла­ди. Соғлиғи ва қоматини сақлаш учун сузиш, теннис, чанғи ва конкида учиш билан ҳам шуғулланди.

АҚШ чем­­пи­­о­натида ғолиб бўлган Фишер, 1958 йили Порторож (Югославия)да ўтадиган ҳудудлараро турнирда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Турнир ол­ди­­дан Америка шахмат федерацияси Совет федерациясига Фишер учун икки­та машқ ўйин­ини ташкиллаштириш таклифи билан мурожаат қилди. У Бо­рис Спас­ский ва Ев­гений Васюков билан учрашиш учун биринчи ва охирги марта СССРга келди. Аммо Москвага ташрифидан сўнг Фишер Ботвинник­нинг ўзи билан ҳам матч ўйнаш истагини билдирди, бунинг имкони йўқ­лигини айтганларида эса, матчлардан воз кечди ва совет шахматчилари, жум­ладан, Петросян ва Васюков билан ҳам тезкор партиялар серияси ўтка­зиш билан чекланди.

Кейин, Фишернинг онаси илтимос қилганлиги туфайли, Югославия шах­­­мат иттифоқи америкалик талант соҳибини ҳудудлараро турнир бошла­ни­­шидан бир ой олдин қабул қилди. Ҳудудлараро турнирнинг ўзида Фишер халқаро гроссмейстерлик нор­ма­сини ошириб бажарди ва даъвогарлар тур­нирида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Шундай қилиб, 1958 йили, ўн беш ярим ёшида у шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстер бўлди ва 17 ёшида гроссмейстерликни эгаллаган Борис Спасскийнинг аввалги рекордини янгилади.

Мислсиз натижалар

1959 йили Фишер биринчи марта Югославияда жаҳон чемпионлигига даъ­вогарлар турнирида қатнашди. Бу иштирок муваффақиятсиз бўлди: Фи­шер 5-6-ўринларни бўлишиб олди, турнирда ғолиб чиққан Михаил Таль билан микроматчда 0:4 ҳисобида мағлубиятга учради. Экстра-классдаги шах­матчилар билан ўйинларда тайёргарлигидаги камчиликлар кўриниб қолди. Омадсизлик Фишерни тинмай меҳнат қилишга ундади ва тез орада у бир қатор йирик турнирларда ажойиб ғалабаларга эришди. 1960–1962 йил­лари ҳу­дуд­лараро турнирларда тўрт марта биринчи ва бир марта иккинчи бўлди.

Бобби Фишер 19 ёшда, 1962 йил
1962 йили Кюрасаода навбатдаги даъвогарлар турнирида у яна омад­сиз­ликка учради — Петросян, Керес ва Геллерлардан кейин 4-ўринни эгал­лади. Фишер уйига қайтгач, «Sports Illustrated» журналида мақола эълон қи­­либ, унда энг кучли совет шахматчилари ўзаро ўйинларда, бошқа даъ­во­гар­­ларнинг биринчи ўринга чиқмасликлари учун, келишилган дуранг­ларни қайд этаётганликларини айтди (турнирда Петросян, Керес ва Геллер ўрта­сидаги 12 партиянинг барчаси дуранг билан якунланган ва даъвогар­лар­нинг ҳар бирига тенг миқдордаги очко теккан). Фишернинг сўзларига кўра, «шах­матда русларнинг назорати шу даражага етганки, жаҳон чемпиони унво­ни учун мусобақаларнинг ҳаққоний ўтиши мумкин эмас».

Тўғрисини айт­ган­да, келишилган дуранглар ёрдамида юқори мавқени сақ­лаб қолиш мум­кин, лекин фақат Фишер етакчилардан анча орқада қолган тақдирдагина бу­ни амалга оширишнинг имкони бўларди. Агар у ҳақиқатан биринчи ўрин­га яқин турганида, совет гроссмейстерлари фақат бир-бирларини енг­ган тақдирдагина уни тўхтатишлари мумкин бўларди. Ҳатто Фишернинг ўзи ҳам партиялардан бирида Геллер билан 14-юришда, Керес билан 12-юриш­да дурангга рози бўлган. Фишер, токи ФИДЕ даъвогарлар турнирини олимпия тизимидаги матчлар билан алмаштирилга­нига қадар олий унвон учун мусобақаларда қатнашмаслигини айтган. Ке­йин­чалик ўзининг шахматдаги фао­ли­я­тини тан­қидий баҳолаган ҳолда, муваф­фақи­ят­сизлик­лари­дан тўғри ху­ло­са­лар чиқарди.

1960-йилларнинг иккинчи ярмида Фишер жаҳоннинг энг кучли шах­мат­чилари сафига кирди ва энг юқори мавқедаги турнирларда ютуқларга эриш­ди: Гавана (1965) — 2-4-ўринлар (Фишер сиртдан қатнашди — 1960-йилларда АҚШ Кубага қарши чекловлар қабул қилганди, давлат де­пар­таменти унинг Гаванага боришига рухсат бермади ва Роберт АҚШда ту­риб, ўз юришларини телефонда айтиб турди); Санта-Моника (1966) — 2-ўрин; Ох­рид ва Монте-Карло (1967) — 1-ўрин; Нетанья ва Винковци (1968) — 1-ўрин; Ровинь-Загреб ва Буэнос-Айрес (1970) — 1-ўрин.

Фишер ўз ватанида мутлақ ғолиб эди. АҚШнинг 8 карра чемпиони. 1963–1964 йиллардаги АҚШ биринчилигида юз фоизли натижа билан ғолиб бўл­ган. 1960, 1962, 1966, 1970 йиллардаги Бутунжаҳон олимпиадаларида АҚШ жамоасининг етакчиси бўлди, уларда дунёнинг илғор шахматчила­ри­га қарши 65 та партия ўйнади, фақат 7 тасида мағлубиятга учради ва 18 тасида дурангга эришди.

Жаҳоннинг энг кучли шахматчилари жамоаси («жаҳон термаси») би­лан СССР терма жамоаси ўртасидаги учрашувда (1970) 2-тахтада Т.Петросянни 3:1 ҳисобида енгди. 1971 йилдаги даъвогарлар матчида унинг кўрсаткич­лари рекорд даражага кўтарилди — у М.Тайманов ва Б.Ларсенни «қуп-қуруқ» — 6:0 ҳисобида енгди, финалда эса Т.Петросянни 6,5:2,5 ҳисобида мағ­лу­би­ят­га учратди, натижада, жаҳон чемпиони Борис Спасский билан ўйнаш ҳу­қуқини қўлга киритди. Мусобақаларнинг бу қисмида Фишер жаҳон­нинг энг етакчи шахматчилари билан ўйинларда мисли кўрилмаган натижага эриш­­ди — очколарнинг 85 фоизини эгаллади.

Интервью бериш — 25 000 доллар

Фишер доимо турли жанжаллар марказида бўлар, ўзи­ни мусобақанинг бошқа қатнашчиларидан устун қўйиб, турли им­ти­ёзлар талаб қилар, мавжуд тартибларни бузар, боз устига кў­пин­ча буни қўполлик билан ва намойишкорона амалга оширарди. Фишер, масалан, ўзининг иштирокидаги пар­ти­я­лар кечқурун соат 16:00дан кейин бошлани­ши­ни талаб қиларди, чунки у жуда кеч уйғонишга ўрганган, меҳмон­хоналарда эса фақат «люкс» хоналар­да­ яшашга рози бўларди. У ҳамиша ўйиннинг бошланишига кеч қоларди, вақт ўтиши билан ҳамма бунга кў­никди.

Шарҳловчилар Фишер, аслида турнир шароитининг яхшиланиши ва етакчи шахматчиларнинг моддий таъминоти кўтарилиши учун кўп ишлар қилган­ли­ги­ни таъкидлашган. Масалан, Фишернинг талаблари туфайли шахмат бў­йича жа­ҳон чемпионати соврин жамғармасининг миқдори сезиларли ра­виш­да ошган. Фишер: «Мен шахматга бокс­дан кам бўл­маган даражада ҳурмат билан қарашларига эришаман. Ўзининг навбат­да­ги чиқиши учун Муҳаммад Али қанча сўраса, мен ундан кўпроқ талаб қи­ла­ман», — деган эди.

Б.Спасский билан жаҳон чемпионлиги учун матч 1972 йили Рейк­явикда ўтказилди ва Фи­шернинг 12,5:8,5 ҳисобидаги ғалабаси билан якун­ланди. Шахмат тари­хи­да биринчи марта соврин жамғармаси 250 000 доллар­ни ташкил этди.

Фишер ва Спасский ўртасида ўтказилган машҳур ўйин.
Ғалабадан кейин АҚШда Фишерни миллий қаҳрамон сифатида кутиб ол­ишди. АҚШ президенти Никсон томо­ни­дан Оқ уйда уюштирилган зиёфатга таклиф этилди, лекин Фишер: «Мен ов­қат чайнаётганимда оғзимга қараб туришларига чидай олмайман», — дея зиё­фат­дан бош тортди.

Ғарб матбуоти Фишерни мақтовларга кўмиб ташлади, кўпгина маш­ҳур одамлар — қўшиқчилар, актёрлар у билан дўстлашишни истар­ди. Фи­шер­­нинг ғалабаси Ғарбда шахматнинг оммавийлашишига тур­тки бўл­ди. Бу, айниқса, АҚШ ва Исландияда сезилди. Америкада кўпгина чақалоқ­лар­­ни Фи­шер­ шарафига Бобби деб атадилар, Бродвейда шахмат мюзикл­ла­­ри қўйилди.

Фишернинг ўзи бўлаётган воқеаларга хотиржам қарар ва ўзини одат­да­ги­дек кескин, эркин тутарди. У интервью беришни ёқтир­мас, фа­қат энг яқин дўстларининг тор доирасида муомала қилишни лозим топар, таклиф қилинган кўп миллионли реклама шартномаларидан ҳам воз кечарди (айтишларича, Фишерга, жумладан, автомобилларни реклама қилишни таклиф қилишган, лекин у машиналарни кўриб, кўплаб камчиликлар топгач, «жонига қасд қилувчиларга мўл­жал­ланган бу уловларни реклама қилмоқчи эмас»лигини айтган). Айни пайтда Фишер барча жамоатчилик ишларидаги иштироки учун ҳақ талаб қи­лар­ди. Шу тарзда, хатни ўқиб чиқиш учун 1000 доллар, телефонда гап­ла­шиш учун 2500 доллар, шахсан учрашиш учун – 5000 доллар, интервью бе­ришга эса 25000 доллар талаб қиларди. Бир неча ойдан кейин у жудаям чар­чаган­ини айтиб, аста-секин одамлар олдига чиқмай қўйди.

Шахматчи... жиноятчими?

Спасский билан матчдаги сўнгги беллашув Фишер ўйнаган охирги расмий пар­тия бўлди. Жаҳон чемпиони унвонини эгаллаганидан кейин жуда кам ўйна­ди, фақат но­расмий партияларда иштирок этди, бирор марта ҳам жид­дий тур­нирларда қатнашмади. Уни билган одамларнинг айтишича, чем­пи­о­нлик ун­во­ни­ни олиш янги чемпионнинг иззатталаблигини ошир­ган ва мағлу­би­ят ҳақида, ҳатто ўйлаб кўриш ҳам унинг учун жуда азоб бўлган.

Анатолий Карпов билан жаҳон чемпионлиги учун матч ўтказиш тар­тиб­лари ҳақидаги узоқ ва оғир музокаралардан сўнг, муросага ке­ла олмаган Роберт Фишер бу ўйинни ўтказишдан бош тортди. 1975 йил­ 3 апрелда ФИДЕ Фишерни чемпионлик унвонидан маҳрум этди ва Кар­повни янги жаҳон чемпиони деб эълон қилди. Кейинги икки йил давомида Фишер-Карпов учрашуви барибир ўтказилади деган умид бор эди, лекин матч ҳақидаги музокаралар 1977 йилга келиб тўхтаб қолди.

Унвонидан маҳрум қилинган Фишер расмий шах­матга қайтмади. 1976–1977 йиллари ФИДЕ доирасида Анатолий Карпов билан матч ҳақида музокаралар олиб борилди, лекин натижа бўлмади. 1970-йил­лар­нинг охирида мат­буотда Фишернинг компютер шахмат дастурига қар­ши ўйини (у ҳар учала партияда ютиб чиққан) ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Фишер бир қанча вақт «Яратганнинг Бутунжаҳон черкови» диний сек­та­­си­ қатнашчиси бўлгани ҳақида хабар қилинганди, лекин унинг раҳ­бар­лари башорат қилган охир замон рўй бермагач, сектадан чиқ­қан.

1990-йилларнинг бошига қадар Фишер Пасадена (Ка­ли­фор­­ния)да ёлғиз ўзи яшади. 1980-йилларнинг охирида у хат орқали 18 ёшли венгер шах­мат­чиси Зита Райчани билан танишди, бир мунча вақт ўтиб унинг ёнига, Бу­дапештга борди ва журналистларга кўринмай яшай бошлади. Фишерни уну­тиб ҳам юборишганди. Лекин 1992 йили югославиялик банкир Е.Васи­ле­вич Б.Спасский билан тижорий матч-реванш ўтказишни таклиф қилганида, кутилмаганда экс-чемпион рози бўлди. Матчнинг соврин жамғармаси 5 мил­лион АҚШ долларини ташкил этарди. Ўйин Югославиядаги Свети-Стефан оролида, ав­вал Фишер А.Карпов билан ўйинга қўйган талаблар асосида 10 та ғалабагача ўйнал­ди.

Ҳали матч бошланишидан олдин Фишерга АҚШ Давлат департамен­ти­дан ёзма ахборот келди, унда Югославия ҳудудида ўтказилаётган ўйинда қат­на­­шиш халқаро эмбаргони (АҚШ Югославияга эълон қилган бой­кот­ни) бузиши ва бу матч учун Фишер 10 йил қамоқ жазоси олиши мумкинлиги айтил­ган­ди. Матчдан олдинги матбуот анжуманида Фишер хатни намойиш­ко­рона йиртиб ташлади ва шундай деди: «Мен одамларни АҚШ — интеллектуал давлат эканлиги, унда ақлли инсонлар яшашига ишонтирдим, улар эса миннатдорлик ўрнига мени хонавайрон қилишди, камситишди. Мен ҳам уларга худди шундай жавоб қайтаряпман».

Муҳожирлар қамоқхонасида ва ўлим

Матч ўйналди ва Фишер 10:5 ҳисобида ғалаба қозонди, ҳаммаси бў­либ 30 та партия ўтказилган эди. Ўша пайтда ҳам, кейинчалик ҳам Фишер бу матч­ни «Жаҳон биринчилиги учун матч» деб атади, ўзини чемпион деб ҳи­соб­лашини, чунки уни ҳали ҳеч ким енга олмаганини таъкидлади.

Фишер Спасскийга қарши. 1992 йил
Матчдаги ғалабадан сўнг Фишернинг АҚШга қайтиб бориши мумкин эмас­ди. Югославияга қилинган эмбаргони бузишда айбловдан ташқари унга со­лиқ бошқармаси ҳам даъво билан чиққан эди: 1976 йилдан буён солиқ тўла­ма­гани, шу жумладан, ўтказилган матчда олган гонорардан ҳам солиқ пу­ли­ни бермаганлиги учун унга 250 минг доллар жарима хавф солиб турарди. Фи­шер бир мунча вақт Венгрияда, Будапештда яшади. 1994 йили у Зита Рай­ча­ни билан ажрашди, лекин яна ёш шахматчилар, опа-сингил Юдит ва Жу­жи Полгарлар оиласининг дўсти бўлиб олди.

Кейин Фишернинг ҳаётида яна муҳим ўзгаришлар рўй берди: 2000 йили у кутилмаганда ўзининг венгриялик танишлари билан алоқаларини узди ва доимий яшаш учун Шарққа равона бўлди. Филиппинда 22 ёшли маҳаллий аёл Мэ­ри­­­лин Янг билан танишди. 2001 йил 21 майида Мэрилин қизчали бўлди (ав­валига у Фишернинг қизи деб тахмин қилинганди, лекин Фишернинг вафоти­­дан сўнг, шахматчининг меросига даъво қилиб чиққан Мэрилин Янгнинг талаби билан ўтказилган ДНК таҳлили буни тасдиқламади).

Фишер, асосан, Японияда, ўзининг эски таниши, япониялик шахматчи аёл Миёко Ватаи билан яшади. У билан Фишер 1970-йилларда танишганди.

Фишер Японияда
2003 йилнинг декабрида АҚШ Давлат департаменти Фишернинг пас­пор­­тини расман бекор қилди. Унинг ўзи бу ҳақда фақат 2004 йилнинг 13 июлида, Япониядан Филиппинга учиб кетмоқчи бўлганида билди, мам­ла­кат ҳудудига ноқонуний киришда айбланиб, қамоққа олинди ва муҳожирлар қамоқхонасига жойлаштирилди. АҚШ ўша заҳоти Фишернинг жиноятчи сифатида берилишини талаб қилди. Миёко Ватаи Фишерни қут­қа­риб қолиш илтимоси билан дунё жамоатчилигига мурожаат қилди, бунинг учун сиёсий бошпана берилиши керак бўларди. Қамоқхонада бўлган пай­ти­да Фи­шер ёзма равишда Америка фуқаролигидан воз кечганини бил­дирди, си­ёсий бошпана берилиши ҳақида илтимоснома ва ноқонуний қа­моқ­қа олин­ган­и хусусида даъво аризаси ёзди. Фишернинг адвокатлари унинг пас­пор­ти бекор қилингани ҳақида билмагани, бундан таш­қари қа­моққа олиниши ҳар қандай ҳолатда ноқонуний бўлгани, чун­ки у Япо­ни­яга келган пайтида паспорти ҳали бекор қилинмаганини айт­ишди.

Кунчиқар мамлакатдан депортация қилинган Фишер Исландия пой­тах­ти Рейкявикда яшади. 2007 йил ноябрда буйрак хасталиги билан ка­сал­­хонага ётқизилди. Бироқ операцияга рози бўл­мади. Бу касаллик туфайли у 2008 йил 17 январда — 65 ёшида вафот этди.

Иззат Аҳмедов тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моҳир, машҳур, инжиқ ва антиқа Фишер