Қаршининг “Насаф” жамоаси ўз уйида “Ал Айн” билан нурсиз дурангга имзо чеккани кўпчиликни ранжитгани рост. Шунга қарамай, ҳали кураш давом этади. Бугун, “аждарлар”нинг “Марказий”даги ўйинини таҳлил қиламиз. Жавоб ўйинида “аждарлар”да имконият борми? Қаршидаги омадсиз ўйиннинг асосий сабаби нима? Бу йил “Насаф”дан нима кутиш керак? Шу ва бошқа саволларга жавоб оласиз.
Баҳсдан аввал Рўзиқул Бердиев учун тақдир чинакам бошқотирма тайёрлаб қўйган эди. Алибек Давронов, Шерзод Насруллаев, Зоран Марушич, Зафармурод Абдураҳматов, Умиджон Эргашев, Ислом Кенжабоевлар турли сабабларга кўра ўйинда иштирок эта олмагани сабабли мураббий асосий таркибни танлашда бироз мушкул вазиятга тушиб қолди. Боз устига, 3 марказий ҳимоячига суянган 5-2-3 схемасида унга номинал 3 нафар соф мудофаа вакили керак эди.
Мутахассис: Неъматов, Муҳаммадиев - Голбан - Ғайбуллаев , Раҳматов - Мозговой - Сиддиқов – Муҳиддинов, Чогадзе – Бозоров, Абдихолиқовни асосий таркибда жангга ташлади.
Марказда Муҳаммадиев илк бор кўриниш берган бўса, Раҳматов карьерасидаги энг катта ўйинда дебют қилди. 5 ҳимоячи билан ўйнайдиган жамоаларда энг катта ҳажмдаги ишни бажариб бериш вазифаси доим қанот ҳимоячиларига тушишини ҳисобга олсак, “Насаф” кеча айнан шу зонадаги асосий ижрочиларисиз ҳаракат қилишга мажбур бўлгани дарров кўзга ташланди. Ҳужум чизиғида эса, анча вақт давомида ўйин амалиётисиз қолган Бобур Абдуҳолиқов ҳаракат қилган бўлса, қанотларда Чогадзе/Бозоров тандеми тўп сурди.
Бир қарашда, Бердиев таркиб билан боғлиқ мураккаб вазиятдан чиқиб кетгандек кўрингани билан, аслида таркибдаги йўқотишлар ўйин динамикасига таъсир кўрсатди. Биринчи бўлимда, жисмоний тайёргарлик масаласида муаммолар йўқлиги боис, “Насаф” яхшироқ ҳаракат қилди. Голга ҳам яқин келди, бироқ якуний зарбага қадар иш етиб боргани йўқ.
“Аждарлар” рақиб тўпни ўзида яхши ушлагани боис, прессингда катта куч сарфлашга мажбур бўлди. Бу эса, биринчи бўлим охирларига бориб жисмоний ҳолат 100 фоиз ўйинга тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди. Илк 45 дақиқалик Бердиев режаларини барбод қилиб ташлади. Муҳиддинов кутилганидек фаол бўлмади, Сиддиқов марказда прессингда деярли наф келтиргани йўқ. Чогадзе ва Бозоровлар унга қарши персонал ўйнаётган қанот ҳимоячиларига қарши кутилганидек дриблинг ишлатиб алдаб ўтишни уддалай олмади. Яъни, улар ўйинни ўзига олган ҳолда олдинги чизиқдаги кам сонли ижрочилар билан ҳам бўш зоналар яратиш вазифасини уддалай олгани йўқ. Жароҳати сабабли ўйин стартини ўтказиб юборган Марушичнинг йўқлиги сабабли “Насаф” асосий фишкаларидан бири саналган иккинчи қаватдан узатмалардан деярли фойдалангани йўқ. Бобур Абдуҳолиқов ҳаводаги курашларда кўп ҳолларда имкониятни бой бергани бор гап.
Иккинчи бўлим бошлариданоқ, “Ал Айн” “Насаф”даги активликни йўқолганини сезди ва темпни оширди. Араб жамоаларига қарши асосан кучли прессинг эвазига таблога таъсир кўрсатишга одатланган “Насаф”ни жисмоний тайёргарлиги бу сафар асосий козер қартани ўйинга қўшиш имконини бермади. Айниқса, 55-80 дақиқалар оралиғида БАА клуби тўлиқ устунлик қилди дейиш мумкин. Айнан ўйиннинг шу қисмидаги рақиб устунлиги сабабли тўп назорати 59 га 41 кўрсатгични ташкил этди.
“Аждарлар” бундай катта фарқ билан тўп назоратини сўнгги бор Суперлига доирасида ўтган йили “Пахтакор” билан Тошкентдаги ўйинда қайд этган эди. Ўйин рақиб томонга қараб кетаётганини пайқаган Рўзиқул Бердиев ўзининг асосий жанг қуроли – Шерзод Насруллаевни жангга ташлади. У биринчи бўлимда кутилган эффектни бермаган Шароф Муҳиддиновга алмаштирилди. 63-дақиқага келиб рақиб майдон марказидаги кучлар ўзгартирилди. Марко Станоевич Сиддиқовни ўрнини эгаллаган бўлса, Виктор Да Силва Чогадзени алмаштирди. Маркони майдонга тушириш орқали мураббий майдон марказидаги рақиб устунлигига таъсир кўрсатишни истади ва қисман буни уддалади ҳам.
Жавоҳир Сиддиқовдан фарқли ўлароқ, Марко марказда агрессивлик қўшди. 5-2-3 га қарши 4-3-3 нинг замонавий вариантини танлаган “Ал Айн” толиқиб қолган рақиб билан ўйинда марказда устунликни қўлга олишни бошлади. Ўйин динамикаси, темп ва агрессив прессинг масаласида “Насаф” ўз потенциалини 55-60 фоизини намойиш эта олди, холос. Айнан шу фактор сабабли ҳужумга ўтиш чоғида браклар кўп кўзга ташланди. Ҳали жамоавий ўйин тўлиқ йўлга қўйилмагани, чизиқлардаги боғламларнинг яхши ишламагани “Ал Айн”нинг 2-зонадаги юқори прессинги фонида яққол кўзга ташланиб қолди.
Шунга қарамай, xG билан ҳисобласак “Насаф” бутун ўйин давомида атиги 0,24 гол киритишга лойиқ имконият яратди. “Ал Айн”да xG 0,49 ни ташкил этди. Бу “аждарлар” мудофаа чизиғи ҳужум ва ярим ҳимоядагилардан анча ишончлироқ кўринганидан далолат. Соддароқ қилиб айтсак, жамоани олдинги чизиқлардаги барча хатоларини орқадагилар тўлиқ ёпиб кетди. Айнан уларнинг меҳнати сабабли мезбонлар мағлубиятдан қутулиб қолди.
Қанчалар ғалати эшитилмасин, жавоб баҳси олдидан “Насаф”да стратегик устунлик бор. Плей-офф босқичида уйда ўйнаган жамоа ўз-ўзидан олдинга ўтиши, ҳужумкорроқ бўлишга интилиши ҳеч кимга янгилик эмас. Нурсиз дуранг “Ал Айн” учун жавоб ўйинида биринчи рақамда ҳаракат қилиш шарт эканлигини англатади. Ўйин қўшимча бўлимларга ўтиб кетса, вазият тенглашишини БАА клуби сезиб турибди. Ёдингизда бўлса, Бердиев шогирдлари гуруҳ босқичининг меҳмондаги баҳсларида уйдагидан кўра яхшироқ таассурот қолдирган эди. Айнан ўша иккинчи рақамда тўп суриш қарши ҳужумларда рақибни ушлаш имконини бериши мумкин. Тўғри, фаворит мақоми Қаршида кўрсатилган "ноилож" гуруҳининг чиқишидан сўнг “Ал Айн” томонига ўтди, аммо ҳали жанг тугагани йўқ.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”