date

Ҳусановнинг жароҳатдан кейинги кечаги ўйини қандай баҳоланди?

Ҳусановнинг жароҳатдан кейинги кечаги ўйини қандай баҳоланди?

Англия Лига Кубогининг нимчорак финалида “Манчестер Сити” сафарда “Суонси Сити”га қарши майдонга тушди. Уэльсда бўлиб ўтган мазкур ўйин кутилганидек осон кечмади — мезбонлар кучли рақибни ҳам шошириб қўйди.

Учрашувнинг илк 15 дақиқасидаёқ “Суонси” мухлисларини қувонтирди. Жош Кей чап қанотдан ҳаракатланиб, ҳимоячини алдаб ўтди ва Гонсалу Франкога аниқ пас узатди. Португалиялик ҳужумчи эса тўпни дарвозага жойлаб, “Манчестер Сити”ни шокка солди. Бир неча дақиқалар давомида манчестерликлар ғалабани қўлдан чиқаргандек кўринди.

Бироқ тажриба ва "класс" ўз сўзини айтди. Хосеп Гвардиоланинг шогирдлари тез орада ўйинни назоратга олди. Биринчи бўлимнинг ўртасида Жереми Доку гол урди ва ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда эса Умар Мармуш жамоасини олдинга олиб чиқди, Райан Черки эса ўйин тақдирини ҳал қилди. Шу тариқа “шаҳарликлар” 3:1 ҳисобида ишончли ғалаба қозониб, мусобақанинг кейинги босқичига йўл олди.

Бу баҳс мухлислар учун яна бир муҳим воқеа билан ёдда қолди — бир ойдан ортиқ жароҳат сабаб ўйиндан четда қолган Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушди. Ёш ҳимоячи 63 дақиқа ўйнаб, ишончли ҳаракат қилди. Унга нисбатан мутахассислар ижобий фикр билдирди — баъзи эпизодларда ишонч етишмаган бўлса-да, умумий ўйини барқарор баҳоланди.

Cityxtra.co.uk портали ўйиндан сўнг футболчилар фаолиятини баҳолаб ўтди. Жеймс Траффорд 7,5 балл билан ишончли дарвозабон сифатида қайд этилди. У “Суонси”нинг биринчи голида айбсиз бўлса-да, ҳисоб 1:0 бўлганида муҳим сейв амалга оширди. Рико Льюис ҳар доимгидек фаол ҳаракат қилгани учун 7 балл олди. Абдуқодир Ҳусанов 6,5 ва Натан Аке 7 балл билан баҳоланди.

Абдуқодир Ҳусановнинг жароҳатдан кейин майдонга қайтгани ҳаммани хурсанд қилди. Учрашув давомида ишончли ўйнади, бироқ баъзи вазиятларда ишонч етишмагандек ҳаракат қилди. Лекин бу жароҳатдан қайтган ўйинчи учун табиий ҳол. Абдуқодир учун бу спорт формасини тиклаш йўлидаги жуда фойдали ўйин бўлди.

Энг юқори баҳони эса франциялик Райан Черки олди — 9 балл. У нафақат гол урди, балки бир голли пас ҳам узатиб, ўйиннинг энг яхши футболчиси деб топилди. Унинг майдондаги иштиёқи ва чап қанотдаги фаоллиги мухлислар ва мутахассислар томонидан алоҳида таъкидланди.

Умар Мармуш 8 балл билан баҳоланди — мисрлик ҳужумчи Эрлинг Холанд йўқлигида ҳам юқори даражада ўйнади ва ўзини ишончли намоён қилди. Жереми Доку ҳам 8 балл билан гол муаллифи сифатида ёдда қолди.

Эътиборга молик жиҳат — бу ғалаба “Сити” учун нафақат финалга қадам, балки таркибга қайтаётган ўйинчиларнинг формасини текшириш имкони ҳам бўлди. Гвардиола ушбу натижадан мамнун эканини таъкидлаб, “жамоа бор кучини майдонда намойиш қилди”, деган фикрни билдирган.

Эндиликда “Манчестер Сити” чорак финалда “Брентфорд” билан куч синашади. Бу баҳс 17 декабрь куни “Этихад” аренасида бўлиб ўтади ва мухлислар яна бир қизиқ тўқнашувни кутмоқда. Шубҳасиз, бу сафар ҳам “шаҳарликлар” ғалабани қўлдан бермасликка ҳаракат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ҳусановнинг жароҳатдан кейинги кечаги ўйини қандай баҳоланди?