date

Ўзбекистон спортчилари Баҳрайнда янги рекорд ва ғалабалар қайд этди

Ўзбекистон спортчилари Баҳрайнда янги рекорд ва ғалабалар қайд этди

Баҳрайн пойтахти Манама шаҳрида ўтаётган III Осиё ёшлар ўйинларининг кечаги баҳслари ўзбекистонлик спортчилар учун ҳақиқий триумфга айланди. 28 октябрь куни давомида терма жамоамиз вакиллари жами 13 та медални — 5 та олтин ва 8 та бронза совринларини қўлга киритишди.

Куннинг энг ёрқин ғалабалари оғир атлетика, эркин кураш ва велоспорт йўналишларида қайд этилди. Велоспортда Гулҳаё Сатторова гуруҳ пойгасида барча рақибаларини ортда қолдириб, Ўзбекистон делегациясига навбатдаги олтин медални тақдим этди.

Оғир атлетика баҳсларида Маржона Абдумуталова ҳақиқий сенсация яратди. У даст кўтариш бўйича 131 кг, силтаб кўтаришда эса 111 кг натижа кўрсатиб, икки бор олтин медаль соҳиби бўлди ва мусобақа рекордини янгилади.

Эркин кураш баҳслари ҳам ўзбекистонлик йигит ва қизлар учун муваффақиятли якун топди. Мухлиса Машарипова (-40 кг) финалда япониялик рақибасини мағлуб этиб, чемпионилик шоҳсуфасига кўтарилди. Шунингдек, Улуғбек Рашидов (-51 кг) Эрон вакилидан устун келиб, ёшлар ўртасида Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Шу куни ҳамюртларимиз бир қатор бронза медалларини ҳам қўлга киритишди. Эркин курашда Миржалол Мукаммилов (-45 кг), Меҳрибона Кудайназарова (-46 кг), Фахриддин Насриддинов (-60 кг) ва Фарруҳбек Жуманазаров (-71 кг) бронза медалларига эга чиқишди.

Сузиш бўйича 200 метрга брасс усулида баҳслашган Муҳаммадисмоил Раҳмонов ҳам шоҳсуфанинг учинчи поғонасидан жой олди. Оғир атлетикада Сарвиноз Кўпайсинова (-63 кг), боксда эса Улбосин Жалгасбаева (-66 кг) ва Назокат Мардонова (-50 кг) бронза медалларини қўлга киритишди.

Бу натижалар билан ўзбекистонлик ёш спортчилар Баҳрайнда ўтаётган Осиё ўйинларида яна бир бор ўз салоҳиятини намойиш этди. Ҳозирги вақтда терма жамоамиз умумий жадвалда фаол иштирокчилар қаторида бўлиб, жами медаллар сони бўйича етакчи ўнликдан жой олган.

МОҚ маълумотларига кўра, мусобақаларнинг кейинги кунларида ҳам ўзбекистонлик атлетлар бир қатор йўналишларда — бокс, енгил атлетика ва гимнастика бўйича финал баҳсларига тайёргарлик кўрмоқда.

Ёш спортчиларимизнинг бу ютуқлари нафақат уларнинг меҳнатининг меваси, балки мамлакатимиз спорт соҳасидаги янги авлод салоҳиятининг яққол исботидир. Баҳрайн осмони остида юртимиз байроғи яна неча бор кўтарилишини вақт кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбекистон спортчилари Баҳрайнда янги рекорд ва ғалабалар қайд этди