
“Манчестер Сити” жамоасида ёш авлодга таянган янгиланиш жараёни тўлиқ куч билан давом этмоқда. Бу жараён жорий йилнинг 20 январ куни, “Ланс” клубидан Абдуқодир Ҳусановни олиб келиш билан амалий тарзда бошланган эди. Шундан бери Хосеп Гвардиола бошчилигидаги мураббийлар штаби икки трансфер ойнаси ичида деярли барча позициялар бўйича янгиланишни амалга оширди.
Бироқ жамоада ҳали ҳам ҳал қилиниши керак бўлган асосий масала – ўнг қанот ҳимояси бўлиб қолмоқда. Бу позицияда Рико Льюис ва Матеуш Нуньеш синаб кўрилди, аммо уларнинг ҳимояланиш маҳорати Кайл Уокер даражасига етмади. Натижада мавсум бошида “шаҳарликлар” икки марта мағлубиятга учраб, Гвардиола янги ечим излашга мажбур бўлди.
Шу пайтда асли марказий ҳимоячи бўлган Абдуқодир Ҳусановнинг номи кўтарилди. 21 ёшли ўзбекистонлик футболчи жароҳат олгунига қадар бир неча муҳим ўйинларда ўнг қанот ҳимоясини муваффақиятли ёпиб келганди. Унинг позициядаги барқарорлиги ва ҳимоявий хулқ-атвори Льюис ҳамда Нуньешга нисбатан анча юқори экани таъкидланмоқда.
Шу боисдан “Манчестер Сити” раҳбарияти ва мураббийлар штаби яқинда янги ўнг қанот ҳимоячисини олиш масаласини орқага сурди. Бу қарор Ҳусановнинг жароҳатдан кейин қай даражада ўйнашини кузатиб бориш билан боғлиқ бўлади. Агар у аввалги формасига тез қайтса, жамоа янги трансферга эҳтиёж сезмаслиги мумкин.
Шу билан бирга, Гвардиоланинг трансфер рўйхатида “Ньюкасл” ҳимоячиси Тино Ливраменто ҳам борлиги айтилмоқда. Бироқ бу битим амалга ошиши эҳтимоли паст. Сабаби — “Ньюкасл” яқинда спорт директори лавозимига Росс Уилсонни тайинлаган ва у ҳозир жамоанинг етакчи ўйинчилари Свен Ботман ҳамда Ливраменто билан янги шартнома тузиш устувор вазифасига эга.
Агар “қарғалар” бу икки ўйинчи билан битимни янгилай олса, уларнинг бошқа клубга кетиши деярли мумкин бўлмайди. Демак, “Сити” ҳозирча асосий эътиборни ўз сафидаги ёш истеъдод — Абдуқодир Ҳусановнинг қайта тикланишига қаратмоқда.
Ўз навбатида, Англия матбуоти Гвардиоланинг Ҳусановга катта ишонч билдирганини ёзмоқда. Унинг сўзларига кўра, ёш ҳимоячи нафақат техник жиҳатдан, балки тактик тушуниш бўйича ҳам жамоа услубига мос келади. Шу боис “Сити”нинг келажакдаги ҳимоя чизиғи айнан Ҳусанов атрофида қурилиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!