
Германия канцлери Фридрих Мерц 30 октябрь куни Анқарага расмий ташриф буюриб, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашди. Суҳбатда миграция, мудофаа ва Ғазодаги вазият каби стратегик масалалар муҳокама қилинди, деб ёзди Die Welt. Аммо асосий мавзу бўлган Ғазо масаласида икки мамлакат етакчилари ўртасида фикрлар кескин фарқ қилди.
Reuters агентлиги ёзишича, Эрдўған Исроилни Ғазода геноцид уюштиришда ва ядровий ёки бошқа турдаги оғир қуроллар билан таҳдид қилганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, Германия бу ҳаракатларни кўрмасликка олган ёки етарлича баҳо бермаётган. Туркиянинг DHA агентлиги учрашув стенограммасини эълон қилди, унда Эрдўған Исроил ҳаракатларини очиқчасига қоралагани акс этган.
«Биз минтақавий ва глобал масалалар ҳақида фикр алмашдик. Туркия бошиданоқ Ғазодаги геноцид масаласини халқаро кун тартибига қўйди. Биз ўт очишни тўхтатиш ва инсонпарварлик ёрдамини таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солдик. Минтақада узоқ муддатли тинчлик учун икки давлат ечими зарурлигини таъкидладим. Ҳар бир давлат бу жараёнга ўз ҳиссасини қўшиши шарт», – деди Эрдўған.
Мерц эса ўз навбатида Исроилга нисбатан ён босди. Унга кўра, Германия 1948 йилдан бери Исроилни қўллаб-қувватлаб келмоқда ва бу позиция ўзгармайди. «Биз тинчликка интиламиз. Аммо бу жараёнда ҲАМАСсиз қарор қабул қилиш мумкин эмас. Исроил ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан фойдаланди. Албатта, Ғазодаги болаларнинг аҳволи мени чуқур қайғуга солмоқда, умид қиламанки, бу даҳшат тез орада тўхтайди», – деди канцлер.
Эрдўған эса Мерцнинг ушбу баёнотидан сўнг қаттиқ норозилик билдирди. Унинг таъкидлашича, Ғазодаги воқеаларга нисбатан Германиянинг сукути ёки бетарафлиги жуда ачинарли ҳолат. «Мен бу ерда бир нарсани очиқ айтаман: бу урушда 60 мингдан зиёд аёл, бола ва кексалар ҳалок бўлди. ҲАМАСда ядро ёки оғир қурол йўқ, аммо Исроилда бор ва улар ҳар куни Ғазога зарба бермоқда. Наҳотки сиз, Германия, буни кўрмаяпсиз? Наҳотки буни тушунмасангиз?» – деди Туркия раҳбари кескин oҳангдa.
Эрдўған сўзларига кўра, Ғазога озиқ-овқат ва ёрдам етказиш жуда қийин бўлиб қолган. Қизил Ярим Ой ва Қизил Хоч ташкилотлари хавфли шароит туфайли ёрдам етказа олмаётгани таъкидланди. «Биз 100 минг тоннадан ортиқ озиқ-овқат юборишга ҳаракат қилдик, лекин бу етарли эмас. Германия ва Туркия инсонпарварлик нуқтаи назаридан биргаликда ҳаракат қилиши, бу қирғин ва очарчиликни тўхтатиши лозим», – деди у.
Шунингдек, Эрдўған Туркиянинг тинчликни тиклаш борасида фаол иштирок этишга тайёрлигини билдириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Туркия ташқи ишлар, мудофаа ва разведка соҳасидаги мутасаддилар орқали минтақа тинчлиги учун узлуксиз иш олиб бормоқда.
«Биз Россия ва Украина ўртасидаги можарони тўхтатишни хоҳлаганимиз каби, Исроил ва Ғазо ўртасидаги урушни ҳам тугатишни хоҳлаймиз. Туркия ва Германия бу масалада ҳамкорлик қилиши мумкин», – деди Эрдўған суҳбат якунида.
Матбуот анжуманида муҳокама марказида бўлган Ғазо масаласи икки давлат муносабатларида кескин сиёсий тортишувни юзага келтирди. Аммо ҳар икки етакчи диалогни давом эттириш ва стратегик ҳамкорликни сақлаб қолиш муҳимлигини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!