17:23 / 04.02.2025
32

Алишер Никимбаев билан катта интервью (2-қисм)

Алишер Никимбаев билан катта интервью (2-қисм)
Таниқли халқаро футбол мутахассиси, Катар Футбол Ассоциациянинг катта техник эксперти Алишер Никимбаев билан катта интервью ташкил қилдик. Суҳбат жараёнида Никимбаев ЎзПФЛ ва умуман ўзбек футболидаги муаммолар, Катанецнинг мураббийлик фаолияти ҳамда Ҳусановнинг "Сити"га ўтиши ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Мазкур интервьюнинг биринчи қисми

- ЎзПФЛнинг регламенти ва уларнинг амалда ишламаётгани ҳақида каналингизга кетма-кет постлар ёздингиз? Диёр Имомхўжаев эса бунга жавобан "Х" саҳифасида "Алишер акамни яна тушига кирибман. Ҳеч нарсани (аслида бироз қўполроқ сўз ишлатилган) билмайдиган ва фақат уни кузатадиганларни алдаб ўтирибди, дея фикр билдирди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Диёрнинг "Х" саҳифасидаги постига изоҳ беришнинг ўзи нотўғри. Одам шунақа гапиргандан кейин нима дейиш мумкин? Бу унинг тарбияси ва савияси. Бироқ ўша постнинг изоҳларидаги саволларга шунақа жавоб бердики, у барибир регламентларни билмас экан. У айтдики, клублар футболчиларни хоҳлаган сонида, хоҳлаган вақтда рўйхатдан ўтказиши мумкин деяпти. Бироқ ФИФА регламентида футболчиларни рўйхатдан ўтказиш фақат регламентда ёзилган даврда мумкин, деб ёзилган. Менимча, у регламентларни ўқиб чиқиши керак.

- Клубларимизнинг боқимандалиги ҳақида кўп гапирамиз. Устига-устак, қайсидир жамоа чемпион бўлишни истаб қолса, бюджетни аямай, легионерларни таркибга қўшиб олади ёки Суперлиганинг энг яхшиларини ўз таркибига йиғиб олади. Эътибор берсангиз, вақти-вақти у ёки бу клубнинг таркиби тезда кучайиб кетади. Мақсадига етса ёки ета олмаса, яна позициясини ўзгартиради. Буни мен сунъий ҳашамат, деб атаган бўлардим. Сизнинг бу ҳақда фикрингиз қандай?

- Тўғри айтяпсиз. Аксар клубларимизда аниқ қандайдир система йўқ. Тизим борлари эса 1-2 та бўлиши мумкин. Қолганлари катта бюджет сарфлаб, футболчиларни олиб келяпти. Кейин эса ўша ўйинчиларга маош тўлай олмай, текинга кетишига рухсат бериляпти. Шундай ҳолат вужудга келдики, молиявий томондан муаммоси бўлмаган, юқори ўринлар учун курашмаган бўлса-да, барқарор молиялаштирилган "Металлург" ҳам йўқ бўлиб қоляпти. Бундан олдин "Турон" ҳам йўқ бўлиб қолди ва яна бир қанча шу каби ҳолатлар вужудга келди. Мана, "Металлург" лигада иштирок этмаслиги маълум бўлгач, "Олимпик"дан воз кечди. Кейин эса 15 йиллик танаффусдан сўнг "Хоразм" қайтарилди. Бироқ "Хоразм" қанча вақтга етади, деган савол бор? Умид қиламизки, кўп муддат лигада қолади, лекин кўзим етмаяпти. Ўтган мавсум Про лигада 6-ўринни олган жамоа дабдурустдан Суперлигада пайдо бўлиб қолди ва уларга бироз қийин бўлади, чамамда. Муаммо шундаки, клубларимизга футболнинг кераги йўқ. Раҳбарлар қанча пул берса, ўшанга ярашади. Хўжайинлар кўпроқ пул ажратса, мақсад бироз катталашади, миқдор камайган пайтда эса лигада жон сақлаш учун ҳаракат қилади. Шунинг учун, Ўзбекистонда футбол бизнеси ривожланмаса, ҳаммаси одатдагидек давом этаверади ва бундан ҳам кўп муаммоларга дуч келишимиз мумкин.

- Клубларимиз ҳамон боқиманда эканлигини инобатга олсак, асосий урғуни ёш футболчиларимизнинг етишиб чиқишига қаратишимиз, уларга кўпроқ имконият беришимиз, академиялардан мунтазам фойдаланишимиз керак. Бироқ аксар клубларимиз академияларидан кўп ҳам фойдаланмайди. Жумладан, сўнгги пайтлар кўп муҳокама қилинаётган "Нефтчи" ҳам таркибига 16 нафар футболчини қўшиб олган ва уларнинг ичида энг ёши Иброҳимҳалил Йўлдошев (23 ёш). Лига шу жараённи назорат қилиш учун қатъий қоидалар жорий қилиш ўрнига, клубларимизнинг истакларига имкон қадар мослашаётгандек, аксар ҳолларда уларнинг хоҳиши билан иш кўраётгандек туюлади, баъзан. Сизнинг бу ҳақда фикрингиз қизиқ?

- Клублар олаётган пулларини академияларга сарфлашмайди. Уларга бугун ва фақат натижа керак. Ким клубда ишласа, у мураббий, хоҳ бирор лавозимдаги шахс бўлсин, мақсад фақат натижа. Эртанги кун улар учун муҳим эмас. Аниқ айта оламанки, клубларимизда стратегия йўқ. Балки "Насаф" ва "Пахтакор"да бўлиши мумкин. Бироқ қолган клублар "кун ўтди, шунга ҳам шукр" дейишяпти. Ёш футболчиларга имкон бериш ўрнига, ёши катта легионер ёки маҳаллий футболчилар жамоаларда йиғилиб қолмоқда, 4-5 нафар футболчи йиғилиб олиб, бир клубда ўйнаб, кейинги мавсум ҳаммаси бошқа клубга кўчиб ўтяпти. Агар клубларга футбол одамлари, бугундан кўра кўпроқ эртани ўйлайдиганлар келмаса, ҳаммаси шу аҳволда қолади.

- Лимитдан ташқари футболчиларни рўйхатдан ўтказиш жумласи ва бу амалиёт сизни ҳайрон қолдиргани ҳақида ёздингиз ва "Нефтчи" мисолида регламентга мутлақ номутаносиб иш тутилаётганини айтдингиз. Бу вазият учун ЎзПФЛ қандай контр аргумент бериши мумкинлиги сизни қизиқтирмадими?

- Албатта, мени қизиқтиради. Нима асосда бу ишлар қилиняпти, деган саволни ҳам бердим ёзган постимда, аммо саволга жавоб олмаяпмиз. Тўғри, Диёр "Х" саҳифасида тўлиқ эмас, қисқароқ қилиб ёзди. Нима эмишки, хоҳлаган вақтида, хоҳлаганча миқдорда футболчиларни рўйхатдан ўтказиш мумкин экан. Бироқ лимитдан ташқари тушунчаси қанақа эканлиги ҳақида тўлиқ тушунтириш берилмади. Энг қизиғи, саволни мен беряпман, аммо ўзим ўзбек футболи ичида ишламайман. Менга жавоб бермасликка ҳаққи бор ва талаб қилмаяпман ҳам. Лекин футболимизни ичидагилар, клубларда ишлаётганлар шунақа саволларни бермаяпти. Уларга қизиқ эмас экан. Айтганимдек, кун ўтса, шунга ҳам шукр дейишяпти. Ҳаммаси бир-бирига боғлиқ, аслида. Уларда эртага футболимиз нима бўлади? Регламентда нима ёзилган? Бу ўзи тўғрими? Қизиғи йўқ уларга. Шунингдек лицензиялаштириш масаласи ҳам муаммолардан биридир. 19 та ОФК лицензия апрель ва майда бериляпти. Бироқ мавсум мартда бошланмоқда. Қандай қилиб бир йил олдин лицензия олиш мумкин? "Хоразм" ўтган йили майда лицензия олган бўлса, бу йил январда вазиятни яна тасдиқлаш керак бўлиб қолди. Ҳайрон қоламан, наҳотки буларнинг барчаси битта фақат менга қизиқ?

- Диёр Имомхўжаев 2020 йилда Алишер ака ЎзПФЛни танқид қилади, лекин ЎФАни танқид қилмайди, деганди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Мен ЎФАни ҳам танқид қилганман, агар каналимни кузатган бўлсангиз. Бироқ асосий савол бошқача бўлиши керак. Мен унинг гапларини танқидга жавоб бермасдан, аравани қуруқ олиб қочиш деб баҳолаган бўлардим. Танқид ўринлими, йўқми, деган савол бўлиши керак. Агар чиндан ҳам ўринли бўлса, ЎФАни танқид қиламанми, ОФКни танқид қиламанми, фарқи нима? Диёрдан аввал Фарҳод Магомедов даврида ҳам, бошқаларнинг даврида ҳам танқид қилганман. Бунақа гаплар танқидга қарши аргумент келтиролмай, ундан қочиш саналади.

- Ечим ҳар доим ва ҳар қандай вазиятга нисбатан бўлади. Клубларимиз ва ЎзПФЛни кўп танқид қилувчи кам сонли инсонлардан бири сифатида уларнинг ҳар иккисига бирдек мос тушувчи қандай маслаҳат ва таклифлар бера оласиз?

- Ечим, маслаҳат ва таклиф битта. Биринчи навбатда, ўзимизни алдашни тўхтатишимиз керак. Шунингдек, мустақил аудит чақиртириб, регламентлар ФИФАга мос келадими ёки йўқ, шуни текшириш керак. Бундан ташқари, футболимиз қаерга қараб кетяпти? Нима бўлади? Ҳаммасини молиявий томондан таҳлил қилиш лозим. Клублар қанча пул оляпти? Нимага сарфлаяпти? Буларнинг барчасини таҳлил қилиш орқали муаммоларни бартараф этиш мумкин. Майли, клубларнинг сметаси тўлиқ очиқланмасин, ёпиқ мажлис бўлсин, лекин барибир қандайдир йиғилиш, ички мажлис бўлиши, клублар ва ЎзПФЛ ўртасида кўпроқ мулоқот ўтказилиши керак.

Карим Худайқулов суҳбатлашди

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт