
Фото: Marc Atkins/Getty Images
Ҳафта ўртасида Англия чемпионатида рўй берган асосий воқеа, ўйиндаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият ҳақида ушбу мақола орқали маҳлумотга эга бўлишингиз мумкин.
АПЛ. 34-тур
«Манчестер Сити» — «Астон Вилла» 2:1
Голлар: Силва (7), Нунеш (90+4) — Рэшфорд (18, пеналти).
«Манчестер Сити» — Ортега, Нунеш, Диаш, Гвардиола, О'Райли, Гундўған, Ковачич, Силва, де Брюйне (Аканжи, 90+5), Макэйти (Доку, 74), Мармуш.
«Астон Вилла» — Мартинес, Кэш (Дисаси, 61), Конса, Торрес, Дин, Камара, Онана (Асенсио, 76), Рожерс (Мален, 86), Тилеманс, Рэмзи (Макгинн, 61), Рэшфорд (Уоткинс, 76).
Огоҳлантиришлар: Дин (35), Рожерс (50), Гвардиол (70), Нунеш (77), Уоткинс (85), Силва (86).
Англияда «Ливерпул» ва «Арсенал» биринчи ва иккинчи ўринларни ҳеч кимга бериб қўймаслиги кундек равшан. ЕЧЛга йўлланма берувчи кейинги уч ўрин учун эса қаттиқ кураш кетмоқда. Мавсум якунига қадар беш тур қолганида учинчи ўриндаги «Нюкасл» ва еттинчи ўринда келаётган «Астон Вилла» ўртасида атиги икки очколик фарқ бор эди.
Шунинг учун ҳафта охирида «Уэмбли»да Англия кубоги яримфиналида ўйнайдиган «Манчестер Сити» устози Хосеп Гвардиола «Астон Вилла»га қарши ўйин олдидан жамоасини навбатдаги финал кутаётгани ҳақида гапирди. «Шаҳарликлар» ва бирмингҳэмликлар ўзаро ўйинда ғолиб бўлган жамоа учинчи ўринга чиқиб оларди.
Меҳмонлар эса 20-сониядаёқ ҳисобни очиши мумкин эди: Маркус Рэшфорд «Сити» мудофаасидаги хатоликдан фойдаланиб, жарима майдонига ёриб кирди ва узоқ бурчакка зарба йўллади, аммо тўп устунга борди. Гвардиола жамоаси тезда ўзига келди. Мезбонлар дарҳол ташаббусни қўлга олди, 7-дақиқада Рубен Диаш чап қанотга диагонал пас берди, Мармуш жарима майдонига кириб келди ва орқароққа тўп узатди, Эмилиано Мартинес Бернарду Силванинг зарбасига улгурди, аммо тўп барибир тўрга бориб тушди.
«Сити» устунликка эришгач, ҳужум қилишда давом этди, меҳмонларнинг режаси ўзгармади: Унаи Эмери шогирдлари майдонга қарши ҳужумларда омадини кутарди. 16-дақиқада Жейкоб Рэмси жарима майдонига ёриб кирди ва Рубен Диаш билан контактдан кейин йиқилди, ҳакам Крэйг Поусон видеотакрорни бориб кўриб, 11 метрлик нуқтани кўрсатди, Рэшфорд эса қайтариб бўлмас зарба йўллади – 1:1.
«МЮ»дан ижарага олинган форвард «Сити»нинг жорий мавсумда ўз стадионида ўтказиб юборилган голлари сонини 22 тага етказди, бу эса 2003/04 йиллар мавсумидан буён энг ёмон кўрсаткич (24 гол). Гвардиола мураббийлар зонасида шоу уюштиришда давом этди, захира ҳаками билан ҳиссиётли суҳбатидан кейин сариқ карточка олди. У бутун ўйин давомида майдон четида туриб, фаол равишда эътироз билдирди ва оператор эътиборини ўзига қаратди. Натижа муҳимлиги Гвардиолани катта босим остида қолдирганди.
«Сити» тўпга эгалик қилди ва тез-тез ҳужум уюштирди, «Астон Вилла» тезкор қарши ҳужумлар билан жавоб қайтарди. Лекин Эмери футболчи алмаштиришда ҳаяллади ва тезкор Дониэл Маленни фақат ўйин охирида, 86-дақиқада майдонга туширди. Гвардиола эса ўйинда бурилиш ясаш ҳаракатларини 74-дақиқада, дриблинг ва тезкорлиги эвазига кутилмаганда рақиб жарима майдонида пайдо бўлиб, дарвозага хавф туғдирадиган Жереми Докуни майдонга ташлаш орқали бошлаганди.
80-дақиқада «Сити» яна бир бор дарвозани ишғол этди. Лекин узатма берилган вақтда Омар Мармуш офсайдда қолганди ва гол инобатга олинмади. Гвардиола бу вақтга келиб ҳафсаласи пир бўлган ва тушкун ҳолатда эди. Энди камералар асабий Эмерини кўпроқ кузата бошлади. «Астон Вилла» учун «Этиҳад»да дуранг қайд этиш ҳам ажойиб натижа эди.
Аммо меҳмонлар ҳисобни ушлаб қололмади. 90+4-дақиқада Доку чап қанотдан олдинга ташланиб, «Астон Вилла» дарвозабони ҳудудига тўп оширди. Тўп эса барчадан ўтиб кетди ва нариги томондан жарима майдонига кириб келган Матеус Нунес ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан ғалаба голини урди – 2:1. «Сити» вақтинчага бўлса ҳам учинчи ўринга кўтарилиб олди. «Этиҳад»да қаторасига ўн бешинчи бор ютқазган «Вилла» эса рақобатчилардан кўп ўйин ўтказган ҳолда еттинчи ўринда қолди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар