date

Интер Майами Нашвиллни 4:0 ҳисобида мағлуб этди

Интер Майами Нашвиллни 4:0 ҳисобида мағлуб этди
9-ноябр куни плей-оффнинг 1/8 финал босқичида "Интер Майами" жамоаси "Нашвилл"ни 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди. Кейинги босқичда улар сафарда "Цинциннати"га қарши баҳс олиб боради.

Ўйинда Лионель Месси дублга эришди, шунингдек, Алленде ҳам иккинчи бўлимда иккита гол урди. Ўйин бошиданоқ мезбонлар тўлиқ устунликни қўлга олди.

10-дақиқада Месси марказдан ўтиб, кучли зарба билан тўпни ўнг бурчакка жойлаштирди. Бу унинг фаолиятидаги 893-гол бўлди.

Орадан атиги 8 дақиқа ўтиб, аргентиналик футболчи Сильветти узатмасини голга айлантириб, ўз дублини расмийлаштирди ва ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. "Нашвилл" ўйинда деярли хавф туғдира олмади, улар фақатгина камдан-кам ҳолларда стандарт ҳолатлардан фойдаланишга уринди.

Циммерман ва Де Паул сариқ карточка олди, биринчи бўлим эса "Интер Майами"нинг ишончли устунлиги билан якунланди. Иккинчи бўлим бошида меҳмонлар учта алмаштириш амалга оширди: Шаффелбург, Бругман ва Ловитс майдонга туширилди, аммо бу ўйин оқимини ўзгартира олмади.

71-дақиқада Месси чап қанотдан узатма амалга оширди, Алленде эса яқин масофадан дарвозани ишғол қилиб, ҳисобни 3:0 қилди. Орадан 5 дақиқа ўтиб, Месси ва Алленде яна ўзаро ҳамкорликда гол яратди: Месси ҳимоячилар ортига аниқ пас берди, Алленде эса дарвозабон устидан тўпни ошириб 4:0 ҳисобини ўрнатди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида жамоалар ўзаро кескинликка берилиб, қўпол ўйин ва огоҳлантиришлар алмашишди. Махер, Сильветти, Банбери ва Ловитс сариқ карточкалар билан жазоланди.

90-дақиқада "Интер Майами" футболчиси Алленде мухлисларнинг олқишлари остида Авилесга алмаштирилди. Ҳакам ўйинга 8 дақиқа қўшимча вақт берди, аммо бу натижага таъсир қилмади.

"Интер Майами" учрашувни ишончли тарзда якунлаб, чорак финалга чиқди. Энди улар "Цинциннати"га қарши сафар ўйинида майдонга тушади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Интер Майами Нашвиллни 4:0 ҳисобида мағлуб этди