date

Песков: Путин қароргоҳи ҳақида очиқ гапириш тақиқланади

Песков: Путин қароргоҳи ҳақида очиқ гапириш тақиқланади

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Валдайда жойлашган Владимир Путин қароргоҳига эҳтимолий ҳужум ҳақидаги баёнотлар ортидан давлат раҳбарининг аниқ жойлашуви эндиликда жамоатчилик олдида муҳокама қилинмаслигини билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги вазиятда президент қаерда эканига оид маълумотлар очиқ айтилишидан тийилинади.

Песков, шунингдек, Украина дронлари билан боғлиқ ҳужум бўйича далиллар оммага тақдим этилмаслигини маълум қилди. У мазкур ҳолатни тинчлик музокараларига путур етказишга қаратилган “террорчилик ҳаракати” сифатида баҳолаб, Россия томони Украина бўйича музокараларда ўз позициясини янада қатъийлаштиришини айтди.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 29 декабрга ўтар кечаси Украина томонидан Новгород вилоятидаги президент қароргоҳига 91 та дрон билан ҳужум уюштиришга уриниш бўлгани, уларнинг барчаси ҳаво мудофааси томонидан йўқ қилинганини билдирган эди. Бироқ бу баёнот Россия Мудофаа вазирлигининг шу кеча минтақа устида 18 та дрон уриб туширилгани ҳақидаги маълумотлари билан мос келмади.

Маълум бўлишича, Владимир Путин мазкур ҳодисани АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқотда ҳам тилга олган ва Россиянинг Украина бўйича ёндашуви қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини айтган. Кейинчалик Трамп бу воқеани “жуда ёмон ҳолат” деб баҳолади.

Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский айбловларни қатъий рад этиб, ҳужум ҳақидаги маълумотларни “Россиянинг навбатдаги ёлғони” деб атади. Унинг фикрича, Москва бу орқали Киевдаги ҳукумат биноларига эҳтимолий зарбалар учун асос яратиш ва тинчлик музокараларини издан чиқаришга уринаётган бўлиши мумкин.

Шу тариқа, қароргоҳ атрофидаги ҳолат Россия–Украина можаросидаги ахборот қарама-қаршилигини янада кучайтириб, халқаро майдонда янги саволлар уйғотмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Песков: Путин қароргоҳи ҳақида очиқ гапириш тақиқланади