
Ўзбекистон терма жамоаси IBA бокс бўйича жаҳон чемпионатининг финалига учта йўлланма қўлга киритди. Абдумалик Халоков, Асадхужа Муйдинхўжаев ва олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ўз ярим финал жангларида ишончли ғалаба қозониб, финалга йўл олди.
Хужаназар Нуртожиев эса мусобақани бронза медаль билан якунлади. Абдумалик Халоков 60 кг вазн тоифасида Арманистон вакили Артур Базеян устидан ишончли ғалаба қозонди.
Жанг давомида тактик устунлик кўрсатган Халоков ҳакамлар қарори билан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Асадхужа Муйдинхўжаев 67 кг вазн тоифасида Молдовалик спортчи Александр Парасчувни мағлуб этди.
У жангни юқори темпда олиб бориб, тўлиқ назоратни қўлга олди ва 5:0 ҳисобида ғалаба билан финалга чиқди. Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов 51 кг вазн тоифасида арманистонлик Рудольф Гарбоянни мағлубиятга учратди.
Дўсматов жанг давомида тўлиқ устунликни сақлаб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финал йўлланмасини қўлга киритди. 57 кг вазн тоифасида Хужаназар Нуртожиев тожикистонлик спортчи Хусравхон Раҳимовга 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди.
Шунга қарамасдан, у чемпионатни бронза медаль билан якунлади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.